Пятница, 26.04.2024, 12:09
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои статьи [79]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Статьи » Мои статьи

Дунё ўзи шунақа...

Дунё ўзи шунақа...

   Ҳеч эътибор берганмисиз, қўлидан бошқаларга бирор яхшилик келадиган одамлар доимо зорланиб юришади. Эмишки, бир шогирдини ўз ўғлидан ҳам аъло кўриб, бор ҳунарини ўргатиб, одамлар қаторига қўшганида у устозининг юзига оёқ қўйиб кетибди. Устоз розилигини олмай мустақил иш бошлаб юборгани ҳам майли-ю, энди ҳамма ерда унинг шаънига бўлмағур туҳмат-бўҳтонларни тарқатиб юрган эмиш.

   Ёки бошқа бир одамнинг ҳасратига қулоқ солинг: «Жияним акамдан эрта етим қолди. Ўзим боқиб катта қилдим, ўқитдим, ҳунар ўргатдим, уйлаб-жойладим. Хотинчасининг сўзига кириб алоҳида яшайман, деганида рози бўлиб, бошқа ҳовлига чиқардим. Энди ҳамма ерда  «дадамдан қолган пулни бермай, ўзлаштириб юборди» деб гап тарқатиб юрганмиш. «Етим қўзи асрасанг оғзи-бурнинг мой этар...». Инсон зоти ўзи яхшиликни билмайдиган ношукр бўлар экан».

   «Савобнинг кети мушкулот» деган гап  бекорга чиқмаган. Ҳақиқатдан  ҳам  бировга яхшилик қиласиз, аммо ундан жавоб қайтмайди, келса хам яхшилигингиз эвазига ёмонлик кўрасиз. Бировга рахм қилиб қарз берасиз, ололмай қийналасиз, ҳатто унинг  душманига айланасиз. Бировга ёрдам қилиш учун битмаётган ишига елка куйиб юборасиз, эвазига қуртдаккина килиб айтишга ғанимларингиз ҳам ҳад қилолмайдиган «миннатдорчилик» ила сийланасиз. Биров билан дўстлашмоқчи бўласиз, аммо у «бир балоси бўлмаса менга нега суйкалади», деб сизни душманига айлантиради. Қийналиб қолган укангизга пул таклиф килсангиз, орқаваротдан «бойваччалигини бошқаларга қилсин», деган нордонгина гап эшитасиз. Бунга асло ажабланманг! Оллоҳ инсонларни шундай хулк-атвор билан яратган. Шунинг учун ҳаётда кимга бўлишидан қатъи назар, одамларга яхшилик килсангиз, мукофотини инсонлардан эмас, Яратганнинг ўзидан кутинг. Одамлар кўпинча  яхшилигингизга  яхшилик билан жавоб қайтаришмайди, миннатдор бўлишмайди. Кўп ҳолларда ғашлари келади, иззат-нафслари койийди, ҳасадлари кучаяди.

   Одамлар ҳасаддан, кўролмасликдан, жоҳиллик туфайли, баъзида эса шунчаки бекорчиликдан бошқаларнинг ички оламига бостириб киришга, чўнтагидаги пулини санашга, сирларини билиб олишга ва ҳамма ёққа ёйишга, оила аъзолари ва яқинлари ўртасида гап  ташиб, уларни уруштиришга ишқибоз бўлишади. Баъзан давраларда, суҳбатларда, мажлис ва маъракаларда одамларнинг ўзаро гап-сўзларига, суҳбатларига бир қулоқ солинг-а: «Фалончи манави ишни қилиб, кунига бунчадан пул топаётган эмиш, қизиқ, шунча пулни нима қиларкин?», «Пистончи бир ҳафтадан буён хотини билан гаплашмаётган эмиш, ахир қирқ йил аҳил яшаган эр-хотин нимада келишолмай қолдийкин?», «Анави амалдор жиянига иккита вазифани бериб қуйибди», «Писмадончи ака хотини ўлгач, ўзидан йигирма ёш кичик аёлга уйланганмиш», «Фалончи пистончи билан куда бўлмоқчи дейишади, икковини нима бирлаштирдийкин?» ва ҳоказо ва ҳоказо.

Гап-суз қайнайверади, миш-мишлар урчийверади, ғийбатлар кўпаяверади, одамлар орасида совуқлик, шубҳа, гина-кудратлар илдиз отаверади. Ҳеч ким: «Ҳой яхши инсон, бировнинг ҳаёти, топаётган пули, бошқалар билан муносабатининг сенга нима қизиғию, иссиқ-совуғи бор, бошқаларнинг мусибати ва ташвиши нега сенга керак бўлиб колди, бунинг ўрнига ўз ҳаётинг, турмушинг, битмаётган ишларинг, бажара олмаётган режаларинг ҳақида бош қотирсанг бўлмайдими, бекорга валақлаб юргандан кўра ҳеч бўлмаса китоб ўқи, билимингни ошир, бировга бирорта яхшилик қилиб қўй»  деб айтолмайди. Аксинча унинг ғийбат-иғволарига қўшилади, миш-мишларга учади, ўзи ҳам хотиржамлигини йўқотади. Инсон табиатида ўзи билмаган ва қилолмаган нарсага душманлик кайфияти устун булади. Ўзганинг ютуғини ёки имкониятларини тан олмаслик, бошқаларни инкор қилиш, ноиттифоклик, неъматнинг қадрига етмаслик кўпчилик инсонларга хос бўлган хислатлардандир. Агар гўзал ишларингизни инкор қилиб, яхпшликларингизни тан олмай унутиб юборишса, улар дан ўпкаламанг ҳам, улар билан тўқнашганда  жанжаллашиб ҳам юрманг! Одамлар кўпинча марҳаматингиз эвазига гина замбаракларидан ўқ отиб. хасад шамширларини яланғочлаб сизга душманчилик килишади. Чунки уларга яхшилик килгансиз-да. Одамларнинг табиати шунақа. Сиз-ку, бир бегона кишисиз, бундайлар "ўзларини ўзлари  ёруғ дунёга келтирган, авайлаб ўстирган ота-оналаридан рози бўлишмайлию, бир-икки яхшилик қилган сиздан миннатдор бўлишсинми?!

  Тарих саҳифаларини бир варақлаб куринг,ўтмиш  донишмандларининг насиҳатларига қулоқ  солинг: уларда ўғлини тарбиялаб, овқатлантирнб. кийинтириб, озукалантириб, илм-одоб бериб, боласи ухлаб олиши учун ўзи бедор булнб. Боласининг  қорни тўйиши учун ўзи оч қолиб, боласи роҳатланиши учун ўзи ҳориб-чарчаб юрган отани кўрасиз. ўғлининг мўйлаби сабза уриб, билаги куч-қувватга тўлгач отасига нисбатан  қутурган ит каби бўлиб қолади. Отасини паст санаб, ўч олиб, оқ бўлиб, азоб ва балоларга гирифтор ҳолда вояга етади. Ўз фарзандингиз шундай қилиб турганидан кейин бошқалардан ўпкаланиб, хафа бўлиб юришнинг ҳожати бормикин?

Лекин бу ҳолат сизни асло чиройли ишларни тарк этишга, бошқаларга яхшилик ва ёрдам килмасликка даъват бўлиб туюлмасин. Яхшиликларингиз барбод бўлиб, иродангиз чилпарчин синганида эвазига хазинаси тугамайдиган  Зот томонидан савоб, яъни мукофот берилишини ўйланг-да, килган ишингиздан фахрланиб, хурсанд бўлаверинг. Шунинг учун кимга яхшилик ва ёрдам қилмоқчи бўлсангиз, буни Оллохнинг розилиги учун бажаринг. Буни қилишга имкон ва ихлос бериб қўйгани учун Унга мактовлар айтинг. Шунда ношукрларнинг норозилиги ва маломати, инкор қилувчиларнинг худбинлиги ва разолати сизга зарар бера олмайди, кўнглингиздаги сокинлик  ва фароғатни йўққа чикара олмайди.

Агар бир аҳмоққа ручка совға қилсангиз-да, у сизни масхаралаб мақола ёзган, устингизга бўҳтон мағзавасини ағдарган бўлса, ёки бир чўлоқ  кишига кийналмай юрсин деб ҳасса ҳадя қилсангиз-да у ўша хасса билан бошингизни ёриб қўйса ажабланиб, саросимага тушиб юрманг. Чунки инсонларнинг асли шудир. Шундай бўлгач, улардан ўпкалаб, ўзингизни қийноққа солиб юришнинг фойдаси бўлармикин?     

  Агар сизда ғам-алам пайдо бўлиб қолса,  ўзингиздан бошқаларга яхшилик қилинг ва гўзалликни ҳадя этинг, шунда қийинчилик ва машаққатни унутасиз ва ажойиб роҳатни ҳис этасиз. Демак, махрумларга нарса улашинг, мазлумларга ёрдам беринг, кийинчиликка тушиб қолганни қуткаринг. очни тўйдиринг, касални бориб кўринг, жабрланганларга ёрдам қўлини чўзинг, шунда ҳамма томонингиздан бахт-саодат ва хотиржамлик ўраб олади. Яхшиликларни бажариб юриш  хушбўй бир нарсага ўхшайдики, унинг кўтариб юрувчиси, сотувчиси, сотиб олувчиси, қуйингки барча ундан наф олади.

   Мовароуннаҳрнинг атоқли олими Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир яҳудий кўшнилари бор эди. Абдуллоҳ  ўз болаларини овқатлантиришдан олдин камбағал қўшниларининг болаларига овқат берар,ўз болаларини кийинтирмасдан олдин ўша яҳудийнинг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: «Ҳовлингни бизга сотгин», дейишди. Шунда яҳудий: «Ҳовлимни икки минг динорга сотаман. Аслида унинг нархи минг динор. Кейинги минги эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учун», деди. Кейинчалик ўша яҳудий Абдуллоҳнинг дуолари шарофатидан мусулмон бўлди.

    Ибн Муборак карвонда ҳажга отланди. Йўлда кетаётиб, ахлатдан ўлик қарғани олиб, уйига жўнаб қолган бир хотинни кўриб қолди. У хотиннинг изидан бир болани жўнатиб, аёлдан ўлимтикни нима қилиши ҳақида сўраган эди, у: «Уч кундан бери егулик нарсамиз йўқ», деб жавоб берди. Ибн Муборак бу сўзни эшитиб, кўзларидан ёш оқди. Ва карвондаги нарсаларини қишлоқ аҳлига тарқатиб юборишни буюриб,ўша йилги ҳажни тарк этиб қайтди. Туш кўрди, тушида «Ҳажингиз мақбул, ҳаракатингизга ташаккур ва гуноҳларингиз мағфират», деб айтилди.

    Танишларимдан бири зорланиб қолди: «Ҳеч кимга ёмонлик қилмайман, бировнинг ишига аралашмайман, ҳеч кимнинг мушугини «пишт» демайману, негадир ҳамманинг мен билан олишгиси келади, ҳамма ўзига душман санайди, барчанинг муносабати ёмон. Нима айбим бор, ҳеч тушуна олмайман». Эҳ  инсон, ношукр кимсалар ўзларини яратган, ризк берган, ҳамма неъматни муҳайё қилиб қўйган Парвардигорларидан ҳам норози бўлишадию, нега энди сиз ва бизга ўхшаган хатокор  бандаларни айблашмасин?! Чунки, эҳтимол сиз улардан иқтидорлидирсиз, балки бойрокдирсиз? Ёки ғам-ташвишларингизни ўзгалар ҳузурида дастурхон қилишдан ийманиб, ҳамиша одамлар кўзида шод, масъуд юришга одатлангандирсиз? Эҳтимол  уларга  қараганда омадли кўринарсиз? Нима бўлганда ҳам улардан қандайдир устунлигингиз бор. Улар аламидан, ҳасадидан, кўролмасликдан сизни ёктирмайди. Очиқ душманлик кўрсатолмаса ҳам,  бир чеккада ғийбатингизни қилади, туҳмат гаплар тарқатади, обрўйингизни тўкишга уринади, хеч бўлмаганда бир ғашингизга тегиб кўради. Иммануэл Кант ёзганки, «Агар одамлар бир-бирларини бошдан-охиргача аниқ билишганида, бир-бирларидан тиракайлаб қочган бўлишар эли». Шуни яхши билиб олингки, сиз ҳақингизда айтилган ёмон гаплар ҳеч қачон сизга зарар келтирмайди, аксинча зиёни  ўша гапни тарқатганга етади.Ўзингизни шунга тайёрлайверинг. Ҳар қадамда оёкдан чалишлар. фитналар, таъна-маломатлар, танқидлар, хусуматлар.    олишувларга дуч келаверасиз. Чунки, сиз айримлар каби танбал, ишёкмас эмассиз. Одамларга фойдангиз тегиб турибди. Турмушда омадингиз чопиб, кун сайин яшнаб боряпсиз. Нима ишга қўл урсангиз, дўндириб қўя оласиз. Иқтидорингиз кашфиётлар қилишга имкон беради. Оллох сизни шундай салоҳиятли, фаол ва ғайратли ёки бадавлат қилиб яратган экан, сизни синдиришга, бадном қилишга қасд этувчилар чиқаверади. Уларнинг дастидан қочиб қутуламан, ёки чакагини ўчираман, деб беҳуда уринманг. Ерни кавлаб қаърига кириб кетсангиз ҳам, осмонга нарвон қўйиб чиқиб кетсангиз ҳам, барибир улар сизни тинч қўйишмайди. Бир ёзувчи айтганидай: «Пасткаш кимсаларга муқаддас ва буюк нарсаларга ўзларининг ифлос қарашлари ва фикрларини чаплаб, ўз ночорликларининг аламини олишдан кўра ёкимлироқ нарса йўқ». Улар билан бир  жамиятда яшашга маҳкум экансиз, демак ҳали кўп ёмонликлар қилишларини, кўзингиздан ҳали  мўл ёшлар оқизишларини ва остонангизга ҳали кўп марта михлар қоқиб кетишларини кутиб яшайверинг.Алишер Навоий айтганидай, «Итдан кийикка, мушукдан кабутарга шафқат маҳолдир». Ер устида ўтирган киши ҳеч қачон қулаб тушмайди. Одамлар ўлик итни асло тепишмайди. Сиз улардан салоҳият, илм, одоб ёки мол-дунё жиҳатидан устун бўлганингиз учун хам уларнинг ғазаби қўзиб, нафрати ошаверади. Сиз то Оллох бераётган  шундай неъматларни тарк килиб, барча мақтовга лойиқ хусусиятларингиздан маҳрум бўлмас экансиз, улар наздида гуноҳкор бўлиб юраверасиз. Тавба қилиш имкони ҳам йўк, чунки айбингиз, юқорида айтилганидек, улар эришмаган нарсага сизнинг эришганингиз. Улар хоҳлаган нарса бундан бошқаси эмас. Демак, одамларнинг танкидига, маломатларига пўлатдай мустаҳкам, метин тош каби қаттиқ бўлингки, булар сизга зарар бера олмасин. Бордию, одамларнинг сўзларига қулоқ солиб, таъсирланадиган бўлсангиз, уларнинг «эзгу» орзуларини ҳаётингизнинг барбод этилиши эвазига рўёбга чикарасиз. Сиз бундайлардан чиройли юз  ўгира олишни билинг. Улар килаётган макр-ҳийлалардан асло сиқила кўрманг. Уларнинг аҳмоқона танқидлари, маломатлари таржимаи ҳолингизнинг ифлос бир саҳифаси бўлаколсин. Чунки ҳаётда ҳали бундай разилликларга кўп дуч келасиз, вазнингиз микдорича таъна-даштномларга учрайсиз. Албатта  ўша маломатчиларнинг оғзини ёпиб, тилини боғлаб  қўя олмайсиз. Лекин уларнинг танқидларини жим туриш, сабр, беэътиборлик, совуққонлик билан даф қилишга эришиш мумкин. Бунинг учун фазилатларингизни кўпайтириш, тарбиянгизни янада комил қилиш, хато-камчиликларингизни тузатиш билан уларнинг оғзига калампир сепиш, хуружини синдириш мумкин. Агар ҳаммага бирдай ёқишни, феъл-атворингиз ҳаммага бирдай маъқул келишини, айб-хатолардан ҳамиша омонда бўлишни истаётган бўлсангиз, шимолий музликлардан олов чикариш каби эҳтимолдан йироқ нарсани орзу килган бўласиз.

Одамлар билан муносабатда узлатга чекиниш ҳам инсонга руҳий хотиржамлик бахш этади. Бу нарсани таркидунёчилик, ҳаммадан узилиб, бир уйда биқиниб яшаш, деб тушунмаслик керак. Узлат дегани ёмонликлардан, ёмон одамлардан ўзни тортиш, узоклашишдир. Бекорчи билан қўшилсангиз, унинг бемаъниларча вақтни совуришига шерик бўласиз. Безорига якинлашсангиз, бир куни унинг «қораси» албатта сизга ҳам юқади, жиноятига тортади, жазони хам бирга ўташга тўғри келади. Қиморбоз билан улфат бўлсангиз, яна ҳаётингиздан файз, фароғат кетди, деяверинг. Ичкиликбоз ёки гиёҳванд кимса билан ошно тутинсангиз-ку, умуман турмушингиз заҳар-заққумга айланади, ўзингиз хароблик чоҳига қараб йўл оласиз. Ана шундай кишилардан йироқлашгандагина  фикрингиз тинчиб, хотирингиз роҳатланади, зеҳнингиз хикмат дурлари билан жилоланиб. кўзингиз маърифат бўстонида сайр қилиб юради. Оқил. закий инсон кулфат ва зиённи фойдага йўналтиради. Ахмоқ, тентаклар эса битта  мусибатни иккитага айлантириб олишади. Хар бир ёмонлик гўзал бир интиҳога олиб бориши мумкин. Бир фалокат эзгу, хайрли оқибат олнб келиши мумкин. Масалан, Пайғамбар алайхиссаломни Маккадан ҳайдаб чиқаришганидан кейин Мадинада бир давлат пайдо килдилар, бу эса инсоният тарихида буюк ўзгариш ясади. Атоқли олим Аҳмад ибн Ҳанбал камокка тиқилди. Оқибатда суннийларнинг улуғ имомига айландилар. Яна бир улуғ аллома Имом Сарахсийни суви йўқ  қудуққа камаб қўйишганида у ердан фиқҳ илмига бағишланган йигирма жилд китоб билан чикдилар.Шундай, оқил ва доно инсонлар ҳар бир бало-мусибатдан, бошларига тушган мушкулотдан ҳикмат излашади, йўқчилик ва йўқотишлардан ибратланишади. Айтайлик, бир одам кўп йиллардан буён фарзанд кўрмаган, бир тирнокка зор. Аммо у бундан эзилмайди, изтироб чекмайди, ўзини ҳар ёнга урмайди. Сабр қилади. аёлига ва ўзига тасалли беради: «Ҳисоб-китоб пайтида фарзанд масъулияти зиммамдан соқит бўлди, менга ўша пайтда «Нима учун фарзанд кўрмасдан келдинг», деб савол берилмайди». У ўзини хотиржам тутиб, бундай дейди: «Фарзандни Оллоҳ беради, фарзанд бермаслик хам, бировга фақат қиз, бошқасига ўгил, кўпларга аралаш қилиб бериш ҳам Унинг иродасидир. Фарзанд кўриш учун ҳамма тадбирларни қилиб кўрдим, аммо булар фойда бермади, демак фарзандсиз  ўтиш  такдири илоҳий экан, шундай иш қисматимда бор экан». Шундай фикрлар билан унинг безовта қалби таскин топади, ҳаёти осойишта кечади.

   Ёки бошқа бир кишига Оллоҳ фарзандни кўп берган. Аммо у ҳам буни Яратганнинг бир неъмати сифатида қабул қилиб, бутун куч ва меҳрини уларни боқишга, тарбиялашга қаратади. Айримларга ўхшаб бунча болани кандай боқаман, деб талвасага ва ваҳимага тушмайди, ҳаммасининг ризқини Яратганнинг ўзи беришини билади. Ғарбдаги эр-хотинларга ўхшаб  битта болани ҳам тушов деб ўйлайдиганлардан фарқли ўлароқ, серболалиги билан фахрланади ва қувонади. Уларни ҳалол касб билан, инсофли, диёнатли қилиб улғайтириш пайида бўлади. Ана шундай инсонлар ҳаётда бекарор бўлишмайди, уларни ҳамма томондан руҳий сакинат ўраб олган. Улар ҳатто вафот этишаётганда ҳам хотиржамликни қўлдан бой беришмайди: чунки ҳаётда виждонлари буюрганидай, ҳалол, иймон билан яшаб ўтишган. Одамларга зулм, ёмонлик қилишмаган. Улар учун бахтли ва шодмон кунлар билан маҳзун ва мусибатли кунларнинг фарқи бўлган эмас. Яхши кунларида ҳамд ва шукр айтишган, ёмон кунларида ҳам айтишган ва балоларга сабр қилишган. Бидъатчилар, ҳасадгўйлар ёмонлаб, туҳмат тошларини отишганида ҳам хотиржам туришаверган, улар сафида бўлиб қолишмаганига шукр қилишган. Ортларидан қолаётган ҳамма нарсадан кўнгиллари  тўқ, фақат боқий дунёдаги оқибатларигина бироз ташвишга солган, холос.

   Сиз ҳам уларга ўхшаб, бордию бирор фалокат кутилмаганда ҳамла қилиб қолганида  ўзингиз томонга қуёш чиқишини кутишни ўрганинг. Агар бир киши сизга стаканда лимон суви берса, бир чимдим шакар қўшиб, шарбатга айлантира билинг. Агар сизга илон ҳадя этилса, унинг қимматбаҳо терисидан фойдаланинг. Агар чаён чақиб олса билингки, у газандалар заҳрига қарши энг яхши  чора вактсина ва иммунитетдир. Ҳаётда некбин бўлиб яшаш керак. Ҳар бир нарсада гўзалликни, яхшиликни, эзгуликни кўра билиш лозим.

                                       Жамшид ХАЛМУРАТОВ,

                 №36 "Сайрам" умумий ўрта мактабининг                 руҳшуноси.

                     Жанубий Қозоғистон вилояти.

Категория: Мои статьи | Добавил: кимсан (31.01.2012)
Просмотров: 2325 | Комментарии: 2 | Теги: мақолалар | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz