Вторник, 16.04.2024, 13:19
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои статьи [79]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Статьи » Мои статьи

Бугуннинг гапи

Бугуннинг гапи

МЕНГА КАСАЛ КЕЛИН КЕРАКМАС

ёхуд келиннинг саломатлигига ким масъул?

Фарзанд - ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, ҳар қандай нақш ва суратдан холи бебаҳо гавҳар ҳисобланса, фарзанднинг тарбияси, одоб-аҳлоқи эса унинг сийратини кўрсатувчи ҳусндир.

Санобар опа қиз узатди. Эшигини энг кўп тақиллатиб келиб, ҳоли жонига қўймаган совчиларга розилик бердию, тўй бошланиб кетди. Тўй ўтгунча бозор-ўчардан бери келмай сарпо қилган Санобар опа тўйдан сўнггина мириқиб дам оламан деб ўйлаганди. Бироқ байраму туғилган кунлар, ҳайитлардаги йўқловлар онани тинч ўтиргани қўймади.

Дилдора тушган жойини азиз билди. Қайнона-қайнота, турмуш ўртоғининг ҳурматини жойига қўйди. Бироқ қайнона бўлмишнинг феъл-атвори аста-секин очила бошлади. Келиннинг қилган юмушлари ёқмас, таомларидан айб топиб чарчамасди. "Қандай қиз тегмасди-я ўғлимга?! Шундан бошқасига уйланмайман деб туриб олмаганида, эҳ-ҳе, кимни обермасдим-а... Яна мени совчиликка зир қатнатгани-чи бу ойимтиллани. Ҳали совунимга кир ювмабсан!" Ҳар сафар дилидан шуларни ўтказаркан, қайнонанинг ичи куярди. Дилдора эса барча дилхираликларни ичига ютар, ҳатто эрига ҳам "ёрилмасди". Бу орада ҳомиладор бўлдию, қайнонасининг инсофга келишини кутди. Лекин бундай бўлмади. Қайнона аввалгидан терсроқ бўлиб борарди.

Келинининг ҳомиладорлигини инобатга олмай, оғир юмушларни ҳам бажартирар, келин бечоранинг кечаси билан белидаги оғриқларга чидай олмай инқиллаб чиқишларини шунчаки оғироёқликнинг белгилари деб ўғлини ишонтирарди. Натижа шу бўлдики, Дилдора вақти етмай, кўзи ёриди. Чақалоқ нимжон бўлса-да, Яратганнинг иродаси билан яшаб кетди. Дилдора онасиникида ҳам узоқ қололмади. Қайнонасининг "Болаларимни соғиниб кетяпман. Олиб кета қолайлик. Ўз уйида ҳам чилла сақлашаверади", деган гаплари билан келинлик уйига қайтди.

Дилдора уйга қайтган кунининг эртасигаёқ юмушларга кўмилиб кетди. Қўни-қўшниларнинг "туққан хотинсиз, белингизни боғланг. Ўзингизни, ҳеч бўлмаса, қирқингиз чиққунча эҳтиёт қилинг", деган гапларига кирай деса, қайнонасининг қаҳридан қўрқди. Чунки қайнонаси икки гапнинг бирида "биз ҳам туққанмизу, эртасидан ишга чиқиб кетаверганмиз. Чилла сақлашни ҳам билмабмиз", дейишларини қўймасди.

Дилдора иккинчи фарзандини дунёга келтирдию, ўзи касалванд бўлиб қолди. Қайнона эса осонгина ўғлига шарт қўйди: "Ё мени дейсан, ё касал хотинингни!". Турмуш ўртоғи Дилдорани ташлаб қўймаслигини айтиб ажрашди. Касал келин ўз туғилган уйига қайтди...

Ҳаётимизда бу каби ҳолатлар учраб туради. Хўш бундай бўлишига ким сабабчи? Албатта, энг аввало қайнона, ана шу хонадондаги муҳит десак муболаға бўлмаса керак. Лекин бу масалада фикрлар хилма-хил бўлиши мумкин. Келинг яхшиси, айрим юртдошларимизнинг мавзу доирасидаги фикрларигап қулоқ тутайлик.

* * *

Нодирахон Қўчқорова, қайнона, Андижон шаҳридан:

- Келин олиб оёқ-қўлимни чўзиб ўтираман деб ният қилгандим. Янглишибман. Келин келиб, ўзим хизматчига айландим. Келинлигининг дастлабки ойларидаёқ "бошқоронғиман" деб уйига қамалиб олиб ўтирадиган одат чиқарди. Нима эмиш, ҳеч кимни кўргиси келмасмиш. Биз ҳам оғироёқ бўлганмиз, бироқ қайнонамиздан хижолат бўлганимиздан бошқоронғиликни ҳам сездирмай ўтказишга мажбур бўлганмиз.

Ҳозирги ёшлар андишани ҳам билмайди. Майли дедим, аммо туққунча "угрозаман" деб даволаниб чарчамади. Набиралик ҳам бўлдим. Энди эса келинпошшанинг яна бир дарди чиқди. Камқон эмиш. Буни эшитиб, очиғи, жаҳлим чиқди. Бунақа касал келин кимга ҳам ёқарди? Ёлчитиб хизматимни қилмаса...

Дилоромхон Аҳмедова, Пахтаобод туманидаги Бобур МФЙ маслаҳатчиси:

- Бу муаммо ҳамма жойда бирдек учрайди. Чиндан ҳам келини касал бўлгач, кўпчилик қайноналаримиз қилдан қийиқ ахтаришга тушадилар. Ҳатто айрим куёвларимиз ҳам келинни даволатиш ўрнига ота уйига қайтариб юбораётганликлари ачинарлидир. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, масалан, биз маҳалламизда келин ва куёвнинг никоҳдан аввалги тиббий кўрикдан ўтишларини қаттиқ назорат остига олганмиз. Негаки, қайноналаримиз кейинчалик келинлари бемор бўлганларида, уларни келинлик хонадонига келишларидан олдин касал бўлганликларини важ қилиб кўрсатишларига имкон қолмайди. Бундан ташқари, агар бирор оилада шундай кўнгилсиз ҳолат юзага келса, албатта, маҳалла фаоллари, шифокорлари билан маслаҳатлашиб ўша оиладаги муҳитни яхшилашга ҳаракат қиламиз.

Муяссархон Умурзоқова, Андижон шаҳар 2-маиший хизмат касб-ҳунар коллежи маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:

- Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида коллежимизда шифокорлар, маҳалла фаоллари иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этаяпмиз. Бундан кўзланган асосий мақсад, қизларнинг қайноналар мактабида оқсаб қолмаслиги, уларга ўзларининг саломатлиги борасида хали ўқувчилик чоғиданоқ қайғуриш ҳақида зарур билимлар беришдир. Бу муаммонинг калити, фикримча, қайноналар келинларини ҳам ўз фарзандидай қабул қилиб, улар касаллигида ҳам худди соғ пайтидагидек меҳрини аямасликларида деб биламан.

Моҳирўя Алимова, Андижон шаҳар 2-туғруқ комплекси бош шифокори ўринбосари, гинеколог:

- Келинининг касаллиги ҳақида билмаган қайнона, демак, тўйдан олдин ёшларни тиббий кўрикдан ўтказмаган! Бу унинг биринчи айби. Чунки тўйдан аввалги тиббий кўрик натижалари келинни ҳам, куёвни ҳам қандай касаллик безовта қилишини аниқ кўрсатиб беради. Тиббий кўрик хулосалари ижобий бўлса, демакки, келиннинг касал бўлиш сабабларини у яшаётган муҳитдан излаш керак. Ана шундагина муаммога ечим топилади. Бунда, аввало, туғиш ёшидаги аёлларимиз туғруқ оралиғини сақлашлари, ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги вақтда саломатлик қоидаларига риоя қилишлари, хонадонда соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиниши муҳимдир. Ҳомиладорлик вақтида ҳам айрим нохушликлар сабаб келинларимизда "угроза", яъни бола тушиш хавфи кўп кузатилади. Шунингдек, айрим ҳолларда оналаримизни туғруқдан кейин камқонлик, қон босимининг ошиши каби хасталиклар безовта қилиши мумкин. Ана шу даврда қайноналар келинни эҳтиётлаши зарур, келинларини тўғри тушунишлари, уларга яқин сирдош бўлишлари мақсадга мувофиқдир. Шундагина "касал келин"лар бўлишининг олди олинади.

* * *

Мана, азиз газетхон, муаммонинг сабаблари, уни бартараф этиш ҳақидаги айрим фикрлар билан танишдингиз. Мазкур масалада кимнидир айблаш, кимнидир ҳақ ёки ноҳақ деб айтиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Унутмайликки, аёл келажак авлод, миллат давомчиси. У соғлом бўлсагина, соғлом фарзандлар дунёга келади. Шу боис қайноналаримиз келинларини авайласин, шундагина унинг авлоди, ҳаёти давомчилари соғлом бўлади.

Оналаримиз эса қизларнинг соғлом ўсишларига алоҳида эътибор қаратсин. Чиройли тарбия бериб, оилавий ҳаётга тайёрлаб борсин, қайнона-қайнотасини ҳурмат қиладиган, ҳар қандай муаммони катталарга чиройли тарзда тушунтира оладиган оқила бўлсин. Бу эса қайнона-келин ўртасида зиддиятлар келиб чиқишининг олдини олади. Менга касал келин керакмас, деган гап-сўзларга ўрин қолдирмайди.

Зилола РАҲМОНОВА.

Категория: Мои статьи | Добавил: кимсан (01.08.2015)
Просмотров: 1125 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz