Среда, 08.05.2024, 20:29
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои статьи [79]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Статьи » Мои статьи

АЁЛ ОИЛАНИНГ ЁНИБ ТУРГАН ЧИРОҒИ

 

АЁЛ ОИЛАНИНГ ЁНИБ ТУРГАН ЧИРОҒИ

Аёл бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратади, дейишларида улуғ ҳикмат бор. Зеро, аёл бор ҳаёт бардавом, дунё безавол, аёл бор оилада, демакки, жамиятда файзу барокат, яратиш, гўзаллик, нафосат бор. Аёлнинг оилада, жамиятда фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири.

Қаҳрамоним Дилобар билан суҳбатлашиб, унинг нигоҳларида қатъият, ишонч балқиб турганини кўриб, оиласидан хотиржам аёлгина мана шундай ёниб-куйиб ишлашга иштиёқ топа олишига амин бўлдим.

Сайрам қишлоғида “Women’s time” (Аёллар вақти) соғломлаштириш маркази раҳбари, руҳшунос, ҳуқуқшунос, бизнес-мураббий Дилобар Дўсматова ва  жамоасидаги малакали мутахассисларнинг хотин-қизлар саломатлиги йўлида амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқ.  “Women’s time” соғломлаштириш марказининг асосчилари,   бизнес-вумен тўрт дугона – Дилрабо ва Мадина Жантаева, Раъно Ризаева ва Дилобар Дўсматова. Умуман, марказнинг мақсади нима, деган саволимизга қуйидаги жавобни олдик.

–Мақсадимиз – ҳар бир аёлга бахт, саломатлик, гўзал қомат ато этиш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиш. Соғломлаштириш марказининг очилиши айнан пандемия вақтига тўғри келди. Карантиндан кейин фаолиятимизни бошладик. Барчага маълум,  аёллар касалхонага фақат бемор бўлиб қолсагина мурожаат қилишади. Биз бугун замонавий аёлларимиз “соғлом”, “чаққон”, “ўқимишли”, “ишда омади чопган”, “уйни ҳам, ишни ҳам эплайдиган”, бир вақтнинг ўзида яхши уй бекаси, меҳрибон она, севимли ёр, эътиборли дугона ва ижтимоий фаол инсон бўлиши учун хизмат қилишини истаймиз.  Бугунги кунда 100 нафар хотин-қизлар марказ хизматларидан баҳраманд бўлишмоқда. Мижозларимизнинг асосий қисми шаҳар марказидан келишади. Марказ ҳақида эшитган сайрамлик опа-сингилларимизнинг сафи ҳам ортиб бормоқда. Ҳатто, Тошкент шаҳридан келиб, махсус муолажаларимизни олаётганлар ҳам бор. Бунинг асосий сабаби, малакали мутахассислар, замонавий тиббиёт ускуналари ҳамда ҳаммабоп нархларимизда.

–Аёл – мўъжизакор хилқат, шундай эмасми?

–Албатта. Унинг кўнгил мулкида ҳар қандай оғир синовларда ҳам суягувчи сабр-қаноат қоялари, бардош тоғлари бор. Аёллар билан бирга ишлашни жуда яхши кўраман. Бунга сабаб, анча йиллар муқаддам дадам Қизилсув даҳасида ширкат раиси бўлиб  ишлаган. Дадам билан кўп қишлоққа борардим. Далада, уйда ва давлат ишида ишлайдиган аёлларнинг кўпини кўрганман. Қишлоқ аёли ва шаҳарликлар ўртасида анча катта тафовут бор. Қишлоқ аёллари уй-жой, бола-чақа, қайнота-қайнона, эр олдидаги мажбуриятларини деб, ўзларининг ташқи кўринишига ҳам, соғлигига ҳам эътибор бермайди. Қирқ битта жонидан бири ўчса бири ёнадиган шукроналик шамлари билан яшайверадилар. Вақт ўтиб, энди ўзи учун яшайдиган вақт келганда соғлигидан айрилганини сезишади. Тўғри, ишлайдиган аёлларнинг кундалик югур-югури эрта тонгданоқ бошланади. Улар қуёш билан бирга турадилар, нонушта тайёрлаш, болаларни боғча ва мактабга, эрни ишга кузатиш, сўнг тиқилинч жамоат транспортида ишга етиб олиш, кун бўйи ишлаб, кечқурун яна шу битмас-туганмас ташвишларга тўла рўзғор бағрига қайтиш...Бу бугунги аёлнинг умумлаштириб, қисқача баён этилган кун тартиби.  Уйда болам билан ҳеч нарсага улгумаяпман, дейдиганлар ҳам кўп. Хоҳиш бўлса, ҳаммасига улгуриш мумкин. Ватсап гуруҳимда 350 нафар аёл бор. Мен уларнинг нафақат ташқи кўринишини балки, қалбини, руҳиятини, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида жону дилим билан дарслар ўтаман. Аёл киши қачонки ўзи бахтли бўлса, атрофидагиларга ҳам бахт улаша олади. Гуруҳда диний сабоқлар, шунингдек, хотин-қизларимиз ҳаётидаги оилавий низолар, овсин, эр, қайнона ўртасидаги келишимовчиликларни фақат оқилона ҳал қилиш йўлларини ўргатаман. Ушбу марказга келадиган ҳар бир мижоз  энг аввало, мутахассисларимиз билан қизиқишади. Бу табиий ҳол. Марказда фаолият олиб бораётган қизларимиз камида 7 йиллик тиббий стажга эга. Малакали шифокор-гинеколог Бахтишод Норбековна ва Дилноза Эшметова, уқаловчи Моҳинур Мирзаҳмедова, Замира Мирсоатова, Васила Очиловалар катталарга ҳам, болаларга хизмат кўрсатишади. Фотима Тожиева анъанавий халқ табобати асосида хижама қилади.  Битта мижоз бир ойлик муолажалар пакетини 30-40 ёки 50 минг тенгега сотиб олади. Нархидаги тафовут хизмат турлари ва мураккаблигида. Массаж ва озишга мўлжалланган 15дан зиёд ускуналаримиз бор. Бир пакетда 30 хил хизмат тури мавжуд. Мижоз уни истаган вақтида (бир ой, 15 кун ёки бир ҳафта) олиши мумкин, – дейди Дилобар.

Дилобар билан суҳбат асносида хотин-қизлар учун ноёб соғломлаштириш маркази эканлигига амин бўлдим. Чунки бу ерда ҳафтанинг маълум кунларида мижозлар учун бепул хизматлар ҳам бисёр экан. Унинг айтишича, марказга 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган мижозлар ташриф буюришади. Нотўғри овқатланиш ва турли фаст-фудлардан семириб кетган ўқувчи ва талабалар ҳам келишади. Логопед, нинатерапия хизматларидан ҳам мижозлар мамнун. Ҳар бир мижоз ўзи учун қулай вақтда келиб хизмат олиши мумкин. Иш вақти ҳам эрталаб соат 7.30дан тунги 22.00гача. Айниқса, инсульт олган аёллар соғломлаштириш марказига келиб,  ижобий натижага амин бўлгач, вақт ўтиб яна ташриф буюришмоқда. 15 киши фаолият юритаётган марказдаги қулай шароитлар, ноёб ускуналар,  фин ҳаммоми, фитнес зали, уқалаш ва яна қатор муолажа хоналаридан ташқари, сизни малакали, маҳоратли, ширинсухан қизларларнинг хушмуомаласи ҳам ром этади. Бу ердаги ҳар бир мутахассис ҳам ишлайди, ҳам ўқийди, ҳам малака оширади, ҳам ўз билими ва мутахассислигини шогирдларга ўргатиб боради. Махсус дарслар, тренинг, семинарлар, билимни мустаҳкамловчи амалиётлар айнан марказнинг ўзида амалга оширилади. 3-12 ёшдаги қизалоқлар учун хореография тўгараги ҳам мавжуд.

–Маркази пештоқида яна бир янги “Қироличалар мактаби” деган ёзувга кўзим тушди.

–Тўғри. Яна бир янги ғояни йўлга қўйдик.  “Women’s time” асосчилари ва “Эрудит” ўқув маркази раҳбарияти ҳамкорликда “Қироличалар” мактабини очдик. Бу мактабда 15-45 ёш орасидаги хотин-қизларимиз 5та йўналиш: қандолатчилик, массаж, уй ҳамшираси, аёллар сартароши ва руҳшунослик бўйича таҳсил олишади. Ушбу мактабда дарс олаётган қизларимизни келин бўлишга ҳам тайёрлаймиз. Бешта йўналиш бўйича мактабни тамомлаганлар эгаллаган касбидан уйда ҳам фойдаланиши айни муддао бўлса,  ўз касбини очиб, тадбикорлик соҳасида муваффақиятли фаолият бошлаш имконига эга бўлади. 

Дарҳақиқат, аёл жисман нозик хилқат бўлса-да, иродаси метиндек мустаҳкамлигига мисоллар, далиллар жуда кўп. Оила осойишталиги, эркак муваффақияти соғлом аёл кайфиятига боғлиқ. Дилобарнинг келажакдаги мақсадлари бир дунё.  “Орзуни мақсадга айлантирсангиз бутун коинот сизга ёрдамга келади. Бунга кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Аёл оиланинг ёниб турган чироғи. Қуёш каби атрофига нур сочадиган инсон бўлиши керак. У ўзини севиб, қўшимча билим олиб, борини мустаҳкамлаб, ўз устида изланса, нур устига нур бўлади. Улар нафақат уй бекаси ёки она, балки у ақлли, доно, теран фикрли ўғил-қизларни тарбиялашдек буюк масъулият соҳибаси ҳамдир. Чунки энг асосий тарбияни болаларимизга биз берамиз”, дейди у.

Дилобар турмуш ўртоғи Рустам Шоназаров билан Фирдавс, Зубайр, Халид исмли фарзандларни вояга етказмоқда. Эр-хотин тадбиркорлик соҳасида обдон пишиган. Чунки улар турли соҳаларда ўз омадини синашган, тажриба орттирган. Рустам шижоатли рафиқасининг меҳнатсевар, тиниб-тинчимаслигини яхши билади, ҳар бир ишни у билан бамаслаҳат амалга оширади. Оиладаги осойишта муҳит, қайнота-қайнона ва қайнбува ва қайнбувижонининг  дуоси билан иши баракали, зукко, билимдон, сўз устаси Дилобарга ҳавасингиз келади. Каттагина жамоага етакчилик қилиш билан бирга оила аталмиш чаманига гард қўндирмайдиган аёллар бор экан, Ватанимиз эртаси порлоқ бўлаверади.

Мухтабар УСМОНОВА.

Категория: Мои статьи | Добавил: кимсан (18.11.2022)
Просмотров: 61 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz