Вторник, 24.10.2017, 08:39
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои статьи [79]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 536
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Статьи » Мои статьи

УЗОҚНИНГ БУҒДОЙИДАН...

Одам савдоси - аср вабоси

УЗОҚНИНГ БУҒДОЙИДАН...

"Ёшим 30 да, 2 фарзанднинг онасиман. 2012 йил турмуш ўртоғим Қозоғистонга ишлаш учун кетди. Бир йил вақт ичида озроқдан пул юбориб турди. Кейинроқ телефон қилиб, менинг ҳам у ерга боришимни, биргаликда ишласак, кўпроқ пул топишимизни айтди.

Шундай қилиб, икки боламни онамга ташлаб, ўша ёққа бордим. У ерда эрим қурилишда ишларди. Мен у билан бирга ишлайдиган 50 нафар кишига овқат пишириб берардим. Биз оғир шароитда кун кечирардик. 4х6 метр ҳажмдаги хонада 50 киши, эркагу аёл бирга ётардик. Тахтадан қилинган 4 қаватли кроватда ётишга мажбур эдик. Иш ҳақимизни ўз вақтида беришмагани етмаганидек, қорнимиз овқатга ҳам тўймасди. Кетиб қолайлик десак, ҳужжатларимизни олиб қўйишганди. Шу зайлда бир йил, қурилиш битгунча ишладик. Қўлимизга паспортимиз билан арзимаган пул беришди. Уйга келиб, қадримизга, ўтган умримизга ачиндик.

Ҳозир эрим фермер хўжалигида ишлаяпти, мен эса ҳамширалик касбимни давом эттиряпман. Турмушимиз бинойидек. Топганимиз баракали. Кўп пул топаман деб, четга чиқиб кетиб, соғлигимизни йўқотдик. Айниқса, гўдакларимизни ота-она меҳридан жудо қилганимизга ачинаман. 1-синфга бораётган қизим "Ая, энди ҳеч қаерга кетманг, менга ҳеч нарса керак эмас, эски кийимларимни ҳам киявераман, бирор нарса олиб беринг, деб жанжал ҳам қилмайман" деб ялинади. Шундай пайтларда ношукурлик қилиб, тинч юртимни, фарзандларимни ташлаб кетганлигим туфайли ўзимдан нафратланиб кетаман. Чет давлатга ишлаш учун бормоқчи бўлганларга айтар гапим: фарзандларингизни ташлаб кетиб, уларни меҳрга муҳтож қилманг. Инсон ўз ватанидан бошқа жойда қадр топмас, рўшнолик кўрмас экан, буни ҳеч ким унутмаслиги керак.

Илтимос, исмимни, манзилимни ёзманглар..."

Таҳририятимизга келган юқоридаги хатда ўзга юртга ишлаш учун кетиб хор-зор бўлган, қуллик азобини бошдан кечирган бир аёлнинг аламли кечинмалари, дардлари битилган. У бугунги дориломон кунлар, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етмай кимларнингдир алдовига учганидан афсус-надоматда.

Минг афсуски, айни кунда орамизда бундай кишилар талайгина. Бугун ишлайман ёки ўқийман, деган инсон учун юртимизда барча имкониятлар яратилган. Бироқ тинч ва осуда меҳнат қилиш ўрнига олисдаги саробни олтин фаҳмлаётган, ўз юртида топганига қаноат қилмасдан, янада кўпроқ пул топиш илинжида чет давлатларга ишлаш учун чиқиб кетаётганлар, ўз ҳаётини гаровга қўяётган кишиларнинг айримлари одам савдоси қурбонига айланишмоқда.

Турли юқумли касалликлар аксарият ҳолларда юртимизга ташқи миграция оқибатида кириб келаётгани ҳам айни ҳақиқат. Кимларгадир ишониб, ҳеч қандай шартномасиз меҳнат қилиш оқибати яхшиликка олиб келмайди. Бундай иш тутаётганлар бир ўзи жабрланаётгани йўқ. Балки бутун оиласи, яқинлари азият чекмоқда. Қолаверса, жамиятимиз зарар кўрмоқда. Чет давлатда ишлаб келган шахс бирор юқумли касалликни юқтириб келиб, хасталик аниқлангунча, уни ўзгаларга ҳам юқтирмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунинг учун одам савдосига бефарқ қараб бўлмайди. Унга қарши курашиш барчанинг бурчидир. Унинг қурбонига айланаётганлар биз учун бегона эмас.

Алданиб қолаётганлар орасида аёлларнинг борлиги янада ташвишлидир. Уларнинг оиласидан, фарзандлари бағридан пул, бойлик илинжида чиқиб кетиши оқибатида болалари қаровсиз қолиб, тарбияси бузилмоқда. Ўсмирлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар ана шундай қаровсизликлар натижасида келиб чиқаётгани сир эмас. Айниқса, қиз боланинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Ота-она чет давлатга чиқиб кетган айрим оилаларда ўсаётган қизларнинг тарбияси бузилиб кетаётганлиги, ўткинчи ҳис-туйғуларга берилиб, билиб-билмай хатога йўл қўяётгани ҳам бор гап.

Баъзи аёлларимиз орзу-ҳавас деб, дабдабали тўй ва бошқа маросимлар ўтказиш орқали обрў орттиришни кўзлашади. Лекин оиланинг даромади ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Шу ўринда яна бир хатдан парча келтирамиз:

"Турмуш ўртоғим эндигина 28 ёшга кирди. Қайнонам "Бу ерда ёлчитиб пул топмаяпсан, сен ҳам ўртоқларингга ўхшаб Россияга бориб ишлаб кел, сингилларингни узатиш керак", дея уни жўнатиб юборди. Ҳатто, "Менинг буйрагим шамоллаган у ерлар совуқ..." деган гапларига ҳам қулоқ солмади. Ночор қолган эрим Россияга кетди. Бир йилдан сўнг эса ногиронга айланиб қайтиб келди. Юборган пуллари эса аллақачон қайнсингилларим сепига ишлатилиб бўлган. Қайнонам эса: "Энди ўз аравангни ўзинг торт" дея рўзғоримизни бошқа қилиб қўйди. Ҳозир мен ишлаб оилани боқяпман. Эрим эса уйда икки болага қараяпти. Унинг виждони қийналаётганини сезиб тураман".

Ҳа, тан олиш керак, "Мен сендан қолмайман" қабилида иш тутадиган, оила даромадларини режасиз сарфлайдиган аёлларимиз оиласининг қийинчилик билан йиллаб топган даромадини "Фалончининг тўйи мана бундай бўлди", деган бир оғиз мақтовга алмашадиган одатни қачон, қаерда ўргандилар? Ёш қизларимиз-чи? Уларнинг қимматбаҳо кийимлар кийиш, тилла тақинчоқлар тақиш, овоза бўладиган сеп йиғиш орзуси оталари, акаларининг ўзга юртларга боришга, пул топиб келишга мажбурлаяпти-ку!

Айрим юртдошларимизнинг аср вабоси бўлмиш одам савдоси қурбонига айланиб қолишнинг илдизларидан бири шу эмасми? Ота-боболаримиз "Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши" деб бежиз айтишмаган. Ўз вақтида бу иллатнинг томирига болта уришимиз керак.

 

Барнохон ҲАЙДАРОВА.

Категория: Мои статьи | Добавил: кимсан (01.08.2015)
Просмотров: 246 | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2017Конструктор сайтов - uCoz