Вторник, 24.10.2017, 08:48
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои статьи [79]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 536
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Статьи » Мои статьи

"ОШ ЎРНИГА - АЙРОН, КУНДОШЛИ УЙ - ВАЙРОН"

Бугуннинг гапи

"ОШ ЎРНИГА - АЙРОН, КУНДОШЛИ УЙ - ВАЙРОН"

Орамизда Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" асарини ўқимаган ёки ана шу асар асосида суратга олинган кинофильмни кўрмаган киши бўлмаса керак. Асарнинг бош мавзуси ўша даврдаги жамиятнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлари талқини бўлса-да, халқнинг турмуш тарзи билан боғлиқ ҳаётий воқеалар ҳам маҳорат билан тасвирланган. Жумладан, кундошликнинг муштига рўбарў бўлган икки аёлнинг қисмати моҳирона қаламга олинган.

Бири - Кумуш Отабекнинг суюклиси, Зайнаб эса Отабекка муҳаббати кучли бўлган ожиза. Хушрўй синглиси Зайнабнинг оиласидаги кундошликнинг азобли ҳаёти ҳақидаги арзини тинглаб, ажрашишни маслаҳат беради. Аммо жонидан ортиқ кўргани Отабекни Кумушга қолдириб ажрашиб кетишни хоҳламайди ва ўз билганича йўл тутиб, кундошини заҳарлайди...

Умуман олганда, кундошлик, қўш хотинлик мавзуси қанчалик кўҳна бўлмасин, бугунги кунга келиб ҳам одамларни қизиқтираётган, ташвишга солаётган мавзулардан бири бўлиб турибди. Бугун "фалончининг иккинчи хотини" деган ном билан яшаётган оилаларнинг борлиги сир эмас. Бу билан боғлиқ ҳолатлар, айниқса, кўп қаватли уйларда кўпроқ учрайди.

Мазкур масалада сўз юритишдан аввал таъкидлаш жоизки, юртимизда қўш хотинлик қонун билан таъқиқланади. Ўзбекистон Республикасининг "Оила" кодексида фуқаронинг бир пайтда иккита никоҳда бўлишига рухсат берилмаган. Бироқ кейинги йилларда иши юришган тадбиркорлар, савдогарлар кўпайиб боргани сайин, қўшхотинлик эркаклар сони ҳам ортиб боряпти. Яъни, тадбиркорлик ортидан яхши даромад топаётган айрим эркаклар ўз оиласи таъминотидан ошиниб, иккинчи бир аёл билан шаърий никоҳдан ўтиб, яшаб келмоқдалар. Бундай оилаларнинг вужудга келиши кўп жиҳатдан аёлнинг моддий таъминоти билан боғлиқ бўлмоқда.

Рисоладаги оилада, ўзбекона одоб ва аҳлоқ қоидалари асосида тарбия кўрган қиз вақти соати етиб, ўзи тенги йигитга турмушга чиқиб, бахтли оила қуриб яшайди. Зотан, бундай оилада улғайган ўғил-қизлар ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етадилар, жамиятда ўзларининг муносиб ўрнини топа оладилар.

Таассуфлар бўлсинки, иккинчи хотин бўлиб яшаётган оилалар барибир тўлақонли оила ҳисобланмайди. Бундай оилада улғаяётган фарзандлар эса оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг ўзига хос анъаналаридан тўлақонли баҳраманд бўла олмайди. Биргина мисол: Ота ҳамиша ҳам оила даврасида бўлмаслиги аниқ. Демак, ўша оилада отанинг ўрни у қадар муҳим аҳамият касб этмайди. Бу ўз-ўзидан фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, ҳаётда ҳали у хотинини уйига, ҳали бу хотинининг олдига югураётган эркакларни кузатиб, унинг турмушида қандай хотиржамлик бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб, ўйимнинг охирига етолмайман...

***

Бир куни шошиб кетаётсам, таниш аёл учраб қолиб, "маслаҳатингиз керак эди" деб қолди.

- Қариндошимнинг ёши ўтиб қолган қизи ўзидан ўн беш ёш катта одамга иккинчи хотин бўлиб турмушга чиққан эди. Эри уч хонали "дом" олиб, яхши шароитлар қилиб берган, - деди ўша танишим. - Турмушга чиққанига мана ўн йил бўлди. Икки боласи бор. Қизи тўққизга, ўғли эса олти ёшга кирди. Ҳовли-жойда яшайдиган кундошининг тўртта боласи бор. Бир-бирлари билан гаплашиб туришар, яхши муносабатда яшашар эди. Яқинда кундоши тонг саҳар қўнғироқ қилиб, "ҳозиргина дадамиз телефон қилиб, зудлик билан "залог"ка қўйгани тилла тақинчоқлар керак, деди. Мен ҳам ҳамма зирагу узукларимни ечиб бердим, сиз ҳам бор тилла тақинчоқларингизни бериб юборар экансиз, бир-икки ҳафтада қайтариб берар экан" деб, тилла тақинчоқларини катта ўғли орқали олиб кетибди. Содда қариндошим кундошининг бу гапи хийла эканлигини, ўша куни тунда эри юрак хуружи билан оламдан ўтганлигини кейин билибди. Алам билан яшаётган кундоши бошига мусибат тушганига қарамай, мана шундай хийла билан қариндошимнинг бор тиллаларини тортиб олибди.

Кейинроқ кундоши телефон қилиб, "Бу тилла тақинчоқларни шунча йил тақиб юрганинг етар. Билиб қўй, ўн йил менга тегишли бўлган маблағнинг ярмига шерик бўлиб яшадинг, булар аслида меники эди. Уйимга келиб, тўполон қиламан деб ўйлама, қаттиқ пушаймон бўласан", дебди. Энди қариндошим икки бола билан кўчада қолди. Чунки яшаётган уйи ҳам эрининг номида экан. Энди нима қилишни билмай боши қотган...

Бу борада жўяли маслаҳат бера олмаслигимни айтдим. Чунки шаръий никоҳ билан яшаб келган бу аёлнинг на тилла тақинчоқларда ва на яшаб келаётган уйида қонуний ҳаққи йўқ эди. Икки хотинни бекаму кўст таъминлай оламан, деб ўзига ишонган ўша пулдор одамнинг бевақт ўлими иккинчи хотинини болалари билан сарсонликда қолдирди.

***

Яна бир шунга ўхшаш воқеани яқин танишим гапириб берди:

- Рўпара қўшним - қирқ ёшдаги аёл, ўзидан йигирма ёш катта бадавлат бир инсоннинг иккинчи хотини бўлиб, ўн икки йилдан буён ўша одам келиб-кетиб яшар эди. Кеча келган куни тунда юрак хуружи тутиб, оламдан ўтибди. Қўшним "дод" деб бизникига чиқибди, "Тез ёрдам" чақирдик. Дўхтирлар энди фойдаси йўқ, "инфаркт" деб кетишди. Қўшним нима қиларини билмай эрининг ўғлига қўнғироқ қилди. Ярим соатда ўғли келиб, отасининг жасадини кўрпага ўраб машинасига жойлади. Кетар чоғида қўшнимга "уйимизга боришни хаёлингизга келтирманг, онамнинг кўз-ёшлари шу пайтгача тўкилиб бўлган, яна яраси янгиланишини хоҳламайман", деди халиги одам. Қўшним бўлса, "дод" деб кўз-ёш тўкди. Унга нима деб тасалли беришни билмадим.

***

Бир қўшнимнинг қизи пойтахтдаги ўқув юртларидан бирида таҳсил олади. Ўша қиз билан бугунги ёшлар, хусусан тенгқур дугоналарининг орзу-ниятлари ҳақида суҳбатлашдим.

- Мен билан ўқийдиган ўзларини ўта замонавий деб биладиган баъзи қизлар бой одамга иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқишни очиқ-ойдин айтишади, - деди қўшнимизнинг қизи.

- Йўғе, нимага бундай дейишади? - Таажжубланиб савол бердим мен.

- Чунки рисоладаги оилага келин бўлиб тушса, қайнона-қайнотанинг хизматини қилиши лозим, оиладаги юмушлар, яна тонг саҳар туриб ҳовли супуриш, ошхонадан чиқмай овқат тайёрлаш керак. Агар бирор бадавлат кишининг иккинчи хотини бўлса, аввало, шаҳар марказидан камида уч хонали уй, машина олиб бериш талабини қўйишади. Энг қиммат ресторанларда овқатланишу турли базмларда ялло қилиб юришни орзу қилишади...

Ҳаётни кўнгилхушлик деб биладиган, оила масаласига бу қадар енгил қарайдиган қизларнинг борлигини тасаввуримга сиғдира олмайман. Ундайларнинг борлиги миллатимизга иснод эмасми? Ўзбекона аҳлоқ-одоб, андиша, оилага ҳурмат тушунчалари қаерда қолади? Бундай оилада (агар буни оила деб аташ мумкин бўлса?) туғилган болаларнинг тарбияси ҳам рисоладагидек бўлмаслиги аниқ. Отасининг бошқа бир хонадонда ҳам болалари борлигини билган йигит-қизларнинг дунёқараши, оилага муносабати қандай бўлишлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

***

Кундошлик турмуш, иккинчи хотин мавзусида суҳбатлар бўлганида, уни ёқлайдиганлар ҳам топилади. Яъни, аёл ёш ҳолда эридан ажрашгани ёки эри вафот этгани туфайли кимнингдир никоҳида бўлишлигини баъзи бир одамлар оқлайди. Балки шундайдир. Лекин менинг назаримда инсонда оила битта бўлиши керак. Ахир ҳар куни отасининг уйга келишини интиқ кутадиган боланинг орзулари саробга айланиши, унинг кўнгли синиши фожиа эмасми? Ахир синган кўнгилни ҳеч қачон ўрнига келтириб бўлмайди-ку!

- Шариатда қўш хотинликка рухсат берилса-да, бу масалага жиддий ёндашиш керак, - дейди вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова. - Оила муқаддас қўрғон. Бу қўрғоннинг мустаҳкам бўлиши, энг аввало, оиланинг ҳар бир аъзоси ўз зиммасидаги бурч ва масъулиятни қай даражада адо этишига, қолаверса, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббатга, ўзаро ишончга, фарзандлар аҳиллигига боғлиқ. Иккинчи оила қурилганда эса ана шу жиҳатлар тўла тўкис бўлмаслиги мумкин.

Қолверса, вақтлар ўтиб, иккинчи оиласи бор ота фарзанд-ларига: мен чиройли ҳаёт кечирдим сизлар ҳам ҳеч қачон ножўя иш қилманг, деб насиҳат қилишга маънавий ҳақи бўлармикан?!

Баъзан кундошли аёллар "биз кундошим билан жуда иноқ яшаймиз", деб бошқаларга ўзларининг бахтли эканлигини айтадилар. Бироқ бу сўзлар ёлғон экани нигоҳлари фош этиб қўяди. Халқимизда ҳатто, тул қолган эркак бошқа аёлга уйланар чоғида хотинининг қабрига бориб сув қуйиб келиш ирими бор. Боиси қабрдаги ўлган аёл эрининг уйланаётгани учун рашк оловида ёнар эмиш. Шундай экан, қайси аёл ўзининг тўкис бахтини кўра-била туриб, бошқа биров билан бўлишишни истайди?

Умуман, турли даврларда, дунёдаги кўплаб халқларда "қўш хотинлик" қўллаб-қувватланмаган. Бугун биз ҳуқуқий-демократик жамият барпо этиш йўлидан бораётган эканмиз, энг аввало, қонунларимизга қатъий амал қилишимиз, ҳар биримиз учун муқаддас бўлган оиламиз тотувлигини таъминлашимиз мақсадга мувофиқдир.

Фикримизни мухтасар қилиб, халқимизнинг "Ош ўрнига - айрон, кундошли уй - вайрон" деган мақолини келтирсак-да, бу борадаги хулосани муштарийларимизнинг ўзларига қолдирсак?

 

Феруза МИРЗАОЛИМОВА.

 

Таҳририятдан: Азиз газетхонлар мавзу доирасида сизнинг фикрингиз қандай? Бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб юборинг.

Категория: Мои статьи | Добавил: кимсан (01.08.2015)
Просмотров: 392 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2017Конструктор сайтов - uCoz