Среда, 24.04.2024, 13:29
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 5
Гостей: 5
Пользователей: 0
Главная » 2013 » Август » 3 » ЗАҲИРИЙ САМАРҚАНДИЙ: ХОТИНЛАР МАКРИ (3-6)
23:18
ЗАҲИРИЙ САМАРҚАНДИЙ: ХОТИНЛАР МАКРИ (3-6)

ЗАҲИРИЙ САМАРҚАНДИЙ: ХОТИНЛАР МАКРИ (3-6)


           хотинлар макри расмиЛАШКАРБОШИ, УНИНГ  МАЪШУҚАСИ  ВА   ШОГИРДИ  ҲАҚИДАГИ ҲИКОЯ

- Ровийлар андоғ ривоят қилибдурларким, қадим замонда, Колиф томонда бир лашкарбоши бўлиб, унинг жамоли Шуштарий тўнини кийган (Шуштар – Эрондаги шаҳар бўлиб, у ерда ипакчилик зўр ривожланган, шу ипакдан тикилган либослар шуҳрат қозонган.)

Муштарийга менгзар, кўрганлар одам сувратидаги ҳури ғилмон дерканлар.

Бир куни лашкарбоши маъшуқасига тубандаги мазмунда хат ёзибди: «Бу бандага лутф кўрсатиб, кулбамга қадам ранжида қил, хушҳоллик ила вақт ўтказайлик. Зеро, висол айёми онийдир. Замон чангалзорида унган гул янглиғ бул абас фурсатни ғанимат билайлик».

Лашкарбоши хатни шогирдининг қўлига тутқазиб, маъшуқасининг уйига юборибди.

Шогирд маъшуқанинг уйига келиб лашкарбошининг мактуби ҳамда дуойи саломини етказибди ва аёлга қараса, у бир сарв қадлик ҳур, ой юзлик жонона эмиш. Шогирд юрагига ўт тушиб, шавқи қўзғабди: «Асибта фалзам ва важадта фағнам. (Ар. «Етдингми – ол ва топдингми – ғанимат бил».)  Бундай луқмани ютмасам бўлмас». Хуллас, шогирд аёл гўзаллигига шайдо бўлиб, унинг зулфу холига боғланиб қолибди.

Лашкарбоши уйини тартибга келтириб, кошонасини зебу зийнатлар ила безабди, эшикдан маъшуқаси ёки ундан бирор мужда келишига кўз тутиб, кулбаси ёр жамоли нуридан равшан, ҳужраси суюклиги зулфининг мушкидан муаттар бўлишига умид боғлаб ўтирибди.

Шогирд устозига қараганда ризқлироқ, маъшуқа эса ошиқдан кўра бетоқатроқ чиқибди. Шогирд хожасининг хизматини адо этгач,  уй бекасидан қадам ҳаққини сўрабди. Хотин дебди:

- Сенга ҳам бул рубобимдан бир тарона бахш айлаб, шогирдлик хизматинг ҳаққини тўлай.

Шогирд таъзим қилиб дебди:

- Ишқ қудрати шундаки, юрак саҳифасига ўйилган нақш кўнгил кўзи билан ўқилгай ва «ал-қулубу миръот-ул-қулуб»нинг маъниси ушбудир: Ишқ сирини англамаган – ҳайвондан баттар.

Шундан сўнг улар ширу шакар янглиғ қўшилибди, гул билан булбул каби бир-бирининг бўйнига чирмашибди.

«Ал-ишқу аввалуҳу зайнун ва охириҳу шайнун». (Ар. «Ишқнинг авали яхши, охири эса расволикдир».)  Шогирд келавермагач, лашкарбоши ундан хавотирланибди ва қиличини белига боғлаб, маъшуқанинг уйи томон йўл олибди. Етиб келгач, эшикни тақиллатибди.

Шогирд дебди:

- «Оҳ, рубба умнийятин адат илло манийятин». (Ар. «Тупроқ бўлган қанчадан-қанча орзулар».)  Эй, бекам, менинг ҳам, ўзингнинг ҳам жонингга қасд қилдинг! Энди буёғи нима бўлди? Мени бу азоб гирдобидан ким қутқаради?

Хотин:

- Қўрқма, мана бу ҳужрага кириб қоронғида ўтир! – дебди-да, ошиқнинг истиқболига ошиқибди ва эшикни очибди.

Лашкарбоши уйга киргач дебди:

- Нега бунчалик ҳаяллаб, мени интизорлик гирдобига ташладинг? Тонгда шогирдим орқали сенга хат йўллагандим, ҳозирга довур йўлингга умид билан кўз тутдим!

Маъшуқа дебди:

- Эй, умримнинг сармояси, қувончим манбаи! Хабарчи ва мактуб ҳақидаги гапларинг нечоғлик ёлғон бўлмасин, менга хуш ёқди. Агар хабарчинг келганда хизматига яраша иззат кўрсатган бўлмасмидим. Сендан хабар келавермагач, йўл тараддудини кўриб, ўзим ҳузурингга отланмоқчи бўлиб тургандим. Яхшиямки, ўзинг лутфу карам айлаб, ҳузуримга келдинг. Кира қол, кулбам қанчалик тор бўлмасин, бағрим кенг ва бирлигимиз ҳамоҳангдир.

Шундан сўнг лашкарбоши билан маъшуқа висол оғушига ғарқ бўлибдилар. Аммо, уларнинг муроди ҳосил бўлмай маъшуқанинг эри келиб қолибди ва эшикни тақиллатибди. Лашкарбоши дебди:

- Ҳозир эринг кириб келади ва менга ёпишади, ўртада жанжал қўпади. Агар бу воқеа ҳокимнинг қулоғига етса – ғазабига дучор бўлишим турган гап. Шунинг учун мени мана шу ҳужрага яширмасанг ҳолимга маймунлар йиғлайди!

Хотин ҳужрага шогирд болани бекитиб қўйгани учун бир оз тараддудланиб, сўнг дебди:

- Қўрқма, қиличингни ғилофдан чиқариб ғазаб билан эшикни оч ва ташқарига чиқ, мен билан эримга дағдаға қилиб, ҳеч кимга қарамай йўлингга кетавер.

Лашкарбоши шундай қилибди, қиличини кўтарган ҳолда қўлларини ёзиб эшикдан ташқарига чиқибди ва бақириб дебди:

- Энди бу ишнинг тадбири қилинмоғи, ҳар ким қилмишига яраша жазоланмоғи лозим!  Шунда менга султон олдига кириш учун дарбон рухсатига ҳожат қолмагай!

Лашкарбоши шунга ўхшаш пойинтар-сойинтар гапларни айтиб, йўлига равона бўлибди. Эр унинг важоҳатини кўриб, дўқ-пўписаларини эшитиб, ўзича ўйлабди: «Афтидан, бу кимса менинг уйимга адашиб келиб қолганга ўхшайди. Бир мусулмонга қайси золимдан ситам етди экан?» Сўнг хотинидан сўрабди:

- Бу қанақаси?! Бу киши ким? Нега бу ерда шовқин-сурон солади?

Хотин эри олдига югуриб чиқибди ва дебди:

- Эй, эр, худога шукрлар айтиб, дарвишу бечораларга садақа бер, чунки, Оллоҳ таоло биздан шунчалик балоларни даф қилди!

Эр дебди:

- Бундоқ тушунтирсанг-чи! Аввал ваҳимага тушганинг, кейин хурсандлигинг боиси недир?

Хотин дебди:

- Ҳеч нарсадан бехабар ўтирган эдим. Бир бола қочиб уйга кирди. Қўрқувдан ранглари қув ўчган, ақлу ҳуши ўзида эмасди. У менга қасам ичиб деди: «Мени уйингга яшир! Жонимни сақлаб қол, бир бераҳм золим орқамдан қувиб келмоқда. Агар тутиб олса мени ўлдиради!» – деди-да, шиддат билан мана бу ҳужрага кириб кетди ва устига кўрпа-тўшак, кийим-кечакларни ташлаб олди. Орадан бир лаҳза ўтмай жаллодга ўхшаган ҳалиги золим қўлида қилич билан эшикдан кириб келиб арслондай наъра тортди. Кўнглимдан ўтдики, гўё Заҳҳок Жамшид жонига қасд қилмишдир(Заҳҳок – золим подшоҳ, макр билан Эронни Жамшиддан тортиб олган.) ёки Баҳром Ноҳид томон юз тутмишдир.(Баҳром Миррих(Марс) сайёрасининг яна бир номи, у қаҳрамон жангчи сифатида тасвирланади, Ноҳид(Зуҳра) эса соҳибжамол аёл сувратида тасаввур этилади.)  Сўнг ҳалиги одам менга бақира кетди: «Ҳалиги бола қани? Уни қаерга яширдинг?!» Мен, ундай одамни кўрмадим, ҳеч нарсани билмайман, дедим. Кўп шовқин солди, дўқ-пўписа қилди, фойда чиқмагач, бояги ҳақоратомуз сўзларни айтиб, кўча томон юзланди. Мен жуда қўрқдим, худо кўрсатмасин, агар бечора бола унинг қўлига тушганда борми, минг жонидан бир жони ҳам омон қолмасди.

Эр дебди:

- Бола қаерда?

Хотин дебди:

- Мана бу ҳужрада ўтирибди!

Хотин болани чақирибди. Бола ташқари чиқибди. Эрнинг кўзи жуда латофатли ва назокатли бир йигитчага тушибди, ғамхўрлик кўрсатиб, бошини силаб дебди:

- Бирпас тўхта, сенга илтифот кўрсатиб яхшиликлар қилай. Менга ўғлимдек бўл. Хотинимни эса онанг ўрнида кўр ва истаган пайтингда бизникига келиб тур. Кўнглинг нимани тусаса, тортинмай сўрайвер.

Эр шуларни айтиб, мамнунлик билан болага жавоб берибди, хотинини эса қилган хайрли иши учун хўп мақтабди.

 

 

КИР  ЮВFУВЧИ,  УНИНГ ЎFЛИ,  ЭШАК  ВА  ГИРДОБ  ҲИКОЯСИ

 

- Ровийлар андоғ ривоят қилибдурларким, ўтган замонда бир кир ювғувчи ва унинг ахмоқ, жоҳил, бетамиз ўғли бор экан. Отаси қанчалик панду насиҳат қилмасин, ўғил табиатидаги ҳирс, жунун, ақлсизлик йитмас, ҳеч қандай тадбир унинг ҳайвоний одатини йўқотолмас экан. Ота ўғлининг қилиқларидан ранжиб,  бир кунмас бир кун унинг телбалиги оқибатида бир фалокат қўзғалмасайди, деб доим хавотирда яшаркан. Ота мудом чуқур ва катта гирдобли анҳор бўйида кир

ювиб ўтирар, ўғил эса балиқ тутиш баҳонасида ўзини илондек сувга отиб, қурбақадек сузар, отаси қанчалик бақириб-чақирмасин, у анҳордан олис кетиб бораркан. Бундай пайтларда ота боласининг сувда чўкиб кетишидан ёки наҳанг ютиб юборишидан қўрқиб, уни койиб берар, аммо, бола отасининг сўзларини эшитмаганга олар, насиҳатларига қулоқ солмас экан.

Бир куни ота иш билан андармон бўлиб утирганда ўғил эшакка ўтириб анҳор бўйига келибди ва чуқур бир гирдобга тушибди. Тўсатдан тўлқин кўтарилиб, тошқин болани эшак-пешаги билан гирдобга улоқтирибди. Гирдоб уларни гоҳ садафдек сув қаърига тортиб, гоҳ хас-хашакдек сув юзига чиқарибди. Ота ўғли билан эшакни ҳалокат оғзида кўргач, ўзини сувга ташлабди ва ўғлини маҳкам ушлабди.  Ўғил ҳам хатардан қутулмоқ учун отасига ёпишибди. «Ал-ғариқу ятааллақу би кулли шайъин». (Ар. «Чўкаётган киши дуч келган нарсани ушлашга уринади».)  Гирдобдан қутилиб, нажот топаман дея уринган ўғил отасини ҳам гирдобга тортибди. Ота жонини унинг чангалидан қутқариш учун қанчалик ҳаракат қилмасин, имкони бўлмабди. Оқибатда ота-ўғил шакар янглиғ ширин жонларини сувда барбод қилиб, умри азиз билан видолашибдилар.

 

                             

              ЭРКАК  ВА  УРFОЧИ   КАКЛИК  ҲИКОЯСИ

 

- Ровийлар андоғ ривоят қилибдурларким, икки каклик сафарга чиқиб, у ўлкадан бу ўлкага, бу мавзедан бошқа мавзега кетибдилар, янги дўстлар орттириб, бир тоғда макон тутибдилар. Улар уя қурган тоғ мустаҳкам бир дара бўлиб, мўътадил ҳавоси, бепоён, ям-яшил ўтлоқлари бор экан. Атрофида ҳар хил дарахтлар ўсиб, турли-туман ҳайвону қушлар бу тоғда қарор топган эканлар. Чашмалардан зилол сувлар оқар, ёқимли насим, роҳатижон шамол эсар, тоғ этаклари ва тепаликлари бераҳм овчилар хавфидан омонда экан. Баҳор фаслида лола кокили тоғ тепасидан ва тепаликлар устидан роҳиблар хонақоҳидаги ақиқ қандиллар каби осилиб тураркан. Икки каклик ўзаро  айшу ишрат ва висолни муҳайё айлабдилар. Айёмнинг шўх кўзи улардан ғофил, замонанинг бевафо кўнгли улардан бехабар экан. Бу қушлар тоғ осмонида парвоз қилиб, мурод осмонида хушҳол яйраркан. Урғочисининг ҳусну жамоли кундан-кун очилиб, эркагининг ишқу меҳри кун сайин тозариб бораверибди.

Улар тоғнинг чаману ўтлоқзорларида ўтлаб, сой ва ҳовузларнинг тиниқ сувларидан ичарканлар. Кундузги манзилу масканлари ўтлоқнинг гуллари, кечаси ухлайдиган, ором топадиган жойлари тоғ сумбулининг орасида экан. Бу мавзенинг ёввойи ҳайвонлари улар билан дўсту ҳамдам, қушлари ўртоғу улфат тутиниб, биргаликда айшу ишрат ила умр кечирарканлар.

Иттифоқо, ўша йили ёмғир жуда кам ёғиб, ерга бир қатра ҳам сув тушмабди. Сув тўла чашмалар қуриб, манзилларда қурғоқчилик бошланибди.

Оламга қурғоқчилик ҳужум қилиб, жаҳонда бадбахтлик ва қашшоқлик кучайибди, ғаллаю донлар ўсиб-унмабди, далалардаги экинлар қуриб қолибди. Эркак каклик урғочисига дебди:

- Донолар қиш эҳтиёжини ёз айёмида, ёз эҳтиёжини эса қишда муҳайё қиладилар ва мана бул калимани мўътабар биладилар: «Ҳуз мин явмика лиғадика!». (Ар. «Бугундан кўра эртангнинг ғамини е».) Тадбир шулки, бир сафар қилай. Айтишларича, фалон вилоятда таомнинг нархи касод эмиш, ўша ерга бориб қиш анжомини ўзим ила олиб келай, бу иш – уруғлар тупроқ пардаси остига яширинмасдан, устига оппоқ ниқобини тортмасдан бурун бўлса шунча яхши.

Эркак каклик шу ният билан ўша вилоят сари юзланибди. Борадиган ери жуда узоқ бўлганидан ўртада анча вақт ўтибди. Қайтиб келганда қиш лашкари ер юзини эгаллаган, дарахтлар ва меваларни қиличдан ўтказган, дара ва тепаликлар эса кўк майсалардан холи қолган экан.

Эркак каклик уйга келиб, урғочи шеригига қараса, шаклу шамойили анча ўзгариб қолибди: Қорни қаппайган, кўзлари киртайган, ҳомиладорлик нишонаси унинг юриш-туришидан билиниб тураркан. У бадгумон бўлиб дебди:

- Сенинг иффатли ва ҳаёли эканлигингга қаттиқ ишонардим. Сен билан дўстлик аҳдини тузишим боиси шул эрдики, йўқлигимда оёғингни поклик ва тўғрилик этаги остига беркитиб, икки ўртада барқарор бўлган яқинлигимизни унутмай, қадрдонлигимизга риоя қиларсан, деган ниятда эдим. Сен эса йўқлигимда ўйин-кулги достонини ўқиб, фисқу фужур қиссасини тўқибсан, мурод майдонига қадам босибсан, шаҳвату айшга берилиб, саргардон қилувчи нафсинг оғзини катта очибсан! Зоғу зағаннинг боласига ошён тутдириб, ўз неъматларини едириб-ичирувчи яратган Эгам номига қасамки, бул онда ушбу жиноятни жазосиз қолдирмайман! Шундай қилайки, бу – барча фосиқларга ибрат бўлсин!

Урғочи каклик дебди:

- Парвардигор номига қасамки, сен йўқлигингда ҳеч бир номаҳрам ила улфат ва суҳбатда бўлмадим, раъйингга қарши бормадим.

Эркак каклик жуфтининг қаппайган қорнига ишора қилиб дебди:

- Қуёш чарақлаб турган маҳал чироқ нурига ҳожат йўқ. Қилган жиноятинг етмагандай, диёнату омонатни тарк этиб, ёлғон қасам пардаси ила инсоф чеҳрасини беркитмоқчимисан?!

Эркак каклик ғазабланиб, урғочи какликни ура кетибди.

Урғочи каклик ёлвориб дебди:

- Урма, бу шошқалоқлигингдан пушаймон бўласан, вақти келиб, чеккан афсус-надоматингдан фойда чиқмайди.

Эркак каклик уни шу қадар урибдики, урғочи каклик ҳаёт оламидан ўлим мамлакатига сафар қилиб, барча кетганлар ила баробар бўлибди.

Урғочи каклик ўлгач, эркак какликнинг ғазаби таскин топибди, сўнг у ўзича ўйга толибди: «Афсус, меҳрибон дустим шариатпарвар, хушхулқ, ақл-идрокли бўлишига қарамай, далилсиз бир шубҳа сабаб ўлиб кетди. Бу тадбир ва ижрода ҳақманми ё ноҳақ, савоб топдимми ё гуноҳ, билмасман».

Шу мавзе атрофидаги қушлар эркак какликнинг келганлигини муборакбод этгани зиёратга келибдилар ва бундоқ воқеани кўриб, донг қотибдилар. Эркак каклик бўлган воқеани сўзлаб бериб, гумонини исботлашга уринибди. Қушларнинг ҳар бири унга қараб маломат қилиб дебдилар:

- Доно бир кексанинг маслаҳатисиз жиноятга қўл уриб, ҳеч қандай исбот-далилсиз хотинингни ўлдирибсан. Билгилки, бу юртларда бизнинг аёлларимиз шундай касалга кўп чалинадилар. Уларнинг қаппайган қорнини кўриб, ҳомиладор бўлибди, деб гумон қиласан. Аммо, орадан уч ой ўтгач, биз фалон ердан бир илдиз келтирамиз ва хотинларимизга берамиз. Шу орада бу шиш пишиб етилади ва касаллик ўз-ўзидан йўқолади. Агар биз билан маслаҳат қилганингда эди, бу фалокат рўй бермасди, хижолат ва пушаймонликдан қутулардинг, маломат ва охират уқубатига қолмасдинг!

Эркак каклик шундагина хато қилганини, бегуноҳ жуфти ҳалолини ўз қўли билан ўлдирганини англабди. Унинг мурдасига қараб зор-зор йиғлабди.

 

 

СОҲИБЖАМОЛ  ХОТИН,  ЭР  ВА  БАҚҚОЛ  ҲАҚИДАГИ ҲИКОЯ

 

- Ровийлар андоғ ривоят қилибдурларким, қадим замонда бир художўй деҳқон яшаган экан. Унинг шаҳват ва дилхушликда қадами илдам, айшу ишрат риоятини ёқтирадиган хотини бор экан.

Бир куни деҳқон хотинига гуруч харид қилиб келиши учун бир дирҳам танга берибди. Хотин бозорга борибди ва баққолга яқинлашиб, қўлига пул тутқазибди. Шу аснода ғамзаю карашма ила баққолга кўз ташлаб, унга дебди:

- Мана шу пулга гуруч бер.

Баққол хотиннинг рўй-рафторига қараб, қайси полиздан эканлигини англабди, шаклу шамойилини кўриб, мижози қандайлиги, тани нимага мойил ва нени истаяжагини сезибди. Баққол гуручни тарозида тортиб, аёл чодрасининг бир чеккасига тугиб бераркан, дебди:

- Эй, хотин, мени латофатингга банди, малоҳатинг ўқига нишон қилдинг! Ичкарига кир, шакар ҳам берай, шакарсиз гуручнинг ўзи ила таом ширин бўлмайди.

Аёл дебди:

- Шакарга пулим йўқ.

Баққол дебди:

- Кимки сенинг шакар лабингни сўрса, шукронасига минг жонини фидо қилади. Тезда дўконга кир, бирпас айшимни шакар гуфторинг ила ширин қилай, жоним лабингдан мангу умр анжомини топсин!

Хотин дебди:

- Шунчалик шакаринг бўлатуриб, менинг лабимни нима қиласан?

Баққол дебди:

- Сенинг лабинг бор жойда шакардан не фойда.

Аёл ичкарига кирибди. Баққол унга озгина шакар берибди. Хотин шакар билан гуручни чодрасининг бир чеккасига тугиб, баққол билан хилватни ихтиёр айлабди ва рост демишларки: «Ад-дирҳаму музил-ул-ҳамми в-ад-динору мифтоҳ-ул-автори». (Ар. «Дирам пул ғам-андуҳни бартараф этувчидир, олтин динор эса орзулар калитидир».)

Баққолнинг жуда шўх шогирди бор экан. У хотин билан баққолнинг ишратга машғул бўлганини кўрибди ва хотин чодрасини бир чеккада қолдирганидан фойдаланиб, тугунни ечибди, гуруч билан шакарни олиб, ўрнига бир ҳовуч тупроқ солиб қўйибди.

Иш ниҳоясига етиб, хилват машғулоти анжом топгач, хотин шошилиб дўкондан чиқиб уйи томон ошиқибди. Уйига келиб, чодрасини тугуни билан эри олдига қўйибди. Эри тугунни очибди ва ундаги бир ҳовуч тупроққа кўзи тушиб дебди:

- Эй, хотин, мен бунда тупроқ кўрмоқдаман!

Хотин тупроқни кўрибди, аммо, сир бой бермасдан, ўйлаб ҳам ўтирмай ичкарига кириб кетибди ва  шу заҳоти уйдан ғалвир олиб чиқиб, ҳалиги тупроқни ғалвирда элашга тушибди.

Эр дебди:

- Бу не ҳол? Бу не иш?

Хотин жавоб берибди:

- Эй, эр, иккаламиз садақа бермоғимиз даркор, тақводорлигинг шарофати туфайли бир балои азимдан қутулдим. Бозорга бораётганимда арқонини узган бир маст туя менга ташланди ва оёғи билан кетимга қаттиқ тепди. Мен йиқилиб тушгандим, қўлимдаги тангалар тупроққа сочилиб кетди. Қанчалик ахтармайин, тангаларни топа олмадим. У ер чорраҳа бўлиб, анча одам тўпланган экан. Номаҳрамларнинг кўзи менга тушмасин деб апил-тапил ўша ернинг тупроғини йиғиштириб, чодиримга тугдим ва уйда ғалвирдан ўтказиб пулни топиш учун уйга келтирдим.

Эр бу сўзларни эшитиб, хурсандлигидан кўзларида ёш ҳалқаланибди ва хотинига дебди:

- Қанча дирҳам бўлса, падарига лаънат! Ма, мана бу тилла тангани олиб, гуруч сотиб ол, тупроқни эса чиқариб ташла.

Форсийдан  Одил  ИКРОМ  ва  Исмоил  БЕКЖОН  таржимаси

(давоми бор)

Просмотров: 1756 | Добавил: кимсан | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz