Пятница, 29.03.2024, 09:05
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Март » 20 » ТАНИШИНГ:Маҳмуд Тоир (1952 йили туғилган)
19:43
ТАНИШИНГ:Маҳмуд Тоир (1952 йили туғилган)
Маҳмуд Тоир (1952 йили туғилган)

Маҳмуд Тоиров 1952 йил 31 августда Тошкент вилоятининг Паркент тумани, Паркент қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (2005). ТошДУнинг филология факультетини тугатган (1977). Дастлабки шеърий тўплами — «Айт энди, юрагим» (1991). Шундан кейин шоирнинг «Биз нечун учрашдик» (1992), «Муҳаббат шеваси» (1995), «Оқиб кетган армонлар» (1996), «Бармоқлар бодаси» (1998), «Ҳакни таниб» (1999), «Юзтўртлик», «Сайланма» (2002) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган (2001).

 

                                    ЁР-ЁР

 Менинг сўзим бўзмиди, бўзлашайлик, ёр-ёр,

Кел, йўқолган вафони излашайлик, ёр-ёр.

Отлар чопса ортидан ким қарамас, ёр-ёр,

Ҳижрон эзган дилларда дард аримас, ёр-ёр.

Овчи қувган оҳунинг кўз ёши сел, ёр-ёр,

Арслон бўлиб ор билан қошимга кел, ёр-ёр.

Сувдек сероб бўлурми жон чашмаси, ёр-ёр,

Ўлдирди-ку бу қизнинг карашмаси, ёр-ёр.

Бу дунёда бахт излаб кимлар толмас, ёр-ёр,

Бозорларда бахт сотса, кимлар олмас, ёр-ёр.

Ой доғига қўл етмас, нарвон қани, ёр-ёр,

Хоразмдан келгувчи карвон қани, ёр-ёр.

Бир жонимни қирқ армон қамчилайди, ёр-ёр,

Алам оҳи кўзимдан томчилайди, ёр-ёр.

         КУМУШКОН

 Осмонга бўйлашган тоғлари гўзал,

Тошларни гуллатган боғлари гўзал,

Инсон гўзалликнинг асири азал,

Сўзим тўлқинланар Кумушкон десам,

Кўзим ёлқинланар Кумушкон десам.

Булоқлар бахт тилаб кўз очар бунда,

Булбул муҳаббатдан сўз очар бунда,

Тўлин ой тоғларга бош қўяр тунда,

Тилимда тумор бор Кумушкон десам,

Дилимда хумор бор Кумушкон десам.

Хуш еллар туну кун сочларинг силар,

Чинорлар ўзларин умрини тилар,

Бунда қувонч кулар, бунда ғам ўлар,

Сўзимга сиғмайман Кумушкон десам,

Ўзимга сиғмайман Кумушкон десам.

Худойим биз учун яратган уни,

Худойим сиз учун яратган уни,

Аё дўст, бир келинг, бўлинг мафтуни,

Кўксимда само бор Кумушкон десам,

Минг дардга даво бор Кумушкон десам.

                               РОСТ

 Тоғингдан баландроқ тоғ борлиги рост,

Боғингдан гўзалроқ боғ борлиги рост,

Соғсан-ку, сендан-да соғ борлиги рост,

Жонингдан азизроқ жон кўрсат менга.

Шуҳратинг шовуллаб турибди бу кун,

Отинг қоқилмаган, бағринг ҳам бутун.

Аммо шу жонинг-ку, жисмингга устун,

Жонингдан азизроқ жон кўрсат менга.

Учирсанг тоабад қайтиб келмас қуш,

Тунлар болишингга тўкилгувчи туш,

Бундайин нима бор, хушлар ичра хуш,

Жонингдан азизроқ жон кўрсат менга.

Тикилсанг топилар дунё бойлиги,

Тунда билингайдир ойнинг ойлиги.

Тўрт мучанг соғлиги — энг чиройлиги,

Жонингдан азизроқ жон кўрсат менга.

Нонингдан тотлироқ нон борлиги рост,

Шонингдан улуғроқ шон борлиги рост,

Шукур қил, жисмингда жон борлиги рост,

Жонингдан азизроқ жон кўрсат менга.

          КУЛГИЧИНГ

Қатра кўз ёш қонимдан,

Бир оҳ чиқди жонимдан.

Шу гўзалнинг пойига

Туширдинг осмонимдан.

Мағрур эдим, сор эдим,

Чертилмаган тор эдим,

Худойимга йиғласам,

Хилватда хумор эдим.

Ай муҳаббат, муҳаббат,

Юзингдаги нурингдан,

Сен кулдинг, мен кул бўлдим

Кўзингдаги қўрингдан.

Офтоб қани, ой қани,

Кўрсин, кўрсатай сани,

Менсиз ерда юрганин

Жисмимдаги жон мани.

Қабоғингда қоринг йўқ,

Тикилсам туморинг йўқ,

Кулгичинг кундан гўзал,

Менингдек хушторинг йўқ.

         ШАМОЛЛАР

Шоҳи рўмол бошингда,

Энтикади шамоллар.

Нечун сенга мендан кўп

Кўз тикади шамоллар.

Шамолларнинг шаробин

Мен сенга ичирмайман.

Гулим, гулнинг гулобин

Тутганни кечирмайман.

Лолага ранг излатиб,

Юзинг бунча қизарди.

Юрагимни йиғлатиб,

Рашкнинг ранги бўзарди.

Райҳонларнинг қошида

Жоним тўшаб, тиз чўксам.

Райҳон тутган қўлингни

Майлими, битта ўпсам.

Сувлар сепгин ҳовлингга,

Эшигингни катта оч.

Уйингга совчиликка

Кетаяпти қалдирғоч.

Агар отанг терс боқса

Шундай совчи юзига,

Уйланганим бўлсин, ёр,

Қалдирғочнинг қизига.

ИФОР РАЙҲОНДА БЎЛУР

Осмонингдан туш аввал,

Ёлғонингдан туш аввал,

Агар буғдой бўлсанг сен,

Сомонингдан туш аввал.

Май ичарға жоми йўқ,

На алиф, на ломи йўқ,

Изҳори дил этарга

Бир ширин каломи йўқ.

Ифор райҳонда бўлур,

Ошиқлик қонда бўлур,

Қадрингни қалқон қилсанг,

Жонон ҳам жонда бўлур.

Кўрмаганнинг кўргани,

Зоғни боғда тургани,

Ҳар ёлғончи ошиқни

Калтак керак ургани.

Ёнтоқни ёқмоқ савоб,

Тўнкани ёрмоқ савоб,

Юзта ёлғон саволга,

Битта рост бўлсин жавоб.

БАҲОР ЎЗИ АЛДАМЧИ

Гул иси гулданам хуш,

Жонингни қилар сархуш.

Бўзлашсак бўзлашайлик,

Кел, булбул, ёнимга туш.

Тилдан дуо тўкамиз,

Дилларга гул экамиз.

Ифори чорлаб турса,

Ялпизга тиз чўкамиз.

Капалакнинг қаноти

Бу баҳорнинг баёти.

Илдизида жилмаяр

Чинорларнинг саботи.

Майсадан мурод нима,

Ям-яшил ҳаёт нима,

Шабнамни ичиб қўйган

Офтобдан қилдим гина.

Доғга нима бор ойда,

Қуёш қўрғони қайда?

Баҳор ўзин кўрсатур,

Чақмоқдаги чиройда.

Баҳор ўзи алдамчи,

Аввал томдирди томчи,

Олқиш отсам осмонга,

Ёмғирин қилди қамчи.

        * * *

Дегим келди, сиз эй,

                ҳазрат шеър гулханига шайдосиз,

Магар сизни йўқласам мен

                дил осмонидан пайдосиз.

Бир сатрида минг бир ҳикмат,

                     бир сатрининг нури дарё,

Худо хушлаб қалам тутган

                     Ҳувайдосиз, Ҳувайдосиз.

 СЕВМОҚ ҲАМ САВОБ ЭКАН

Қош деган қаро бўлса,

Дил деган яро бўлса,

Кўз ёшнинг дарёлари

Қош-қабоқ аро бўлса.

Севсанг-у, севилсанг ҳам,

Эгсанг-у, эгилсанг ҳам.

Сочларин сочиб ётса,

Қанийди кўмилсанг ҳам.

Қўл билан қўлни тутсанг,

Дил билан дилни тутсанг.

Бир қучоқ оташ ичра

Отмаган тонгни кутсанг.

Севмоқ ҳам савоб экан,

Ишқ оҳи шароб экан.

Тилидан томган боли

Жабрингга жавоб экан.

Не созки, садоси хуш

Тинглаган адоси хуш.

Сенингдек санамжонни

Менингдек гадоси хуш.

Қаро тун нурли бунча,

Қўйнимда қолган ғунча.

Яшасак яшабмиз-да,

Шу дунёси тургунча.

         ҚАЛДИРҒОЧ

Кўклам кўрки қалдирғоч,

Айвонимга хуш келдинг.

Қайдан келдинг, дилинг оч,

Осмонимга хуш келдинг.

Кел, куртаклар кўзидан

Кулгу териб оламиз.

Саболарнинг сўзидан

Туйғу териб оламиз.

Кўклам гўзал, кўклам хуш,

Кўргим келар сизни туш.

Гулим, ким бор дунёда

Сиздан гўзал, сиздан хуш.

Осмон узоқ, ер қаттиқ,

Оросинда нима бор?

Қалдирғочим, қошингни

Қаросида нима бор?

Ошиқ дилда армон кўп,

Ишқсиз дилда ёлғон кўп,

Бу дунё бозорида

Бунча қадри арзон кўп.

Қор изида лола бор,

Юрагимда нола бор,

Қалдирғочим, кўзимда

Соғинч тўккан жола бор.

                     * * *

Соғинтирдинг бунчалар, эркам,

Мен ғамлардан тўлиблар кетдим.

Дард бўлурми шунчалар кўркам,

Ўлдирмадинг, ўлиблар кетдим.

Ишқи ёдинг толдирди мени,

Не бахт, тунда, тонгда ҳам мастман.

Умри жонинг тилаблар сени,

Худойимга чўзилган дастман.

АЙТИМИ КЕЛДИ

Айтими келди,

Айтаман энди.

Айтмасам, дўстлар,

Қайтаман энди.

Ғунча лабини

Қандоқ очаркин?

Райҳон ифорин

Қайдан сочаркин?

Чучмома чучук

Деганлар қани?

Юз йил сумалак

Еганлар қани?

Кўклам қабоғи

Бунча уюлди.

Осмон кўзидан

Ёши қуюлди.

Жисму жонимда

Ғалат титроқлар.

Шабнамдан шароб

Ичар япроқлар.

Жийда гулида

Кўклам жамоли.

Кимларда кетди

Кимнинг хаёли?

Гулдай жилмайган

Юзни соғиндим.

Капалак қувган

Қизни соғиндим.

Олмани отма

Бегоналарга,

Ўзга бир гулга

Парвоналарга.

Шамол шоширса

Чопиб кетмагин,

Келар эшигинг

Ёпиб кетмагин.

Айтими келди,

Айтаман энди.

Айтмасам, дўстлар,

Қайтаман энди.

       

            НОН ЮРТИ ЎЗБЕКИСТОН

Аждоди авваллардан қолган доно фикр бор,

Сўзимиз аввалида шукур бордир, шукур бор,

Ризқимизнинг аввали бошоқлаган буғдойзор,

Ҳар хирмонда барака чироқ ёққан палласи,

Шу чироқлар чиройи Ўзбекистон ғалласи.

Эл учун ризқ яратсанг, қадамингда қўр бўлгай,

Ҳалол тўкилган тернинг томчилари дур бўлгай,

Ғалланг бўлса, мўл бўлса, юзинг тўла нур бўлгай,

Қўшиқ айтсанг қўшилгай элу элат, ҳаммаси,

Новвотдайин наводир Ўзбекистон ғалласи.

Бир Тошкентмас нон шаҳри, нон юрти Ўзбекистон,

Султони саодатманд, шон юрти Ўзбекистон,

Эзгулик осмонида тонг юрти Ўзбекистон,

Тинчлигимиз тумори ҳар онанинг алласи,

Шода-шода шодликдир Ўзбекистон ғалласи.

Момолар моҳтобланар супрасини ёйсалар,

Болалар офтобланар ширмой нонга тўйсалар,

Деҳқонбобо бу дамлар қувончга юз чайсалар,

Бундай бахтни беҳиштдан топиб бўлмас чамаси,

Жаннатга ҳам жамолдир Ўзбекистон ғалласи.

Бу Ватанда инсонни азиз тутмоқ одатдир,

Ҳар бир миллат хуш бунда, кўргани саодатдир,

Дунё тинчлигин сўрмоқ энг олий ибодатдир,

Нони бутун ўзбекнинг, ҳеч кимдан йўқ таъмаси,

Ўзбекистон юзидир Ўзбекистон ғалласи.

    ХАЛҚНИ ТАНИШ

Ҳақни таниш ибодатдир,

Халқни таниш саодатдир,

Магар кимга бу одатдир,

Оламга ҳур қароши бор.

Хуш тилакдан ҳушёр юрган,

Бахт улашиб бедор юрган,

Виждонидан қарздор юрган,

Одам борки, йўлдоши бор.

Юзларида сийрати нур,

Кўзларида ҳайрати нур,

Сўзларида дуоси дур,

Яхшидирки, дилдоши бор.

Биз келган йўл, биз кетар йўл,

Чўбин отда биз ўтар йўл,

Ким савобга очолса қўл,

Қиёматда қўлдоши бор.

Бир гуноҳга минг бор ўлган,

Бир тўкилиб, минг бор тўлган,

Муҳаммадга уммат бўлган,

Бандаларнинг бардоши бор.

Бирда дурнинг донасидек,
            Бирда гулнинг шонасидек,

Маҳмудни ҳам онасидек,

Қўрғонида қуёши бор.

                     ОНА

Жонимдаги чироқсиз, она,

Меҳр отлиғ булоқсиз, она,

Сиз уйимнинг оппоқ ороми,

Садоқатга сўроқсиз, она.

Кексаликнинг каромати бор,

Дуоингиз шафоати бор.

Топганимнинг тумори, онам,

Борингизнинг барокати бор.

Юзингизга сиғмас ажинлар,

Оёқларин йиғмас ажинлар.

Азобингиз арқони улар,

Энди ўғил туғмас ажинлар.

Сиз кўнглимнинг кўзисиз, она,

Юрагимнинг юзисиз, она.

Мен қиёсни қирқ йил қидирай,

Сиз Маҳмуднинг ўзисиз, она!

               КЎРГАН ЯХШИ

Бугун ёлғон бозорларин берк кўрдим,

Хиёнатнинг озорларин тек кўрдим,

Ҳақиқатнинг юзларида кўрк кўрдим,

Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

Тунни тонгдан қочганини кўрдим мен,

Офтоб юзин очганини кўрдим мен,

Шабнам шодлик сочганини кўрдим мен,

Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

Бу дунёда кўрган даминг дам экан,

Оҳ, қувончни қувиб юрган ғам экан,

Манов гулни, бу янтоғни ким эккан,

Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

Остонаси тилло уйда тош кўпми,

Ўксик дилда, ғариб кўзда ёш кўпми,

Кўзларингга ким солмоқчи айт чўпни,

Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

Орзу тўла осмони бор қўл етмас,

У бир дилбар — минг йил юрсанг дил етмас,

Агар сенинг жонинг бўлса ўқ ўтмас,

Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

Тўрт унсурдир, тўрт фаслдир бу олам,

Бир кўргани келар асли ҳар одам,

Йўл берсангиз кўриб кетсин Маҳмуд ҳам,

Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

 

                           ҚЎШИҚ

Бир қўшиқ таралса қўрғонлар аро,

Қадрин шу қўрғонда сўрганлар аро,

Кўрмайин бир бора кўрганлар аро,

Кимга айтарингни билиблар айтсанг,

Тошларнинг кўксини тилиблар айтсанг.

Онанг тинглаганда, сел бўлиб оқса,

Отанг хуш дуолар шамларин ёқса,

Боланг бодомдайин мағзини чақса,

Жонинг чашмасидан қўшиблар айтсанг,

Тўлқиндек тўш уриб жўшиблар айтсанг.

Осмон қошларингга эгилиб келса,

Юлдузлар юзингга тегиниб келса,
            Ой доғларин териб, сиғиниб келса,

Етмиш минг тугунни ечиблар айтсанг,

Жонингдан ошкора кечиблар айтсанг.

Оҳанги аритса дардлар додини,

Сўзи шарафласа мардлар ёдини,
                   Элинг элакласа дил баётини,

Айт десанг, кўксингни кериблар айтсанг,
                  Диллардан оҳларни териблар айтсанг.

Сўзингда самовий садолар бўлса,

Ўзингда Ватанга вафолар бўлса,
                  Ниятинг наввотдек наволар бўлса,

Сел бўлсанг, сел қилиб эриблар айтсанг,

Бахтингни ўзинг ҳам кўриблар айтсанг.

                       ЛАҲЗА

Сабрим садосини сийлагим келди,

Сабрим нидосини тинглагим келди.

Сукут саҳросига содиқ саробдек,

Сабрим видосини англагим келди.

Юракни йиғлатиб ёғдуда тилдим,

Кўнглимга кўзимни кўзгулар қилдим.

Қалам қанотида учиб юрардим,

Кўкдан ерга тушиб орзулар қилдим.

Ўзин кўз-кўз қилди нафсим ақчаси,

Тишимни тирнади сабрим лаҳжаси.

Гоҳ сабрим, гоҳ нафсим юзига боқиб,

Ўтиб кетди умрим олтин лаҳзаси.

              ҲАММАГА ЯХШИ

Ниятинг хуш бўлса, ижобат бўлса,

Кўнглинг қўлдан тушмас китобат бўлса,

Кўрганинг ҳам бахту саодат бўлса,

Қанийди…

Оиланг осмонида ором офтоби,

Дилингда тўлғонса савоб шитоби,

Кимдир савол берса, бўлса жавоби,

Қанийди…

Юз йил яшасанг-у, юзлари ёруғ,

Ортингдан боққанда излари ёруғ,

Бўлсанг, давраларда сўзлари ёруғ,

Қанийди…

Отанг дуосидан дил қониб турса,

Онанг олқишидан қувониб турса,

Болангни меҳридан бол томиб турса,

Қанийди…

Тополсанг яхши сўз кўнгилнинг нақши,

Бор гап баёнидир бу Маҳмуд бахши,

Ҳар ким яхши бўлса ҳаммага яхши,

Қанийди…

          МЕҲМОН

Ҳар очилган дастурхон,

Бу мезбоннинг орази.

Чимрилгувчи чеҳралар

Бил, меҳмоннинг ғарази.

Насибанг бурда нондир,

Насибанг балки наввот.

Ўрнингга олов ёқма,

Меҳмондаги одамзот.       

                 ЯХШИДИР

Ҳикмат ўчоғида қўринг кўп бўлса,

Оқиллар ичингда жўринг кўп бўлса,

Суҳбатлар саҳнида тўринг кўп бўлса,

Дуодан дур тутса олмоқ яхшидир,

Кўнгиллар кўшкида қолмоқ яхшидир.

Меҳринг юз-кўзинга чирмашиб юрса,

Қаҳринг товонингни тубида турса,

Ҳавас-дил жаранги, хандалар урса,

Тоза тилакларда толмоқ яхшидир,

Юракка садоқат солмоқ яхшидир.

Муҳаббат, кўҳна соз, ҳамма чалғуси,

Ҳам жон бергуси у, ҳам жон олгуси,

Сиздан қолган қўшиқ, биздан қолгуси,

Тириксан бу куйни чалмоқ яхшидир,

Овни овламоқ учун қармоқ яхшидир.

Гулни гулоб учун экмаганлар кўп,

Шонни шароб учун тўкмаганлар кўп,

Нафси учун ҳеч тиз чўкмаганлар кўп,

Кўпнинг етагига елмоқ яхшидир,

Кел деса, сал пастдан келмоқ яхшидир.

Маҳмуд, тошлар титрар гар таъна қилсанг,

Тиконни туртмагин, сен янтоқ юлсанг,

Ақлингнинг тиғида жаҳлингни тилсанг,

Сахийлар сарвари бўлмоқ яхшидир,

Ишқ аҳлин гавҳари бўлмоқ яхшидир.

                  ШУКРОНА

Эзгуликнинг эшигини фикрда оч,

Худо дегин, қалб қулфини зикрда оч.

Неки тилсим, ақл ила шукрда оч,

Қадаминга нурлар сочса дилдаги чўғ.

Бу дунёда очилмаган кошона йўқ.

Ўзгани қўй, азал гапдир, ўзни тани,

Сўзлар ичра вафо отлиғ сўзни тани,

Сени ҳар он кўриб турган кўзни тани,

Оқилларнинг бисотида баҳона йўқ,

Унутма ҳеч, Ҳақ ҳукмида афсона йўқ.

Бобо қуёш қатраси ҳам куйдиради,

Момо ҳилол тунда нурга тўйдиради,

Юлдузлари юз минг йилки суйдиради,
             Магар дилда ишқ оҳидан бир шона йўқ,

Бу дунёда сени хушлар остона йўқ.

Кўзгу билан кўришгунча кўз шошади,

Ёғду билан юзлашгунча юз шошади.

Агар меҳринг дарё бўлса дил тошади,

Ҳамдард бўла билмаганга ҳамхона йўқ,

Жондан кеча билмаганга жонона йўқ.

Кўргин Маҳмуд, оқиллар кўп сендан кўра,

Вале нетонг, жоҳиллар кўп сендан кўра,

Улуғликнинг увоғини Ҳақдан сўра,

Ботмон дема, ризқинг қийса, бир дона йўқ,

Бир дона йўқ, агар сенда шукрона йўқ.

                       CАБОҚ

Қушлар уясига хаслар партўшак.

Тоғлар ҳам тошим деб яшайди бешак.

Ватанни севишни ўрганмоқ бўлсанг,

Сенга ибрат бўлсин кўз очган куртак.

Майсалар муроди яшиллик азал,

Булбул гул мадҳида абадий ғазал.

Ватанни куйлашни ўрганмоқ бўлсанг,

Елларни йўқлагин куйи муфассал.

Кафтингга олсанг гар гапиргай тупроқ,

У бобонг, у момонг, руҳлари уйғоқ.

Ватанни танишни ўрганмоқ бўлсанг,

Кўҳна тарихига қаратгин нигоҳ.

Чумоли чирқиллаб юргайдир балки,

Қалдирғоч қиқирлаб кулгайдир балки.

Жонзотни тинглашни ўрганмоқ бўлсанг,

Дилингдан ўтганин билгайдир балки.

Онанг эккан райҳонларга боқиб кўр,

Ўз дилингда ирмоқ бўлиб оқиб кўр.

Ватан мадҳин, Маҳмуд, шеърда айтгали

Қор қўйнида чимдим олов ёқиб кўр.

        АНЖАНЧА

Яхшиларни яхшига,

Хуш ниятнинг саломи бор.

Ўзбекларни водийда,

Анжанча каломи бор.

Самимият сабоси,

Сўзида эсиб турар.

Ноҳақликни қалампир

Тиғида кесиб турар.

Хуш меҳмон ўн кун турса,

Бардош билан кутгайдир.

Анжанликлар меҳрини

Иссиқ нонда тутгайдир.

Гул экар юрагига,

Боғбони офтоб юзли.

Нур ўрар тилагига

Деҳқони битта сўзли.

Тераклар турна қатор,

Боқиб кўр йўлкасига.

Йигитлари чарх урар

Анжанча полкасига.

Чўлпонидек чўрт кесар,

Эгилмайди бошлари.

Дўпписи бошда қуёш

Шоҳ Бобур қондошлари.

Кўролмаган кўр бўлур,

Озод элнинг бахтини.

Ўзбек бировга бермас,

Ҳурриятнинг тахтини.

Кўкда қуёш биттадир,

Ой ҳам танҳо яралган.

Тожмаҳалнинг нурлари

Андижондан таралган.

Гар кўролсанг бугун кўр,

Андижон бўстонини.

У гулга ўраб турар

Ўзбекистон шонини.

ТОШКЕНТНИНГ ТИЛЛОСИДАН

Қатрадек қалқиб кетдик жилвангиз жилосидан,

Бармоқларим бозиллар қўлингиз хиносидан,

Марғилоннинг малаги, бунча момиқ билаги,

Ишқ аҳли сабоқ олсин оҳимиз имлосидан,

Узук тутсак олмайсиз Тошкентнинг тиллосидан.

Ёлборсак, ёнингизга ёт деб йўлатмагайсиз,

Бу ярим кўнглимизни нечун тўлатмагайсиз,

Сўрайвериб сил бўлдик, сочни силатмагайсиз,

Бир чимдим нур илиндик меҳримиз зиёсидан,

Узук тутсак олмайсиз Тошкентнинг тиллосидан.

Кумушлар суйганча бор, Зайнаблар куйганча бор,

Тошкентлик йигитларда Отабекдек беклик бор,

Бизни унутгай Аллоҳ, биз сизни унутсак ёр,

Саломлар йўллаб эдик кўнглимиз сабосидан,

Узук тутсак олмайсиз Тошкентнинг тиллосидан.

Аҳли девона ичра девонаси биз бўлдик,

Марғилон кўчасида бегонаси биз бўлдик,

Келсангиз кўҳна Шошнинг остонаси биз бўлдик,

Маҳмуд кечгай сиз учун дунёнинг дунёсидан,

Узук тутсак олмайсиз Тошкентнинг тиллосидан.

                    ЖИЙДА ГУЛИ

Тиллога ранг берган рангингдан ўпай,

Жонимдан суйганим жийданинг гули.

Кафтимга тўкилгин, пойингга чўкай,

Жонимдан суйганим жийданинг гули.

Ирмоқларда оққан алёрларингдан,

Олам энтикади ифорларингдан,

Гулим, мен ғариб ҳам хушторларингдан,

Жонимдан суйганим жийданинг гули.

Шохларингда шода маржонлар тутиб,
             Интизор турибсан, айт, кимни кутиб,

Жилмайган баргингни қўяй бир ўпиб,

Жонимдан суйганим жийданинг гули.

Тиллога ранг берган рангингдан сенинг,

Нонга айлангувчи гулимсан менинг,
                  Тошлар ҳам гуллайди гуллаган кунинг,

Жонимдан суйганим жийданинг гули.

Боғларда баҳорлар байрами бу кун,

Гулим, сен гулларнинг санами бу кун,

Қошингда Маҳмуднинг хуш дами бу кун,

Жонимдан суйганим жийданинг гули.
Просмотров: 1566 | Добавил: кимсан | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Март 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz