ҚР Президенти Қ. Тўқаев Фармони билан Республика куни арафасида Туркистон шаҳридаги марказий шифохонанинг бир гуруҳ ходимлари юксак мукофот – “Денсаулық сақтау ісінің үздігі” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шифохона раҳбари Райимбек Тасирбаев юксак мукофотлар билан ҳамкасбларини муборакбод этди.
Мукофотланганлар орасида доимий жамоатчи обуначимиз, тоифали, тажрибали шифокор Шуҳрат Юсупов (тасвирда) – марказий болалар шифохонаси бўлим мудираси Женискул Раева, ушбу бўлимнинг кардиологи Зубайда Матқосимовалар ҳам бор (тасвирда). Мукофотлар муборак, қадрли шифокорлар!
Элга хизмат қилиб эъзоз топган Шуҳрат Собиржон ўғли 2014 йили Қарноқ қишлоғининг 2000 йиллик юбилейини ўтказишдаги фаол иштироки учун “Қарноқ 2000”, 2017 йили «Денсаулық», 2018 йили эса самарали меҳнатлари учун «Алтын дәрігер» кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Ш. Юсупов падари бузруквори, газетамизнинг энг жонкуярларидан бири, Қарноқ қишлоғига самарали раҳбарлик қилган Кентов шаҳрининг фахрий фуқароси Собиржон Юсуповнинг анъанасини давом эттириб, жорий йил 14 май куни Шимкентда ўтган “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси ададини ошириш мақсадида ўтказилган зиёли фаоллар анжуманида иштирок этиб, 20 нусха обунага ҳомийлик қилмоқда. Авлодлар бирлиги ворисдошлиги анъанасига кўра, Шуҳрат Собиржон ўғлининг иқтидорли фарзанди Дилмурод ҳам ота изидан бориб шифокорлик соҳасини танлади. Ленинград шаҳридаги тиббиёт институтини аъло баҳоларга тамомлаб, бугунги кунда қадрдон Туркистон шаҳридаги “Талғат” клиникасида меҳнат қилиб, беморларга саломатлик улашмоқда. Эл саломатлиги йўлида тер тўкаётган доимий обуначиларимиз – қадрли шифокорларга сиҳат-саломатлик, янги зафарлар тилаб қоламиз..
Ш. МАДАЛИЕВ.
|