Пятница, 29.03.2024, 18:06
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои статьи [79]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Статьи » Мои статьи

Гулноз Мамарасулова КУТАЁТГАН АЁЛ

Гулноз Мамарасулова

КУТАЁТГАН АЁЛ

Жимжитлик…

Қоп-қоронғу хона…

Стол устида безатилган дастурхон. Бугун байрам, баҳорий байрам… Лекин фақат бу хонадонда эмас…

Хонада соатнинг оҳиста чиқиллаши-ю, бир бурчакда ғужанак бўлиб ўтириб олган аёлнинг тинмай уҳ тортиши эшитилади, холос.

Аёл бошини секин кўтариб соатга қаради. Тун яримлай деб қолибди…

Аёл деворга суянганча ўрнидан турди ва аллақачон совуб улгурган чойнакдан пиёлага чой қуйди-да, бош оғриғини қолдирувчи дори билан қўшиб ичди. Сўнгра яна жойига қайтди. Бадани ловуллаб ёнаяпти, иситмаси баланд.

Ҳайҳотдек уйда у ёлғизликка маҳкум…

Аёл бошида турган қаттиқ оғриқдан инграб юборди. Демак, дори умуман таъсир қилмапти. Қани энди, шундай пайтларда ёнида тургувчи суянчиғи бўлса… У бошини кафтлари орасига олиб чангаллаганча қаттиқ қисди. Кўзидан оқаётган шашқатор ёшлар юзини ювди.

Ўзи унга нима бўлаяпти? Бу кўйга уни ким солди, ким сабабчи бунга? Наҳотки барчасига ўзи айбдор бўлса, наҳотки…

Нега шундай бўлди, нима учун айнан унинг пешонасига мана шу азоблар битилган…

Аёл ҳеч бўлмаса бугун эрининг қайтишига ишонганди. Байрам бўлса-да, ундан совға кутгани йўқ,  ўзи келса бас… Аёл учун шу катта совға эди. Дастурхон тузади, тансиқ таомлар пиширди. Бу  кунни неча кундан бери кутаётганди… неча кундан бери тараддудлик кўрди. Негадир унинг шу бугун келишига ишонганди. Барчаси бефойда кетди… барибир у келмади.

Аёл ўзига ҳамдардлик билдираётгандек тинмай чиқиллаётган соатга қаради. Кўз ёшларини артди. "Ҳали вақт бор, балки келиб қолар”, дея ўйлади аёл умид билан. Сўнгра ўзини овутиш учун хаёл оғушига чўмди.

*  *  *

Ёшликда бир-бирини ёқтириб қолиб, турмуш қуришди. Топиш-тутиши яхшигина эрининг иши шаҳарда бўлганлиги учун уй олиб шаҳарга кўчиб ҳам келишди. Гўё ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди. Аммо…

Бир кам дунё деб, бежизга айтишмаган экан. Иккови ҳам бахтли эди. Фақат фарзанд бўлавермади. Кўп кутишди… Эҳ-ҳе… Шифо излаб бормаган дўхтирлари қолмади. Аёл ич-этини ерди. Икколовининг ҳам орзу-умидлари пучга айланяпти. Эри унга ҳеч нимани сездирмаса-да, аёл ҳаммасини билиб юрарди. Эри унга бир нима деб таьна қилаётгани йўқ. Аёл шунинг учун ҳам куйиб кетарди. Ахир улар тенги оилаларнинг бир нечталаб фарзандлари бор. Кўча-кўйда бирга юришганида  болаларини етаклаб юрган бахтиёр ота-оналарни  кўрса, эрининг улар ортидан ҳавас ила узоқ муддат тикилиб туриб қолганига кўп марталаб гувоҳи бўлди. Шундай пайтлари аёлнинг ичини нимадир куйдириб ўтгандай бўларди.

Ноумид шайтон экан… Бир куни газета ўқиб ўтириб, бир эълонга кўзи тушган аёл жонланиб қолди. Эълонда ёзилишича, бепуштликни даволаш мумкин экан. Сўнги умид аёлга ҳаёт бахшида этди гўё. Эрининг ишдан келишини интиқиб кутган аёл, дарров мақсадга ўтишга ҳаракат қилди:

– Бугун газетада яна….

У гапини бошлашга бошлади-ю, аммо нима деб давом эттиришни билмай қолди.

Бир неча дақиқалик оғир сукутдан сўнг эр гап нимадалигини сезди чоғи:

– Қўйсанг-чи энди бу гапларни! Худо бераман демаса, бандасининг қўлидан ҳеч иш келмас экан, –  дея бу мавзуга нуқта қўймоқчи бўлди.

– Нега қўяман?.. Нима учун?.. Сизга барибир бўлиши мумкин, лекин мен адойи тамом бўлаяпман. Тенгқурларимни кўрсам ичимни ит тимдалайди… Бугун бозорга чиқувдим, –  аёл ҳиққилаганча давом этди: –  Қишлоқда бирга ўқиган синфдош дугонамни кўриб қолдим. Ўғли мактабни битирибди, шунга шаҳарга ўқишга кирмоқчи экан. Яна укаларининг ҳам бўйлари чўзилиб қолган, сеники нечта бўлди, деб ҳадеб сўрайди. Кўзимни ердан узолмай қолдим. Ер ёрилмади-ю, мени ютиб кетмади…

Изтиробдан юзи бужмайган эр аёлининг қўлини маҳкам ушлади.

Эр иккиланиб қолди:

– Барибир фойдаси бўлмаса-чи? Бу сафар ҳам яна ўша гап бўлса сенам, менам кўтаролмаймиз…

– Майли, мен чидайман. Насиб бўлса, ҳаммаси яхши бўлиб кетар. Сиз рози бўлсангиз бас….

Сўнги умид…  Шу илинжда улар яна шифохонага йўл олишди. Аёл қаттиқ ишонарди: бу сафар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади…

Аёлнинг чеҳраси очилганидан эри ҳам хушнуд эди.

Дўхтирларнинг тавсиялари бўйича барча муолажалар-у дори-дармонлар олинди.

Энди фақат сабр, кутиш… Қачонгача…

– Икки-уч ой ичида даволанишлар албатта ўз натижаларини беради, –  дея ишонч билан гапирганди дўхтир.

Афсуски… Ярим йил ўтди ҳамки, бирон бир ўзгариш сезилмади.

Сўнги умид… Барчаси барбод бўлди. Аёл эрининг юзига тик қарай олмай қолди. Гўёки барига ўзи сабабчидай… ҳаммасига ўзи айбдордай…

Эрининг индамаслиги, дардини ичига ютиб юравериши эса баттар бағрини эзарди. Қани энди эр-хотин ўтириб ҳасратлашишса, аёл тўйгунча йиғлаб олса… Нима қипти шундай бўлса? Ахир иккисининг ҳам юраги зардобга тўлган-ку…

Эри  аёлига қанчалиқ вафодор,  қанчалар меҳрибон-а? Бирон марта "болам йўқ” деб нолимади. Аёлини ҳақорат қилиб, хўрлагани йўқ. Фарзандсиз ҳам шунча йилдан бери тотув яшашяпти. Агар унинг ўрнида бошқа бир номард эркак бўлганидами… Билмадим нималар қиларди. Хотинини не кўйларга, не азобларга соларди…

Аёл шуларни ўйлар экан, қатьий қарорга келди. Ҳаммасига нуқта кўяди. Эрининг ҳам бошқа аёлга уйланиб фарзандли бўлишга ҳаққи бор. Ахир умри шундай ўтиб кетавермайди-ку… Агар эрига қўйиб берса, аёлини ҳеч қачон ташлаб кетмайди. Шунинг учун…

Аввалига аёл буни айтолмай анча ўйланиб юрди.

– Тинчликми, нега паришонхотир бўлиб юрибсан? – дея бир кун гап бошлаб қолди эр.

Барча гапни айтишнинг айни пайти келганини сезган аёл мақсадга кўчди:

– Сиз билан ортиқ яшолмайман! Илтимос, кетинг!.. – деди аёл юзига қаҳрли тус беришга тиришиб.

Аслида эса… Ундан ажралишни умуман истамасди. Лекин қачонлардир, кимдир бу ҳукмни ўқиши аниқ эди. Шундай экан… аёл бунинг узоққа чўзилишини хоҳламади. Хўжайни балки бошқа аёл билан турмуш қурганида бахтли  бўлармиди?.. Балки… Ҳалиям кеч эмас…

Шунинг учун ҳам аёл ўзи истамаса-да, ўзини енгди. Эр худди унинг гапларини эшитмаётгандай, қимир этмади.

– Гапиринг, қачон кетасиз? – деди аёл бўғзигача бостириб келган йиғини тўхтатишга тиришиб.

 Ҳозир анча толиққансан. Асабларинг ҳам ўйнаб турибди. Шунга…

Эрнинг гапи чала қолди.

– Нима, телбасан демоқчимисиз? Ҳа, шундай! Мен телбаман, телба! Шунинг учун кетинг! Ҳозироқ!..

Хотининг аҳволини тушунган эр яна индамади.

– Сизга турмушга чиққан мен аҳмоқ…  – деди аёл охири.

Бу гап баридан ўтиб тушди. Эрнинг ранги ўзгариб кетди. Аммо хотинига қўл кўтармади, ҳақорат қилмади. Ўрнидан турди-ю, индамай чиқди-кетди.

У қайтмади…

Изиллаб йиғлаётган аёл юзини ёстиққа босди. У ўзича тўғри иш қилганди. Эри балки энди бахтини топар…

 

*  *  *

Аёл бир нуқтага тикилганча узоқ хаёл сурди. Кутилмаганда телефоннинг жиринглаб қолиши хаёлини бузди. "Ким экан… Наҳотки…” Аёлнинг юзи ёришди, телефонга шошди.

–  Ало…

Сукут… Аёлнинг юраги гупуриб кетди.

–  Ким бу, гапиринг… – деди яна аёл.

–  Бу мен… – ва ниҳоят жавоб келди.

Жувоннинг юзи қизарди,  бошида турган оғриқ таққа тўхтади. У ўзини енгил ҳис қилди. Унинг юраги алдамаганди, қўнғироқ қилган эри эди.

–  Байрамни яхши кутиб олдингми? Ўша куни командировкага жўнаб кетишим керак эди. Бугун охирги кун. Эртага уйга қайтаман… Сени соғиндим…

–  Мен ҳам…  – пичирлади аёл. – Сизсиз яшаш азоб экан…

Категория: Мои статьи | Добавил: кимсан (03.08.2013)
Просмотров: 1041 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz