Понедельник, 20.05.2024, 05:32
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои статьи [79]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 568
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Статьи » Мои статьи

КОМИЛЖОН ОТАНИЁЗОВ: «АЙРИЛМА»

КОМИЛЖОН ОТАНИЁЗОВ: «АЙРИЛМА»

Мастона юрганча ўзга юртларда,
Униб-ўсган ўз юртингдан айрилма.
Мағрур каклик каби нафс деган дардда
Чоҳга тушиб, қанотингдан қайрилма.
 
Таваккал эт — халққа сиринг бериб бор,
Сабрли бўл, бесабрлик ҳам бекор,
Ҳар қаерга борсанг, насибангдир ёр,
Бой бўлай деб, иззатингдан айрилма!
 
Номардлар ҳам ярамаслар, ночорлар,
Тузинг ичиб, ишинг бўлса қочарлар,
Сирингни фош этиб, айбинг очарлар,
Қадринг билган улфатингдан айрилма!
 
Гадоларнинг кўнгли шоҳликни тилар,
Нодон кўнгли ёлғон сўзни рост билар,
Беқадрлар душманингга дўст бўлар,
Таълим берган устозингдан айрилма!
 
Биров қашшоқ бўлиб, биров бой бўлар,
Ҳар кишининг бахти-иқболи кулар,
Бошга нима келса, тилингдан келар,
Махтумқули халқ ёдидан айрилма!

Махтумқули сўзи.

Улуғлик, валийлик, кароматгўйлик каби хислатлар Яратган томонидан ҳар кимга ҳам насиб этмаса-да, шундай азизликка эришган, ўзига хослиги билан эл-юрт назарида бўлган, эътибор қозонган кишилар бор. Улуғ шоир, сўз заргари Махтумқулини ҳам ана шундай зотлардан десак янглишмаймиз. Унинг шеърларидаги ҳар бир сўз, ҳар бир оҳанг, ҳар бир жумла кишини мафтун этади. Халқимизнинг унутилмас ҳофизи Комилжон Отаниёзов зўр маҳорат билан ижро этган ушбу қўшиқда ҳам сиз-у бизни мушоҳадага чорлайдиган, кўзни каттароқ очишга, ён-атрофда бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмасликка чақирилди. Шоир яшаган замондан кейин кўп вақт ўтган бўлса-да, унинг ашъорлари замиридаги ғоялар бугун ҳам долзарб, бугун ҳам эскирмаган...

«Айрилма» қўшиғининг мисраларига бир эътибор беринг-а: нақадар теран мазмун-моҳият ва фалсафа. Ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймайдиган, беш бармоғини оғзига тиқадиган, фақат ўзим бўлай дейдиган худбин кимсалар, бугун ёнингда туриб, сени алдаб сирларингни билиб оладиган, йиқилган чоғингда ошкора куладиган номардлар, ҳаёт йўлингда учраб, сени «тарбиялайдиган» минг бир «маслаҳатчи-ю донишмандлар» ҳақидаги бу ашулани жон қулоғи билан тинглаб, вужуди ила англаган кимса ҳаётнинг пасту баландликларида адашмагай, иншооллоҳ!

Халқимизда: «Узоқдаги қуйруқдан ёнингдаги ёвғон яхши» деган нақл бор. Ушбу ашула бизга ана шу мақолни эслатади. Бугун кўплаб юртдошларимиз хорижий юртларда меҳнат қилишаяпти. Уларнинг қай бирлари бойлигу ҳашамат куйида, баъзилари бола-чақа ташвишида, яна кимлар минг изтироб-у аламлар билан чет элда югуриб-елмоқда. Ўзи туғилиб ўсган юртидан ҳеч ким бекордан бекорга узоқлашмайди. Қозонида оддий ёвғон қайнатиш учун ҳам узоқдаги қуйруқни мўлжаллаб кетаётганларнинг ҳаммаси ҳам афсуски, мақсадларига эришолмаяптилар. Чунки ҳар ернинг ҳам ўзига хос тарозиси бор. Ота-онаси, фарзандлари, аҳли оиласидан узоқда ишлаётганларнинг изтиробини ҳар ким тушунмайди. Пул топиб келаман, укаларимни оёққа турғизаман, ўғил-қизимни ўкситмай катта қиламан, дея эзгу ният ила йўлга отланганларни Аллоҳ таолонинг ўзи қўлласин. Нафснинг минг бир йўлида уларни шайтон йўлдан оздириб қўймасин, илоё!

Махтумқулининг юқоридаги мисралари бегона юртларда нафсини деб, хор бўлган кишиларга нисбатан айтилмоқда ва шунинг учун ҳам бировларнинг қийноғига дучор бўлишни истамасанг, аввало ўз юртингни — яқинларингни ўйла ва нафсингни тий ва ҳалол яша, деган фалсафа мужассам ушбу сатрларда. Хўш, ёт элда ўзини тутмаган одам қай аҳволга тушади? Бу саволга бугунги ҳаётимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, шу қадар жавоб кўпки, уларнинг баъзиси кулдиради, куйдиради, дилга ғам-андуҳ солади.

— Мен бир одамни биламан, — дея ҳикоя қилади танишларимиздан бири. — Россияга ишга кетганига ўн йил бўлди. Лекин на пулдан, на бошқа нарсадан дарак бор. Қишлоғимиздан бориб, уни кўрганларнинг айтишича, Бобур (исм ўзгарган) одамийлик қиёфасини аллақачон йўқотиб бўлган экан. Топган пулига бўкканича ичадиган, бу ерда тўрт нафар фарзанди билан касалманд хотинини ўйламайдиган одамнинг боридан йўғи афзал, албатта. Лекин ота-она учун фарзанд доғини кўрсатмасин экан. Бобурнинг отаси ўлди келмади, лоақал телефон орқали ҳам уйдагиларидан кўнгил сўрамади. Қишлоқдан нечта одамдан қарз олиб кетган бўлса, қарз берганларнинг барчаси пулимизни бермаса ҳам биз розимиз, деган. Ахир Бобурнинг онаизори ўғлини деб тирик мурдага айланди. Ҳеч ким билан гаплашмайди, эрта-ю кеч катта кўчага термулиб ўтиради. Унинг мунғайибгина ўтиришидан эзилиб кетади одам. Лекин дарбадар ўғил онаизор изтиробини англармиди?!

Камина ҳам бир одамни биламан. Дурадгорликда унинг олдига тушадигани йўқ. Оқкўнгил, иймонли, виждонли бўлган шу одамнинг исмини келинг шартли тарзда Самандар деб айтайлик. У қўшни республикага бориб, ўзининг покиза ишлаши билан буюртмачиларнинг назарига тушади. Сўнг ёнига қишлоғидан 30-40 чоғли одамларни ҳам чақиради. Ҳамма хурсанд, Самандар эса ўзига ўхшаган камхарж кишиларнинг яхши пул топаётганини кўриб, улардан ҳам ортиқ қувонади. Кейин орадан маълум вақт ўтиб, Самандар қаттиқ касалликка чалинади. Топган пули нархи қиммат, лекин мутлақо нафи тегмайдиган дори-дармонга кетади. Бу ерда укалари-ю фарзандларининг мўлтираб туришидан дили ўксиган уста бутунлай тўшакка михланиб қолади. Ҳайҳотки, кечагина устага хушомад қилиб, унга ялиниб, иш топганлар, яхшигина даромад олганлар унинг ҳолидан хабар олишни ўйламадилар. Ўзининг уйида ейишга нони бўлмаса ҳам, қўшнисининг ташвишини ўйлайдиган, бор-будини яширмай одамларга улашадиган Самандарнинг аҳволини кўриб туриб, кўрмаганга олганларни биз Худога солдик. Аммо Самандарнинг этагидан тутиб, бола-чақа боққанлар кўз кўзга тушганда қай аҳволга тушаркан дерсиз. Тўғри айтасиз, уларда юз бормикан?! Виждон-у иймонини, керак бўлса, хотинини ҳам арзимас пулга сотади-ку унақалар... Ана шундайлардан Худойимнинг ўзи асрасин сиз-у бизни, азизлар. Махтумқули айтганидек, қадрингни билган улфатингдан айрилма. Қариндошинг ўлса ўлсин, лекин сени тушунадиган қадрдонинг ўлмасин...

Биз Комилжон ҳофизнинг ушбу қўшиғи баҳонасида бежиз бу воқеаларни тилга олмадик. Бундай ҳолатлар сизга ҳам бегона бўлмаса керак. Гап шундаки, ҳаётда ҳар хил одам учрайди. Бировнинг дўстлигини, бировнинг душманлигини билиб бўлмайди. Кимнидир алдаб, кимгадир мунофиқлик қилиб юрганлар ҳам, шубҳасиз жазосини олади. Виждон олдида, виждон бўлмаса, иймон олдида, иймон бўлмаса ҚИЁМАТда ҳар ким сўроққа тутилади. Шундай экан, ғанимат умрда омонат жонни хатарга қўймасдан Ўзига топширишнинг ташвишида бўлайлик.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Категория: Мои статьи | Добавил: кимсан (01.11.2011)
Просмотров: 2689 | Теги: санъат усталари | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz