Среда, 22.11.2017, 10:00
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои статьи [79]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 537
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Статьи » Мои статьи

"БОЛАМГА ЭНАГА ЁЛЛАДИМ"

Бугуннинг гапи

"БОЛАМГА ЭНАГА ЁЛЛАДИМ"

Яқинда фарзандли бўлган танишимни учратиб қолдим. Гап орасида таниш жувон ишдан қайтаётганини гапирди. Ҳайрон бўлиб, ҳали ёшига етмаган гўдак-чақалоғини кимга ташлаб ишга чиққанини сўрагандим, бамайлихотир:

"Энага ёлладик. Ҳозир ёшмиз, эр-хотин ишлаб, пул топайлик. Болага қараб уйда ўтираверсам, турмушимиз атрофдагилардан кам бўляпти, оладиган нарсаларимиз эса хали жуда кўп", дея жавоб қайтаргани ҳайратимни янада оширди.

Бир муддат гаплашиб ўтирдик. Сўнг у хайрлашиб ўз йўлига, мен ўз йўлимга кетдик. Йўл бўйи унинг гаплари хаёлимда айланаверди: "...Ҳозир ёшман, уйда ўтириб нима қиламан? Ишлаб пул топай... Энага ёлладим..."

Умуман, яқин-яқин вақтларда ҳам "энага ёллаш" деган иборани умуман эшитмасдик.

...Болалигимни эслайман. Икки ёшгача онамизнинг этагига осилиб юрардик. Ундан кейин ишлайдиган оналарнинг фарзанди боғчага, уй бекаларнинг болалари бобо-бувисининг атрофида ўралашиб катта бўларди. Ҳар икки ҳолатда ҳам бола маълум муддат онасининг қарамоғида бўлиб, унинг меҳрини ҳис этиб улғаярди...

Энага билан боғлиқ воқеага талабалик йилларимда биринчи марта дуч келдим. Кекса ёшли онахоннинг уйида ижарада турардим. Уч хонали уйнинг биттасида мен, биттасида онахон яшардилар. Меҳмонхона ўрнини ўтайдиган хона эса турли тиллардаги адабий, илмий, шеърий китоблар билан лиқ тўла эди. Бошида онахон билан бирга яшаб, кўнглимдан кечган "Фарзандлари йўқ, шекилли? Ёлғиз қолган эканлар-да" деган саволни тилимга чиқаролмай юрдим. Аслида ижарага уй излаб эшик тақиллатиб келганимда ҳам онахон кўз ойнак остидан синчков назар ташлаб:

- Уч хонали уйда ўзим яшайман. Ҳамма шароитим бор. Менга пул керак эмас. Баъзан ҳамсуҳбат бўлсанг, уйни тоза тутсанг, ош-овқатни вақтида қилсанг бўлди. Лекин олдиндан айтиб қўяй, енгилтак қизларни хушламайман, - дегандилар. Қишлоқ қизи учун уй тозалашу, бир кунда икки маҳал овқат тайёрлаш иш бўлибдими?

Бироз муддат яшаб, онахон билан иноқлашиб кетганимиздан сўнг оилавий альбомларини очиб армон билан ёшликларини эсладилар:

- Фахрий олимаман, қизим. Профессор илмий даражам бор. Турмуш ўртоғим раҳматли ҳам профессор - олим эдилар. Илм ҳаётимизнинг мазмун-моҳияти эди. Кўча-кўйда ҳам, ишда ҳам, уйдаги оилавий суҳбатларимиз ҳам илм-фан ва ундаги ўзгаришлар хусусида бўларди. Касбимиз ортидан чолим раҳматли иккимиз дунё кездик, жаҳоннинг энг нуфузли олий ўқув даргоҳларида бўлиб, хорижлик ҳамкасбларимиз билан услуб алмашдик. Биз кўрмаган жойлар қолмади, ҳисоб. Ишимга, илмга шунчалик берилиб кетганимдан фарзанд кўриш ҳақида ўйламаган ҳам эканман. Ёшим қирққа етгач, умр ўткинчилигини, мен тенгилар келин қилиб, қиз узатиш тараддудида юрганини кўриб, фарзандли бўлишни истадим. Ўғил кўрдик. Ўғлим йигирма кунлик чақалоқлигида институт раҳбарияти чет давлатда бўлиб ўтадиган, аслида мен қатнашишим керак бўлган илмий конференцияга бошқа ходимни жўнатмоқчилигини эшитиб, энага ёлладим-да, у ерга ўзим боришга қарор қилдим. Чунки ўша конференцияда мен маъруза қилишим ва у кейинги иш фаолиятимда муҳим аҳамиятга эга эди. Шу сабаб ўғлимга энага ёллаб, сафарга кетдим.

Шу-шу ўғлимга энага қарайдиган бўлди ва мен одатдагидек ишимга, касбимга шўнғиб кетдим. Болалигида ўғлим мени "опа", энагасини эса "ойижон" дерди, ёшлигимда бунга унчалик эътибор бермасдим. Вақт ўтиб ўғлим учун энагаси она бўлиб қолди. Ўсмирлигида ҳам нимадир керак бўлса энагасига айтар, ҳатто мактабдан чиқиб тўғри энагасининг уйига борадиган бўлди. Дадаси ҳаётликларида унинг бу ишлари менга таъсир этмас, қайтанга тинчгинада ишимни қиламан, деган хаёлдан мамнун эдим. Университетда ўқитдик, яхши оиланинг қизига уйлантирдик. Уйланиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгач, ўғлим буткул ўзгарди. У болалигидаги энагаси яшайдиган ҳудуддан уй сотиб олиб, кўчиб чиқди. Ҳозир ўғлимга энагалик қилган аёл невараларимга ҳам бувилик қилмоқда. Ўғлимнинг бўйларига зор бўлиб ўтираман, ўн беш кун, бир ойда бир келади-ю, бироз ўтириб, нон, гўшт-ёғ ташлаб кетади. Менга унинг нарсаси эмас, дийдори, меҳри кераклигини билмайди...

Ўша пайтда онахоннинг сўзларини тинглаб, ўғилни бемеҳрлик, оқибатсизликда айблаганим рост. Аммо йиллар ўгити тафаккуримни бойитгани сари амин бўлдимки, ота-онасидан меҳр кўрмай ўсган бола улғайиб қалби қаттиқ, оқибатсиз кишига айланаркан.

Балки, ижарачи онахоннинг тақдири ҳақидаги баёним кимгадир эриш туюлар, "Энага боққан болаларнинг ҳаммаси ҳам тошюрак, бемеҳр бўлмас" деган гапни иддао қилишар, балки энага ҳам пул дардида болага қарайди-да, у бировнинг боласига оналик меҳрини бера олармиди, дерсиз. Эътирозим йўқ. Аммо на онаси ва на энагасидан оналик меҳрини кўрмай ўсган бола кўнгил эҳтиёжини қайдан олади? Энага тарбиялаган бола ота-онасига қалбан, руҳан бегона бўлиб улғаймаслигига ким кафолат беради?..

Агар шу саволга ижобий жавоб тополсангиз, марҳамат, Сиз ҳам болангизга энага ёллайверинг...

Умида АДИЗОВА.

Категория: Мои статьи | Добавил: кимсан (01.08.2015)
Просмотров: 357 | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2017Конструктор сайтов - uCoz