Пятница, 26.04.2024, 06:40
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои статьи [79]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 3
Гостей: 3
Пользователей: 0
Главная » Статьи » Мои статьи

ИНСОН ҚАЛБИ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ СИЗ!

ИНСОН ҚАЛБИ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ СИЗ!



Яратган эгамнинг карами кенг. Эзгу ният қилган бандасининг йўлини равон қилади, хайрли, савобли ишлар учун кенг йўл очиб беради. Аслида, ҳаммамизга баробар тарзда соғлиқ-саломатлик, ақл-ҳуш ато этади. Ота-она бағрида, Она Ватан қучоғида униб-ўсишни раво кўради. Буларнинг ҳаммаси учун Тангри таолога беҳисоб шукрлар айтишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Айни пайтда шундай бир инсонларни сизу бизга замондош, миллатдош айлаб қўядики, энди буни Тангрининг инояти деб билмоқ лозим. Айниқса, бундай иқтидор эгалари сўз билан, соз билан алоқадор бўлса, ғайриихтиёрий тарзда уларга кундан-кун боғланиб қолганингни сезмай ҳам қоласан киши. Масалан, Эркин Воҳидовнинг жўшқин лирикаси, Ўткир Ҳошимов асарларидаги ўзбекча сўзнинг салмоғи, Раҳматжон Турсунов яратган куй ва мусиқалар, Фахриддин Умаров ижросидаги дилтортар қўшиқлар кимни мафтун этмайди дейсиз.

Агар чуқурроқ ўйлаб кўрилса, сўз—муқаддас калом, куй, мусиқа—илоҳий мўъжиза, қўшиқ эса—ўзга бир маънавий омил тимсоли. Демак, ҳар уччаласи алоҳида кўринишдаги маънавий ҳодиса. Мана шундай неъмат соҳиблари бизнинг онгимизга сездирмаган ҳолда таъсир кучини кўрсата оладилар. Олайлик, шоир менинг шеърларимни ёдлаб олгин деб ҳеч кимни мажбурламайди, бастакор менинг мусиқамга қулоқ ос дея амр қила олмайди, ҳофизни тинглаш-тингламаслик ҳам ўзимизнинг ихтиёримизда. Лекин санаб ўтилган ҳодисалар сизу биздан сўраб ўтирмасдан қалбимизни ром этиши, бир умрга "асир” айлаши, ўз измига солиши ҳам мумкин. Мабодо мана шу уч маънавий неъмат бир кишида мужассам бўлса-чи?

Халқимиз тарихида бундай шахслар учраб туради. Қомусий билимлар соҳиби бўлган буюк аждодларимизнинг аксарияти илм-маърифат билан бир қаторда сўз санъати, соз ва мусиқа соҳалари билан ҳам жиддий шуғулланганлар. Ҳозирги кунда ҳам ўша анъаналарни давом эттираётган замондошларимиз борки, улар билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди. Шулардан бири—замондошимиз, ҳофиз, бастакор ва шоир Шерали Жўраевдир.

Юқорида қайд этганимиздек, аслида, Шерали Жўраев ҳофиз сифатида танилган бўлса, кейинчалик бастакорлиги ҳам тан олинди ва ниҳоят шоир сифатида ҳам эътироф этила бошлади. Албатта, мухлислар уни кўпроқ ҳофиз сифатида ардоқлашади. Бу—табиий. Чунки Шерали Жўраев, энг аввало, ҳофиз, эл суйган, меҳр қўйган хонанда.

Кези келганда айтиш жоизки, Шерали Жўраев ижодининг илк даврларида яратилган баъзи қўшиқларининг савияси бир хил эмас. Матни саёз, бадиий етилмаган, мусиқаси ҳам бир-бирига ўхшаш қўшиқлар учрайди. Масалан, "Лаълихон”, "Ўн олтидан ошган қизлар” каби қўшиқлар бунга мисол бўла олади. Хўш, нега буни эслатиб ўтяпмиз? Назаримизда, бу ҳам ёш хонандаларга сабоқ бўларли ҳодиса. Тўй-маъракаларда ҳофиз томонидан баъзан бўшроқ ашулалар ижро этилган бўлиши мумкин. Лекин катта саҳналарда, расмий тадбирларда Шерали Жўраев ўз қўшиқларига ҳамиша талабчан бўлган, доимо масъулият билан ёндашган.

Ҳофиз қўшиқларининг савияси йилдан-йилга ошиб борган. Назаримда, бунинг бир қатор сабаблари бор. Аввало, Шерали Жўраев ўзбек қўшиқчилик санъатида ўзига хос мактаб яратган устозларининг анъаналарини давом эттирди. Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзовларнинг анъанавий ижродаги сирларини ўрганди. Мумтоз ашуланинг мураккаб жиҳатларини ўзлаштирди. Халқимиз орасида машҳур бўлиб кетган ашулаларни айтиш баробарида, улардаги нозик қочиримларга эътибор берди, ўзидан ҳам нимадир қўшишга ҳаракат қилди.

Лирик хонанда сифатида танилиб қолган Шерали Жўраев ўз устида тинмай изланди. Ўзбек халқ қўшиқларидан ташқари қардош халқлар қўшиқларига ҳам мурожаат қилди. Ҳофиз тожик, туркман, уйғур, рус, озарбайжонча қўшиқлар куйлаб элнинг назарига тушди, айни пайтда қардош халқлар санъати, маданияти билан ўз мухлисларини ошно этди, халқлар дўстлигининг ҳақиқий куч-қудратини амалда исботлади.

Шу ўринда айтиш жоизки, Шерали Жўраев қардош халқлар қўшиқларини асл ҳолича айтишга интилди, ўша халқнинг талаффузидан тортиб руҳиятигача бўлган барча унсурларни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Шу билан қардош халқларнинг ҳам меҳрини қозонди, уларнинг ҳам севимли ҳофизига айланди. Лекин нимагадир ҳозирги ёш ижрочиларда мана шу хислатлар етишмайди. Улар кўпроқ ҳиндча, туркча оҳангларга ўзбекча сўз қўйиб айтишга ружу қўймоқдалар, аниқроғи, маънавий ўғирлик содир бўляпти.

Устозлар анъанасини чуқур ўзлаштирган, қардош халқлар санъатининг нозик қирраларидан ҳайратланган ҳофиз ўз қўшиқларини яратиб, ўзлигини намоён қила олди. Асрлардан бери шаклланиб келган анъаналарни бузмаган ҳолда янги бир йўл топиш, янги бир ижро услубини қўллаш, ўз оҳангини олиб кириш осон иш эмас. Бу ҳамма санъаткорга ҳам насиб бўлавермайдиган бахт, омад. Лекин мана шу бахт ўз-ўзидан келавермаслиги ҳам айни ҳақиқат. Бунинг учун тинимсиз изланиш, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ўз билимини ошириб бориш зарур. Акс ҳолда нари борса бир марта эшитиладиган, кейин унутиладиган ашулалар пайдо бўлиши мумкин. Ҳофиз ижод қилган қўшиқларнинг аксарияти умрбоқий. Тўра Сулаймон шеъри билан айтиладиган "Кетма, баҳор” қўшиғини эсга олсак, ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз.



Баҳор келса бошланар боғда булбул хониши,

Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши.

Қирларда Наврўз сайли, лолаларнинг ёниши,

Тўхтагай табиатдан ҳаққушлар зорланиши,

Кетма, баҳор, кетмагин менинг боғимдан.


Ҳофизнинг ижроси оҳанрабодек ўзига тортаверади. Хаёлингиз ўзингизга бўйсунмаган ҳолда Сизни далаю боғларга, тоғу тошларга етаклагандай бўлади. Табиатнинг бутун гўзаллиги кўз олдингизда тўлалигича намоён бўла бошлайди. Ҳофизнинг овозини эмас, балки қаердадир сайраётган булбулнинг саси бутун вужудингизни қамраб олади. Ўзингизни чаманзорда, ёниб турган лолалар бағрида ҳис қиласиз.


Гиёҳ билан қопланмиш кўҳна қабр бошлари,

Майсадаги шудринглар кимларнинг кўз ёшлари?

Бу ерда ётар отам, ёвқур элатдошлари,

Ҳар баҳор эслар уни қавми-қариндошлари,

Кетма, баҳор, кетмагин менинг боғимдан.


Ушбу қўшиқни қайси фаслда тингламанг, қалбингизни баҳор нафаси, ажиб бир сурур эгаллаб олади. Айниқса, басталанган куй шеър матнига шу қадар мос тушганки, мусиқа таралиши билан табиат гўзаллиги намоён бўлади. Ҳофизнинг "Кетма, баҳор, кетмагин менинг боғимдан” деб куйлашига ҳамоҳанг бош чайқайсиз, кўзни юмиб олиб, табиат қўйнидаги манзарадан узоқроқ баҳраманд бўлишга интиласиз, ўтиб бораётган умр ёдингизга тушади. Мана сизга санъатнинг кучи, қўшиқнинг сеҳри.

Ҳофизнинг эл орасида машҳурлиги, юртдошларимизнинг дилидаги гапларни қўшиқ орқали ифодалай олиш санъати—бу ўз-ўзидан юзага келган ҳодиса эмас. Бизнингча, ҳофиз халқ орасида кўп бўлади, оддий меҳнаткаш халқ вакиллари билан мулоқотда бўлишга интилади. Натижада халқчил, дардчил қўшиқлар пайдо бўлади, аниқроғи, ҳофиз халқнинг ўзидан олиб, ўзига қайтаради. Шерали Жўраев ижросидаги "Яна баҳор қайтармикан” қўшиғи фикримизнинг ёрқин далили бўла олади.


Ёр кўкдаги юлдузмидинг, ета олмадим,

Умид узиб сендан йироқ кета олмадим.

Баҳор чоғи бир ёндингу яшин мисол,

Ғафлат босиб, меҳрим изҳор эта олмадим.

Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,

Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг.


Маҳмуд Тожибоев қаламига мансуб мазкур шеър ҳофиз ижросида ўзининг юксак чўққисига эришган, дейиш мумкин. Ҳофизнинг ҳазин оҳанглар-ла басталанган мусиқаси шеърга жон бағишлаган. Ошиқ қалб нидоси мусиқа уйғунлигида ҳижрон дамларини, айрилиқ азобларини, тушкинлик изтиробларини ёдга туширади. Айни чоғда бу қўшиқ ишқ йўли шунчаки ҳою ҳавас эмаслигини, балки ғам-андуҳли, ҳатто фожеали бўлиши мумкинлигини англаб етишга даъват сифатида ҳам янграйди. Шу боис бу қўшиқ шунчаки куйланмайди, унда ошиқнинг ўтли наъраси, созларнинг ғамгин ноласи бирга қўшилиб, ўзгача бир лирик кайфиятни юзага юзага келтиради.


Ўзга ёрга, айт, ёр кўнгил берганмидинг,

Мендан ортиқ ундан вафо кўрганмидинг.

Тонг чоғида сочинг тараб кўз ёшимга, эй,

Дил риштасин сочга қўшиб ўрганмидинг.

Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,

Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг.


Шерали Жўраев куйлаган ҳар бир қўшиқнинг таянч нуқтаси, ўзак масаласи бор. Ҳофиз имкони борича асосий ғояни ўша нуқта орқали ифодалашга ҳаракат қилади. Эҳтимол, бу қўшиқнинг бошланишидадир, балки авж нуқтаси ёки нақоратида бўлиши мумкин.


Маҳмуд сени эслаб ҳар кун ёд этади,

Сени эслаб ҳазин кўнглин шод этади.

Севсанг агар деразадан боққил саҳар,

Қалби унинг қушча бўлиб парвоз этади.

Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,

Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг.


Қўшиқ тугайди, лекин сизнинг юрагингиз қандайдир бир орзиқиш, илинж билан мусаффо туйғуларга тўлади. Қалбингизнинг аллақаерлари тирналиб, яралангандек бўлса-да, ҳаётга ўзгача бир назар пайдо бўлади. Ҳофизнинг ошиқ қалбларга малҳам берувчи "даво”сидан сўнг, ўзингизда қандайдир бир енгиллик, ҳаётга ташналик ҳис этасиз.

Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, Шерали Жўраевнинг жуда кўплаб қўшиқлари минглаб шогирдлари томонидан ижро этилади. Лекин бир туркум қўшиқлари ҳам борки, уларга шогирдларининг ё назари тушмаган ёки айтишга журъати етишмайди, ёхуд... Масалан, юқоридаги "Яна баҳор қайтармикан”, Воқиф шеъри билан айтиладиган "Ёрим бўлсанг”, "Инсон” каби қўшиқларни ёш хонандалар ижросида эшитмаганман. Эҳтимол, бу қўшиқларни айтиш учун нафақат овоз, балки матнларни "шераличасига” идрок этиш, завқни ҳис этиш ва ёниб куйлаш маҳоратини эгаллаш лозимдир.

Баъзида мумтоз намуналари асосида яратилган қўшиқчилик ҳақида баҳс-мунозаралар бўлиб турарди. Бир гал бошқача бўлди. 1986 йил эди, чамаси. Мен ўшанда Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида ишлар эдим. Шаҳрисабздан ўртоғим Бозорбой Алиқулов келиб қолди. Институтнинг таниқли олимларидан бири, адабиётшунос акамиз билан Бозорбой ўртасида бир тортишув бўлиб ўтди. Баҳснинг сабаби ҳам Шерали Жўраев ижоди эди. Менинг дўстим Шерали Жўраев мумтоз қўшиқларни ҳам маромига етказиб айта олишини исботлашга уринар, адабиётшунос акамиз эса бу борада бошқача қараш мавжудлигини таъкидлар эди. Ўшанда менда илк бор "Мумтоз қўшиқ қандай бўлиши керак?”, деган савол пайдо бўлди. Тўғри, бу борада фикрлар хилма-хил, қарашлар турлича. Кўпчилик фақат мумтоз адабиёт намуналари асосида яратилган қўшиқларнигина мумтоз қўшиқ деб ҳисоблайдилар. Бу гапда жон бор, албатта. Бироқ, назаримизда, Навоий, Бобур, Огаҳий ғазаллари билан айтиладиган барча қўшиқларга бир хил баҳо бериш, уларнинг барчасини мумтоз қўшиқлар сирасига киритиш мумкин эмас. Менга қолса, бадиий жиҳатдан мукаммал замонавий шеър ёки ғазал асосида яратилган, ўзига хос ва бетакрор мусиқага эга, етук даражада ижро этилган, халқ томонидан эътироф этилиб, узоқ йиллар давомида эл назаридан тушмай келаётган қўшиқларни ҳам мумтоз қўшиқлар жумласига киритган бўлар эдим. Майли, агар уларга ортиқча баҳо бериб юборган бўлсам, лоақал уларни беназир қўшиқлар дейишини истаган бўлардим.

Агар шу маънода олиб қаралганда, Шерали Жўраев ижодида кўп асарларни мумтоз, беназир қўшиқлар сифатида баҳолаш мумкин. Зотан, "Ўзбегим” ва "Биринчи муҳаббатим”, "Инсон” ва "Ошиқлар сардори”, "Кетма, баҳор” ва "Куйлар” каби ўнлаб қўшиқлар аллақачон мумтоз қўшиқлар сирасига ўтиб улгурган. Айниқса, "Баҳор айёми” қўшиғининг XX асрдаги энг сара мумтоз асарлар сифатида эътироф этилгани қувонарлидир.

Назаримда, бизда қўшиқнинг тарғиботи етишмайди, асл қўшиқнинг моҳияти тўлиқ очиб берилмайди. "Бир ғазал шарҳи”, "Бир қўшиқ тарихи” рукнларида асосан адабиёт тарихимиз билан боғлиқ матнлар ва ашулалар таҳлил этилади. Замондош ҳофизларимизнинг санъатдаги ўрнига унчалик эътибор қаратилмайди. Бу эса "енгил-елпи қўшиқ” ижрочиларига қўл келади. Натижада улар ўзларининг "ижодий маҳсули” билан ўсиб келаётган ёш авлод қалбини осонгина эгаллаб олишга ҳаракат қиладилар. Бунинг нақадар оғир йўқотиш эканлиги, қанчалик маънавий зарар келтириши, афсуски, тўғри англаб етилмаяпти.

Шерали Жўраев ижро этган қўшиқларнинг аксарияти нафақат давр синовидан ўтди, балки беназир, мумтоз қўшиқ мақомига эга бўлди. Ҳофизнинг шундай қўшиқлари борки, уларни тинглаган инсон, аввало, маънавий озиқ олади, ажиб бир завқ туйади, ҳатто бир қадар ёшаради ҳам. Ҳофизнинг 80-йиллар бошида куйлаган "Қалдирғоч” қўшиғи бор. Ғанижон Холматов сўзи билан айтиладиган мазкур тарона ўз вақтида жуда машҳур эди. Ҳофиз басталаган мусиқа шу қадар дилбар, дилтортар эдики, чорак аср ўтса ҳамки ҳамон қалбларга ёшариш туйғусини олиб киради, талабаликнинг олтин даври, муҳаббат изтироблари қайта жонланаверади.


Ёр қошини қанотинг гумон билма, қалдирғоч,

Ёр қошига етмоқни осон билма, қалдирғоч.

Ёр қошлари қўш қилич, тегиб кетма, қалдирғоч,

Ёр қошини камондек эгиб кетма, қалдирғоч.


Ҳар баҳор ёр кулбасин пештоқидан разм сол,

Қанотинг-ла қалбига муҳаббатим расмин сол,

Кўз ёшимдан қурмасанг ошёнинг, қалдирғоч,

Ёр қошлари бўлмағай ошнойинг, қалдирғоч.


Эл бахтига ҳур замон эр бошидан келади,

Эр бошига минг бало қиз қошидан келади.

Қиз қошига қанотинг қалқон қилгин, қалдирғоч,

Тошдан бўлса қиз қалби талқон қилгин, қалдирғоч.


Худди шундай ҳолатни "Сумалак”, "Келинчак”, "Сен—муҳаббатсан” каби қўшиқларни тинглаганда ҳам бошдан кечирасиз. Ўша беғубор дамлар, севги оташида ёнган паллалар, муҳаббат қанотидаги орзулар Сизни узоқ вақт тарк этмайди. Охир-оқибатда ўзингизда руҳий бардамлик сезиб, янги куч-қувват тўплай бошлайсиз. Бундай қўшиқларни такрор-такрор тинглашга маънавий эҳтиёж сезасиз. Лекин кейинги пайтларда бундай қўшиқларни эшитиш ҳам мушкуллашиб боряпти. Чунки ашаддий мухлислар қўлидагина Шерали Жўраевнинг кўпгина қўшиқларини топиш мумкин. Лекин улар радиомизнинг Олтин фондига ёзиб олинганми-йўқми, бу—номаълум. Овоз ёзиш студияларида эса ҳофиз ижро этган ноёб дурдоналарни топиш қийин. Қани эди, ҳофиз ижросида ўша қўшиқлар радиомизнинг Олтин фондига ёзиб олиниб, ўз мухлисларига тортиқ қилинса!

Ҳофизнинг қўшиқларини тинглаган сари хаёл узоқ-узоқларга олиб қочади. Хаёлни жиловлаш эса жуда қийин. Аслида, қўшиқ садоси жаранглаб турса, киши қалби эзгу ҳислар билан тўлиб борса, бунинг нимаси ёмон? Талабаларга дарс бериш жараёнида баъзан ўйга толаман. Назаримда, таълим-тарбия, миллат туйғуси, ватанпарварлик хислатларини шакллантиришда мусиқанинг, қўшиқнинг ўрни беқиёс. Хўш, биз ёшларда мана шу хислатларни шакллантиришда мусиқадан, қўшиқчилик санъатидан қай даражада фойдаланяпмиз? Шерали Жўраев каби етук санъаткорлар меросини қачон ўрганамиз? Ваҳоланки,


Ўтмишини, тарихини ўйламасмиш,

Элнинг орзу-армонидан сўйламасмиш,

Миллатининг мақомидан куйламасмиш,

Эл санъатин суймаганлар куйлаганда,

Четдан олиб қўшиб-чатиб сайраганда.


Машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов ёзганидек, ҳаёт, ўлим, муҳаббат, шафқат ва илҳом—ҳаммасини мусиқа айтади, зотан биз мусиқада энг олий ҳурликка эришамиз. Шу боисдан бўлса керак, Шерали Жўраевни тинглаганда кишида ажабтовур ҳислар уйғона бошлайди, ўзликни англаш кучая боради. Шу ўринда яна бироз орқага қайтишга тўғри келади. Собиқ иттифоқ даврида фақатгина "Пахтакор” жамоаси олий лигада ўйнар, таркибидаги ўйинчилардан қатъи назар Ўзбекистонни гавдалантирар эди. "Пахтакор”нинг ҳар бир ғалабаси ўзбекларга олам-олам қувонч бағишларди, республикада меҳнат унумдорлиги кескин кўтариларди, десам муболаға бўлмас. Худди шундай ҳолат Шерали Жўраев билан ҳам такрорланар эди. Ҳофизнинг ойнаи жаҳонда биттагина қўшиқ ижро этиши минг-минглаб кишиларнинг кайфиятини кўтариб юборар, натижада меҳнат унумдорлиги, таълим самарадорлиги ошиб кетарди. Хўш, бугунги кунда ҳофизнинг мухлислари камайиб кетдими? Йўқ, албатта. Шерали Жўраевнинг мухлислари катта саҳналарда, лоақал ойнаи жаҳон орқали бўлса-да, у билан дийдорлашишга илҳақ туришибди.


Қани, най бер менга, дўстгинам,

Бергил, майли, рубоб бўлса ҳам.

Бер, бир нафас бўшатиб олай

Тўлиб кетган юрагимни ман.


Бизнингча, ана шу сатрлар ҳофиз учун ёзилгандек. Чунки ҳофиз, ҳар қандай ҳолатда бўлмасин, қўшиқ яратаяпти, куй басталамоқда, қалбидаги энг эзгу ниятларини куй-қўшиқ орқали халққа етказиб келмоқда. Баъзан ўйланиб қоламан. Шунча шижоатни ҳофиз қаердан олар экан? Назаримда, Шерали Жўраевда Оллоҳ юқтирган истеъдоддан ташқари чидам ва матонат, собитқадамлик, тинимсиз изланишга иштиёқ мужассам. Бир асарнинг юзага келиши учун қанчалар заҳмат чекилиши барчага ҳам аён эмас. Узоқ йиллик ижодий фаолияти давомида қанча қўшиқ яратилганини ҳисобга оладиган бўлсак, ўша заҳматнинг чеки-чегараси ҳам кўринмайди.

Бир шеър турли шаклда қўшиққа айланиши ёки турли ҳофизлар томонидан куйланиши мумкин. Аслида, бу табиий ҳодиса деб қаралади, ҳофиз истаган қўшиқни айтиши мумкин. Бу борада улар учун маълум бир таъқиқ йўқ. Фақат бир нарса—ҳақиқат: қўшиқнинг ҳақиқий баҳосини халқ беради. Мухлис қайси оҳангни қабул қилади, бу борада уни ҳам мажбурлаб бўлмайди. Масалан, "Ёр-ёр”, "Куйлар”, "Сўроқлар” каби қўшиқлар бошқа ҳофизлар томонидан ҳам ижро этилган. Лекин вақт—олий ҳакам деганларидек, мазкур қўшиқлар ҳозирги кунда фақатгина Шерали Жўраев ижросида янграб, мухлисларга олам-олам қувонч бағишлаб келмоқда. Бу ҳам ҳофизнинг шеър матнини, халқ дидини яхши билишидан, истеъдодли бастакор, ҳақиқий халқ севган санъаткор эканлигидан далолатдир.

Муқаддас ҳадисларда қайд қилинганидек, сўзда сеҳр, шеърда эса ҳикмат бор. Мана шу ҳақиқатни чуқур ҳис этган ҳофиз адабиётга азалдан ошно бўлган. Китоб мутолааси севимли машғулоти бўлганини "Бола дунёни тебратар” китобида ҳофизнинг ўзи ҳам қайд этган. Китобга меҳр, адабиётга ошуфталик охир-оқибат ҳофизнинг ўзини ҳам шеър ёзишга ундади. Куй ва қўшиқ орқали етказилмаган баъзи фикрлар алоҳида шеърларда намоён бўла бошлайди. Тўғрисини айтганда, 2000 йилда Шерали Жўраевнинг "Санъатим” деб номланган китобчаси босилгунга қадар баъзилар ҳофизнинг шеър ёзишига шубҳа билан қарар эдилар.

"Санъатим”дан маълум бўладики, ҳофиз 1967 йилдан буён шеърлар машқ қилиб келади. Айниқса, истиқлол йилларига келиб ҳофиз ҳақиқий шоирга айлана бошлади. Шерали Жўраевнинг ёзган шеърлари мазмун-моҳияти билан ўзига яраша салмоққа эга.


Келгил, эй жону дилим, сен менинг ёнимда тур,

Ёнда не? Балки маним айланар қонимда тур,

Беқарор қон бу надур? Сен ширин жонимда тур,

Бевафо жон дейдилар, покиза иймонимда тур,

Ҳар ёмону яхши кунда барча имконимда тур,

Ўнгда тур ё сўлда тур, дўст бўлсанг ёнимда тур.


Мумтоз адабиётдан яхши хабардорлик, Шарқ фалсафасининг ўзига хос жиҳатларини ўзлаштириб бориш, кундалик турмуш, ижтимоий ҳаёт муаммоларини ўз вақтида илғаб ола билиш Шерали Жўраев шеъриятида яққол кўзга ташланади.

Бу жаҳон—мезбон, тириклар барчаси меҳмондадир,

Билки, деҳқон заҳматининг маҳсули хирмондадир,

Тинчлигу тўқлик навоси най билан чирмандадир,

Ҳар қарич ер, томчи сувнинг ташвиши деҳқондадир,

Қўзғалиб турган бу олам ташвиши султондадир.

Шерали Жўраев қаламига мансуб шеърларнинг аксарияти она юртимиз, Ватанимиз тарихига бағишланган. Мухлисларга яхши таниш бўлган”Соҳибқирон”, "Она Туркистон”, "Ўзбекистон”,”Бир улуғ эл бор жаҳонда”, "Бободеҳқон”, "Оролим” қўшиқларининг матни ҳам ҳофизнинг ўзига тегишли. Ҳофизнинг ишқий мавзудаги лирикаси ҳам ўзига хос мафтункорлиги билан китобхонни ром қилади. Бунга "Гулбадан”, "Ёр тополмайсан”, "Бир ажиб”, "Оппоқ ойим”,”Ҳуснинг олдида”, "Ошиқ бўлинг” каби шеърларни, "Ишқ” достонини ўқиб, ўзингиз ҳам иқрор бўласиз. Биз "Санъатим” китобидаги барча шеърларни таҳлил этолмаймиз. Яхшиси, ўзингиз ўқиб, фикрлаб кўриб маънавий лаззатни тотиб кўрасиз, деган умиддамиз.

Хуллас, излаган имкон топар деганларидек, излаган одам Шерали Жўраев ижодий фаолиятидан уч буюк неъматни: бетакрор қўшиқларни, дилтортар наволарни ҳамда ажойиб шеърларни топа олади. Мана шундай сўз ва соз сеҳрига, ноёб овозга эга бўлган ҳофизимизга ижодий зафарлар ёр бўлаверсин! Ҳофизнинг халққа етказмоқчи бўлган қалб нидолари, юрак кечинмалари боқий бўлсин! Ўйлаймизки, бетакрор санъаткор, буюк қалб эгаси Шерали Жўраевнинг энг юксак асарлари ҳали олдинда. Негаки, шоир ёзганидек:

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,

Унда миллат яшар, унда тил яшар.

Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,

Унда истиқомат қилади башар.


Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,

Унда Она яшар, яшайди Ватан.

Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,

Ҳайҳот! Қўзғалмасин бу қалб дафъатан...
Қалб амри

( ёки Хулоса ўрнида)



Шерали Жўраев ҳақида, унинг ижодий фаолияти тўғрисида жуда кўп гапириш мумкин. Ҳофизнинг қўшиқларини, басталаган мусиқалари, яратган шеърлари ва «Ишқ» достони хусусида истаганча илиқ фикрлар айтиш мумкин. Лекин шоир ёзганидек:


Бисёр бўлса агар бол ҳам беқадр,

Такрор айтилганда рангсиздир калом.


Биз қўлга қалам олар эканмиз, аввало, битта мақсадни—оддий ўзбек ўғлони, халқимизнинг ардоқли ҳофизи, бастакори ва шоири Шерали Жўраев ижодий фаолиятининг муҳим қирраларини имкон қадар очиб беришни кўзлаган эдик. Мақсадимизга қай даражада эришдик, буёғи сиз азиз китобхонларга—ҳофизнинг мухлисларига ҳавола. Такрор бўлса-да айтиш жоизки, ушбу рисола санъатшунос олимнинг тадқиқоти эмас, балки Шерали Жўраев ижодига узоқ йиллардан бери қизиқиб, бошқалар билан баъзида талашиб-тортишиб келаётган оддий бир мухлиснинг қарашлари, холос.

Айни пайтда таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур рисола бирор кишининг тавсияси ёки буюртмаси билан ҳам ёзилмади. Буни фақатгина қалб амрининг маҳсули сифатида эътироф этиш мақсадга мувофиқ. Баъзилар мазкур китоб муаллифини Шерали Жўраевнинг қариндошларидан бири деб ўйлаши мумкин. Ҳеч бўлмаганда унинг яқин танишларидан бири деб ҳисоблашлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Лекин аслида ундай эмас.

Тўғри, мен Шерали Жўраевни танийман. Ойнаи жаҳонда, концерт залларида, тўй-ҳашамларда "учрашганмиз”, яъни кўзларимиз тўқнашган. Ҳатто бир марта чойхонада тасодифан учрашиб, озгина суҳбатлашганмиз ҳам. Лекин ҳофиз менинг исмимни ҳам, касбимни ҳам эслай олмайди. Мен шунисига ҳам шукр қиламан. Акс ҳолда мен ҳам Шерали Жўраевнинг ижоди четда қолиб, унинг шахсияти билан қизиқиб кетармидим, эҳтимол, ушбу рисола ҳам дунёга келмаган бўлармиди...

Инчунин, ўғлим Давронбекнинг: "Дада, Шерали бобо бизникига меҳмонга келадими?” деган саволи ҳам мени ўйлантириб қўйди. Ўғлимга нима деб жавоб қайтаришда қийналдим. Негаки, мен Шерали Жўраевнинг ўта камтарлигини, оддий халқ вакилларига муносабати тўғрисида кўп нарса эшитган бўлсам-да, шу пайтга қадар ҳофизни бир пиёла чойга таклиф этмаганимдан хижолат чекдим. Зора мазкур рисола баҳонасида бир гурунглашиш насиб этса!

Кейинги йилларда Шерали Жўраевнинг катта саҳналардан туриб ўз ихлосмандлари билан юзма-юз мулоқотда бўла олмагани ҳам биз мухлисларни ташвишга солиб қўйди. Назаримда, севимли ҳофизимиз яқин кунларда янгроқ торини чертиб, ўзининг беҳисоб мухлислари билан юзлашади. Унинг дастлабки айтган таронаси шундай бўлса ажабмас:


Ҳали олдиндадир гўзал кунларим,

Ҳали лаб тегмаган кулгулар олдда.

Вазнга тушмаган қўшиқлар олдда,

Ҳеч нима эмасдир бу кўрганларим.


Халқнинг чексиз ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлган, унинг меҳрини қозонган ҳофиз ўз мухлисларига интилмоқда, "Бор бўлинг сиз, азиз одамлар” дея бизга талпинмоқда. Аминманки, ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ деганларидек, ҳофизнинг санъатидан кенг баҳраманд бўладиган кунлар яқин.

Эҳтимол, кунлар келиб, Шерали Жўраев ижоди тўғрисида махсус илмий тадқиқотлар яратилиб, диссертациялар ҳимоя қилинар. Чунки ҳофизнинг ижодий фаолияти бундай тадқиқотларга тўла-тўкис манба бўла олади.

Маълумки, мамлакатимизда маънавий баркамол авлодни тарбиялашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу борада мусиқий тарбия ва қўшиқчилик санъати устувор йўналиш тарзида белгиланган. Шу боисдан ҳам Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Ботир Зокиров каби буюк санъаткорлар ижодига бағишланиб кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Натижада нодир истеъдодлар кашф этилиб, ўзбек қўшиқчилик санъати равнақ топиб боряпти. Эҳтимол, кунлар келиб Шерали Жўраев ижодига бағишланган кўрик-танловлар ўтказилар, балки совринларни ҳофизнинг ўзи топширар.

Яхши ният—ярим давлат, дейди доно халқимиз. Демак, биз яхши ниятда истеъдод эгаларини ҳар томонлама қувватлашимиз, рағбатлантиришимиз зарур. Масалан, Шерали Жўраев номида жамғарма тузиб, мавжуд ижодий уюшмалар ва ёш санъаткорларни моддий рағбатлантириш йўллари излаб топилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Шунингдек, Шерали Жўраев ижро этган қўшиқлар матнини тўплаб, нашр эттириш зарурга ўхшайди. Айни пайтда мусиқа мактаблари, коллежларда, олий ўқув юртларида ҳам Шерали Жўраев ижоди тўғрисида маълумотлар бериб боришнинг вақти келган.

Буларнинг ҳаммаси яхши. Лекин ҳозир-чи? Нега ўз эҳтиромимизни, меҳру муҳаббатимизни ҳофиздан дариғ тутамиз? Нега ҳофиз халқ томон интилиб турганда ўзимизни олиб қочамиз? Тўй-маъракада кўриб қолсак тилло топган одамдек қувонамиз, радиодан берилаётган қўшиқларини тинглаб роҳатланамиз. Лекин нега Шерали Жўраев ойнаи жаҳонда кўринмайди, "Истиқлол” саройида ҳофизнинг концертлари қўйилмаяпти, дея бирор жойга мурожаат қилмаймиз? Шуларни ўйлар эканман, беихтиёр қуйидаги мисралар ёдга тушаверади.


Машраб осилганда қаёқда эдинг?

Лорка отилганда қаёқда эдинг?


Суриштирганмидинг Қодирийни ё,

Қалқон бўлганмидинг келганда бало?


Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,

Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.


Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?

Нечун томошага бунчалар ўчсан?


Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,

Қачон халқ бўласан эй, сен—оломон?!


Нақадар аччиқ гаплар. Лекин ҳақиқат акс этган мисралар. Ҳофизнинг ўзи куйлаганидек, "Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон”. Негаки, биз ҳанузга қадар томошабин бўлиб турибмиз. Наҳотки, "томоша”га шу қадар ўч халқ бўлсак!

Кези келганда айтиш жоизки, мазкур рисола ёзилиш жараёнида турли хил фикрларни эшитишга тўғри келди. Баъзи таниш-билишларим мени "ҳушёрлик”ка чақиришди. Кўпгина дўстларим эса мени руҳан қўллаб-қувватлаб, маънавий ёрдам кўрсатдилар. Бир шифокор укам Шерали Жўраевнинг 70-йиллардаги қўшиқлари ёзилган кассеталар билан таъминлаб турди, бирга меҳнат қилаётган ўқитувчилар қўлёзма билан танишиб, таҳрир ишларида кўмаклашдилар. Яна баъзи касбдошлардан: "Нима қиласиз вақтингизни кетказиб, унинг ўрнига докторлик диссертациянгизни тугатмайсизми?” деган дашномларни эшитишга тўғри келди. Лекин барибир юрак: "Йўқ, ёзишинг керак, ўз қалбингга қулоқ сол”, дея амр қилиб турди. Энг муҳими, илоҳий бир туйғу, ажиб бир кайфият, ғайрат-шижоат мени шу рисолани ёзиб тугатишга ундади. Хуллас, қўлингиздаги мўъжаз бир рисола дунёга келди. Нуқта қўйиш тараддудида турганимда қуйидаги мисралар ёдга тушди:


Қанча диёрларда сайр этиб юрдим,

Қанча манзилларда туздим ошён.

Ва буюк ҳикматга ахир юз бурдим,

Сийланган жойида азиздир инсон.


Шу нарса аниқки, азиз инсонлар ҳамма жойда ардоқланиши мумкин. Лекин ўз юртида ардоқланиши, қадр топиши, сийланишига нима етсин! Шерали Жўраевнинг ижоди маънавий қадрият сифатида халқимиз томонидан ҳамиша ардоқлаб келинган. Иншооллоҳ, ҳофизнинг қўлидаги тор, бошидаги дўппи, қалбидаги саховат, дилидаги эзгу ниятлар ўзбекнинг тимсоли сифатида асрлар оша хизмат қилаверсин! Шоирнинг қаламидан тўкилган, қалб қўри билан битилган тилаклар Ҳофизнинг ўзига ҳам насиб этсин!



Бахту толеини қидирган одам,

Олис йўлга чиққан юртдошим, оғам.

Бардам бўл, ҳорима, дадил қўй қадам,

Илоҳим йўлларинг бехатар бўлсин,

Тангрим муродингни муяссар қилсин!



Равшан Жомонов

Категория: Мои статьи | Добавил: кимсан (09.02.2014)
Просмотров: 1516 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz