Вторник, 07.05.2024, 18:26
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2022 » Ноябрь » 18 » Сўзоқдаги қатлиомда миллат муддаосига содиқ бўлган арбоблар
07:38
Сўзоқдаги қатлиомда миллат муддаосига содиқ бўлган арбоблар

Сўзоқдаги қатлиомда миллат муддаосига содиқ бўлган арбоблар

Сўзоқ қўзғолони – қозоқ халқи тарихидаги фожиали саҳифаларидан биридир. Сўзоқдаги қатлиом ҳақида “безориларнинг большевиклар ҳокимиятига қарши жанги, қароқчиларнинг қизил аскарларга қарши қурол ишлатиши, ашаддий ёвларнинг қарама-қаршилиги ва ҳоказо” дея сақланган архивдаги айбловлардан биз бу “оммавий қирғин”нинг асосий сабаб-оқибатларни аниқлай олмаймиз.

Бинобарин, архивларда коммунистик ҳокимиятга қарши ташкилотлар ва гуруҳлар ҳақида анчагина ҳужжатлар сақлангани аниқ. Масалан, Сирдарё вилоят қўмитаси масъул котиби Д. Алиев, ташкилий бўлим мудири И. Мухамедов имзоси билан 1924 йилнинг 16 сентябрида ТЛКЁУнинг Сирдарё вилоятидаги барча уезд ҳамда туман қўмиталарига юборган шошилинчномасида: “...БСБ (Бош сиёсий бошқарма) маълумотларига кўра, вилоятимизда ўзининг ҳаракатлари билан одамларга зарар келтираётган “Хушара” ташкилотининг кичик гуруҳлари бор. Улар, шунингдек, комсомол обрўсини тўкиш, сафларини бузиш учун комсомол ташкилотларига аъзо бўлишга ҳаракат қилмоқда”, дейилган.

“Хушара” атамаси: ху – хулиган (безори), ша – шарлатан, яъни, фирибгар, ра – разбойник (қароқчи) сўзларининг бош ҳарфларидан ташкил топган.

Гуруҳнинг мақсади номиданоқ кўриниб турибди: улар зўравонлик, ўт қўйиш, одам ўлдириш, ичкилик, гиёҳвандлик ва бошқа ножўя ишлар билан шуғулланишади.

Партия ва комсомол олдида ёшларни “Хушара” гуруҳларининг таъсиридан ҳимоя қилиш вазифаси турибди...

Комсомолнинг обрўсига путур етказганларни вилоят партия қўмитасининг рухсати билан бошқаларга ибрат бўлсин деб, ташвиқот мақсадида сиёсий суд қилиш ман этилмайди, бу имкониядан фойдаланиш зарур.

... “Хушара” гуруҳлари билан курашни натижали олиб бориш учун улар ҳақида комсомол ҳамда барча партиясизлар гуруҳида жамоат фикрини шакллантириш керак. Бунинг учун комсомол ва партиясиз ёшларнинг касаба уюшмалари йиғилишларида ушбу масалани кўтариш зарур”, деган сатрлар бор.

Бироқ ўзимиз ҳам жиддий ўйланиб кўрайлик, “Хушара”нинг бу ўзбошимчалиги қаерга олиб боради. Комсомол бўламан, деб шўролар ҳукуматига хизмат қилишга бел боғлаган қозоқни “қиз зўрлади, одам ўлдирди” деб айблаш қанчалик мантиққа тўғри келарди? Дараклардаги “Ёндирди” деган айблов ғалати эмасми? Қолаверса, ичкиликка ружу қўйиб, наша чекадиганлар масаласига келсак, қизилларнинг жиғига тегиб, мамлакатни вайрон қилиб юрган безориларнинг танобини тортиб қўядиган “ҳақиқатпарварларни” маҳаллий аҳоли орасидан эмас, “Шўролар ҳукумати – биз”, деб кўкрак керган келгиндиларнинг орасидан излаш керакдир. Бироқ бир нарса аниқ – бу ҳокимиятга қарши ташкилотнинг енг шимариб ишга киришгани даргумон. Назаримизда, ташкилот фаолият юритди, деган гапнинг ўзи шубҳа уйғотади.

Умуман, Сўзоқ қўзғолонида қони сувдек оққан бегуноҳ халқнинг кўз ёшидан қўрққан, Аллоҳни унутмаган арбоблар ҳам эл орасида оз эмасди. Шулардан бири – Туймебай Қулмухамедов эди. У 1898 йили Арис туманининг Қара Жантақ қишлоғида туғилган. Саводини маҳаллий мактабда чиқаради. 1911 йили онаси вафот этгач, оиланинг ташвиши унинг зиммасига тушади. Сўнгра 1918 йили “камбағал-қашшоқларни қўллаймиз”, деган янги ҳокимиятга ишониб, партия сафига киради ва узоқ йиллар коммунистик тизимга хизмат қилади. 1923 йили Шимкент шаҳар партия қўмитаси йўриқчиси, 1925-1926 йилларда Мақтаарал тумани котиби, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбари вазифасида хизмат қилади. Турли лавозимларни эгаллаган Туймебай Сўзоқ қўзғолонини бостириш, қўзғолончиларга қарши ўқ отишга буйруқ берилгач, қуролланган аскарлар ёвга қарши юриш қилаётгандек Шимол томонга шошилинч жўнатилганда, улар билан бирга туманга бориб, партиявий топшириқни бажаришдан қатъиян бош тортган экан.

Бу ҳақида Туркистон вилоятининг давлат архивида сақланган 1930 йилнинг 26 февралида Сирдарё округ қўмитасининг 90-сонли мажлис баённомасида шундай ёзилган:

“...Бугунги мажлисда бюро аъзолари ўртоқ Қулмухамедовнинг ҳақиқий коммунистларга хос бўлмаган ҳаракатларини муҳокама қилдилар. Унинг партияга содиқ сафдошлари ваҳший тўдалар томонидан отиб ўлдирилганига қарамай, мантиқсиз баҳоналар билан Сўзоққа боришдан бош тортмоқда. Бу – қўрқоқликми ёки ҳокимиятга қарши қасддан қилинган душманликми, ёлғиз ўзига аён. Аниғи, Сўзоқнинг сарғайган даласида синфий душманлар билан қуролли тўқнашув давом этар экан, ўша ҳудудда партия ишини жонлантиради, деб ишонган зиёлимизнинг бу нопок ҳаракатини хиёнат деб баҳолаб, уни имкон қадар тезроқ партия сафидан чиқаришни сўранамиз. Иш шу билан тугамаслиги керак, ишчилар синфининг душманини ОГПУ ходимлари тезда ҳибсга олиб, уни суд орқали жазолаш керак”.

Худди шундай қисматни Сўзоқда оммавий бош кўтарган аҳолининг манфаатини ҳимоя қилди, дея айбланган, 1924 йили июнда Оренбургда ўтган Қозоқ маорифчиларининг илк сеъздида иштирок этган Алашнинг Туркистондаги устуни Мирза Науризбайули ҳам бошидан кечирди.

Мирза Науризбайули 1900 йили Жанубий Қозоғистон вилояти, Қизилқум туманининг 13-сонли қишлоғида дунёга келган. Унинг арбоблик фаолияти Туркистон Республикасидан ташқари Бухоро билан ҳам боғланган. 1921-1922 йилларда Бухорода иш юритувчи, 1922-1924 йилларда Марказий Осиё бўлимининг мудири ҳамда Бухоро Марказий ижроия қўмитаси ҳайъатининг аъзоси, 1924-1925 йилларда Ишчи ер-ўрмон ташкилий бюросининг раиси ва бошқа хизматларни бажарган М. Науризбайули ҳақиқатни гапириб, адолат билан юрса-да, четдан тош отувчилар унинг устидан ариза ёзишдан чарчамаган кўринади. Хусусан, 1930 йилнинг 27 апрелида битилган Есимули Арзимбет исмли фуқаронинг “Мирзанинг шижоати” деб номланган аризасида шундай сатрлар бор: “...Мирза – Мўйинқум туман ижроия қўмитасининг масъул ходими. Мавсум бошланиши вақтида округдан шошилинч юборилган. Шижоат билан келган Мирза Гулаевга жамоалаштириш мавсумини ўтказишга кетади. Шиддат билан ишга киришади. Киришибгина қўймай, ваколат доирасидан четга чиқиб кетади. Оч бўри қўйга ташланганидек, Мирза партия кўрсатмаларига қарамай, меҳнаткашларга бирин-кетин ҳужум қилади. Текканга тегиб, эркак-аёл демай, қарши келганини қамайди, “ҳибсга олади”. Бойга теккан таёқ камбағалларга ҳам тегади, улар ҳам қамалади.

Нима ҳам қилсин, туман ижроия қўмитасининг масъул ходими билан тенг келиш осонми? Қамалганлар қамалиб ётаверади. Туман партия қўмитаси бундан хабар топиб, уни огоҳлантиради, у эса қатағонни янада авжига чиқаради.

Қишлоқдаги меҳнаткаш аёллар тўп-тўп бўлиб кўчага чиқиб, қаршилик кўрсатади. Мирза томонга юришади. Мирза шошиб қолади. Нима қиларини билмай, уйига беркинади, эшикни тамбалайди, милтиғини ўқлайди, тайёрланади. Сўзоқ воқеаси кўзига кўриндими, бошқасими, номаълум. Туман партия қўмитасига “Сўзоқ назоратимизда”, деб хабар жўнатади.

Аёлларнинг келишидан мақсад – Сўзоқ воқеаси каби исённи бошлаш эмас. Мирза қамаган 3 одамни хотинлари сўраб чиқаргандан сўнг, улар тарқалган. Аёллар байроқ кўтариб, Мирзага келади. Мирза сўзини табрикдан бошлайди. Аёллар тарқалади. Шундан сўнг улар тинчланишган.

Шундай вазиятда 12-сонли қишлоқда Левин “артель-ўрта мол ширкати” ташкил қилмоқчи бўлади. Мирза буни эшттиб, “ҳайдаб олиб кел, қама” деб милицияга буйруқ беради. Буйруқ бажарилади. Уни ҳайдаб келишади, қамамоқчи бўлади. Бироқ қамамай, қўйиб юборади.

Яна бир куни Гулаевга қурол-аслаҳа ширкатининг йўриқчиси бориб қолади. Нима бўлади? Уни ҳам қамашади. Жамоалаштиришга раҳбарлик қилишнинг ўрнига қамаш-ҳибсга олиш билан банд бўлади. Шундай қилиб юрганида бу ҳақда хабар туман партия қўмитасига етиб боради, ҳақиқат ошкор бўлади. У бюрода камчиликларини тан олади. Бирозини яширмоқчи ҳам бўлади. Нима қилсин бечора, яширай деса, бўлмайди. Сири ошкора бўлган Мирза Науризбайули хизматдан олиниб, иши партия назорати комиссиясига юборилади. Натижани назорат комиссиясидан кутамиз.

Мирза Науризбаевнинг ҳамтовоқлари ҳам топилиб, судга берилади ва улар 14-сонли қишлоқдан чақирилиб, бир қанчаси ишдан олинди, бирқанчасига хайфсан берилди”.

Шунга қараганда, Сўзоқ қўзғолонида иштирок этганларни оммавий жазолашни бошлаганлар Мирза каби миллат етакчиларини ҳам таъзирини бериш ҳаракатида эдилар.  Бу иш бироз шов-шувга сабаб бўлса-да, Сўзоқ қўзғолонида иштирок этганларни ҳимоя қилгани 1938 йилнинг қонли қирғинида қайта кўтарилиб, унга энг оғир жазо қўлланилгани ҳам архив ҳужжатларида аниқ қайд этилган.

Ҳар банданинг ёруғ дунёдаги умри қийинчиликлардан иборат бўлиши табиий. Шу каби қозоқ халқининг тақдири ҳам қил устида қолиб, тор йўл, сирпанчиқ кечувлардан неча бор суринмай ўтганига тарих гувоҳ. Айниқса, Шўролар даврида миллат илдизига болта уришни кўзлаган мустабид сиёсатнинг таъсирини унутиб бўлмайди. 

Умуман “зарарли” саналган зиёлиларимиз бесўроқ отилган қишлоқ аҳлини айтмай қўя қолайлик, қозоқ мамлакатининг раҳбарларини, миллат ғами билан яшаган зиёлиларни жазолаш жадал ва аянчли турда олиб борилди. Қатағоннинг энг кучга минган даврида, 1937-1938 йилларда НКВДни бошқарган Залин ва Реденстер ҳам қатағондан қочиб қутулолмадилар. Ўша йилларда қатағондан қирилган қозоғистонликларнинг сони 25 минг нафардан ошган. 1937-1938 йиллардаги қатағонликлардан бошлаб Қозоғистонда 103 минг киши сиёсий айбловлар билан судланса, унинг тўртдан бири “НКВД учлиги” ҳукми, суд ҳукми билан отилган. Сталинча қатағон, айниқса, қозоқ халқига оғир мусибат келтирди. Демограф М. Татимовнинг айтишича, 1937-1938 йилларда “халқ душмани” тамғаси билан отилган қозоқлар фоиз ҳисобида грузинлардан икки, руслардан уч, татарлардан тўрт, ўзбеклардан беш ҳисса кўп бўлган. Элининг ҳурлигини орзу қилиб, армонда кетган Алаш ботирлари, олим, уламо, имом-эшон, шоир-ёзувчилар кўп эди. Қозоқ юрти алоҳида давлат бўлди, лекин камбағаллар қатламидан чиқиб, большевикларга садоқат билан хизмат қилганлар қамоққа олинди. Ҳатто, Мирзоян, Нурпейисов раҳбарлигидаги Марказий қўмита раёсати аъзолари ҳам, Шўролар халқ комиссари Ўраз Исаевга ҳам “халқ душмани” тамғаси босилди. Қалби уйғоқ фуқароларимизга “душман” тамғаси босилиб, судланган ва отишга ҳукм қилинган.

Қозоқ халқини таҳқирланган миллатлар қаторидан чиқариб, бошқа миллатлар билан тенг қиламиз, деб жон куйдирган Алаш арбобларининг 99 фоизи қатағон йилларида отилдилар, лагерларда қийноқларга учраб, ҳаётдан кўз юмдилар. Алашўрдаликлардан ташқари Шўролар ҳокимиятини қўли билан ўрнатган Т. Рисқулов, С. Сейфуллин, Б. Майлин, И. Жансугировнинг ўзи ҳам қатағондан қутула олмай, қатағон алангаси остида қолиб кетди. Социализм даврида жабр кўрган оддий халқни ҳисобламаганда, шундоқ ҳам саноқли бўлган зиёлиларнинг оммавий таъқибга учраши – миллат келажаги учун оғир зарба бўлди.

Улардан бири Шўролар тузумига садоқат билан хизмат қилган Сейитбек Кенбаев эди. У 1897 йили Жанубий Қозоғистон вилоятининг Жанақўрған туманида туғилган. Қишлоқ мулласидан савод ўрганган Сейитбек Шўролар мактабида таҳсил олиб, Москвада ўқийди. Кейинчалик Тимирязев номидаги қишлоқ хўжалиги академиясини имтиёзли тамомлаб, минтақада янги ҳокимиятнинг қанот ёзишига катта ҳисса қўшади.

1930-1934 йилларда Қорақалпоғистон Марказий қўмитасида котиблик қилган Кенбаев туғилган ўлкасига қайтиб, Шимкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси вазифасида хизмат қилади. СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси 1938 йилнинг февраль-мартида Алмати шаҳрида ўтган сайёр сессиясининг ҳукми ҳам даҳшатли. Мавжуд маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, 25 февралда 39 одам отиш жазосига ҳукм қилиниб, 26 февралда 37, 27 февралда 41 фуқаро отиб ташланган. Шу бегуноҳ қурбонлар рўйхатининг 18-сатрида Кенбаев Сейитбекнинг номи ҳам бор.

1937 йилнинг ёзида оммавий қатлларда кўп жафо чеккан Кенбаевнинг устидан ариза ёзганларнинг орзуси амалга ошиб, у НКВДнинг кўзига тушади ва “халқ душмани” сифатида унга қуйидаги айбловлар қўйилади:

“...Душманлигини яшириб, юқори мансабга эришган Кенбаев 1933-1934 йилларда ўз ҳкумронлигидан фойдаланиб, билганини қилган, жумладан, ёрдам тариқасида кўпчиликка берилган озиқ-овқатни талон-тарож қилган. Сахийлиги жўшиб, давлатнинг дон-дунларини очликдан қийналган бойларга тарқатган. Партиявий ҳушёрликни йўқотганларнинг барчаси қатъий жазога тортилиши керак. Шунингдек, миллатчилик уясини очган Кенбаев шаҳар Шўросига раҳбарлик қилганида масъул лавозимларга ўзига ён босувчиларни тайинлаб, ваколатини суиистеъмол қилган. Масалан, ўша пайтда Шўроларга қарши ўқ отиб, Сўзоқ қўзғолонида иштирок этган Дауитбаев деган қони бузуқ одамни шаҳар кенгашига ишга олди. “Бунинг нима?” деганларга эътибор бермай, тушунтирмасдан, анча вақтгача “хавфли кадрдан” воз кечмади. Ниҳоят, қайта-қайта аризалар ёзилгач, Дауитбаевни “ўз аризасига кўра ишдан кетди”га чиқариб, бу ишнинг ҳам охирини чўзиб юборди”.

Бу ҳам етмагандек, шаҳар кенгашининг қарорини қалқон қилиб, Сўзоқ қўзғолонида иштирок этган бойнинг ўғли Жақсилиқов деган яхшилиги йўқ “душман фарзандини” шаҳар суғурта кассаси мудири этиб тайинлайди. Юрган йўлини билдирмайдиган, ортида ҳеч қандай из қолдирмайдиган “контра” Кенбаев “хўп, тақсир”лаб, айтганидан чиқмайдиган ходимлари Макаров, Тилегенов, Бобохонов каби хизматкорларига олдиндан тайёрлаган ижобий тафсифномаларга имзо қўйдириб, Жақсилиқовнинг виждони тоза, деб “сузги”дан ўтган малакали мутахассис сифатида кўрсатишга уринди. Бироқ ёлғоннинг умри қисқа. 1937 йилнинг февралида Жақсилиқов, ниҳоят ҳибсга олинди. Миллатчи-қўпорувчи ташкилотга куч-қувват берувчилар ҳаммасининг жазога тортилгани тўғрисида жойлардан хабарлар келганига қараганда Кенбаевнинг ҳам куни битишига оз қолган, шекилли...”, дея Шимкент шаҳар ижроия қўмитаси раисини асоссиз айблаган махфий ҳужжатларни ваколатли органларга юбориб,  Жанубнинг илғор фикрли арбобини ўққа дучор этади. Ачинарлиси, Кенбаевнинг ортидан эргашган олти нафар жигари ҳам қатағонга учраб, қурбон бўлган.

Сўз заргари Ғабит Мусирепов: “Адолатга хиёнат қилмаслик керак”, деганидек, Сўзоқ қатлиомининг сири очилаётган бугунги эркин даврда Шўролар Қозоғистони тарихига янгича муносабат шаклланиб, халқ қўзғолонига чинакам баҳо берилмоқда. Демак, Сейитбек Кенбаев каби келажак учун гавдасини ўққа тутган миллат фардзандларини авлодларга танитишда бир ёқлама ёндашув бўлмаслиги керак. Буюк Дала тарихи –авлодларга доимо намуна, миллатга – хазина.

Г. ШАРДАРБЕКОВА,

“Туркистон вилояти ижтимоий-сиёсий тарихининг давлат архиви” ДКК раҳбари, вилоят сиёсий қатағон қурбонларини тўлиқ оқлаш бўйича ишчи гуруҳ етакчиси.

М. ЕГЕМБЕРДИЕВА,

бўлим раҳбари.

Просмотров: 77 | Добавил: кимсан | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Ноябрь 2022  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz