Янги Иқондаги муштарийларимиз янгиликка ташна
“Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Алишер Сотволдиев, ўринбосари Муроджон Абубакиров ҳамда Эски Иқондаги 20 дона обунага ҳомий жонкуяримиз Ирисқул Аббосовлар ҳамроҳлигида Саврон тумани Янги Иқон қишлоқ ҳокимлигига ташриф буюрдик. Қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ўсар Неъматуллаев, жамоатчи мухбиримиз Олим Қосимов билан биргаликда қишлоқ ҳокими Тоҳир Абдаев ҳузурида обуна масаласини муҳокама қилдик. Т. Абдаев Саврон тумани ҳокимлиги ташкилотчилигида ўтган республика миқёсидаги тадбирларда фаол иштирок этганини айтди. У 2023 йилнинг биринчи ярмига шахсан ўзи ҳамда ҳокимлик аввалгидек 70 дона “Жанубий Қозоғистон” газетасига обунани зиммасига олиб, жонкуярлик танитди. Келгуси йилнинг биринчи ярмида Ўсар Неъматуллаев 40, Олим Қосимов 20, Бобожон Ёқубов 15 дона обуна билан ҳисса қўшадиган бўлди.
Аблайхан Қурманбеков раҳбарлигидаги Улуғбек номли мактаб жамоаси кутубхоначи Аяжон Исмоилованинг саъй-ҳаракатлари билан 100 дона газета олишда давом эттирадиган бўлди. Улуғбек номли мактабда танаффус учун қўнғироқ чалиш ўрнига дўмбира наволари янграётгани эътиборга лойиқ.
“Дарын kz” ҳамда “Жаңа Иқан” янги мактаблари жамоалари ҳам 50 донадан обунани расмийлаштиришди.
Таъкидлаш жоизки, 2022 йилнинг иккинчи ярмида Туркистон, Саврон ва Кентов ҳудудлари почта алоқа бўлими орқали обуна бўладиган муштарийларимиз сони 1500дан зиёд камайиб кетди. Ойлик, нафақа миқдори муттасил кўтарилиб бораётган, эл фаровон ва тўқ замонда она тилимиздаги давлат сиёсатини тарғиб этувчи қадрдон нашрни қўллаб-қувватлаш барчамизнинг муқаддас фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмайлик, азизлар!
Ш. МАДАЛИЕВ.
|