Вторник, 23.04.2024, 20:10
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2016 » Февраль » 28 » САНЪАТКОРНИНГ КЎНГЛИДА ҚАСАМИ БЎЛСИН
17:33
САНЪАТКОРНИНГ КЎНГЛИДА ҚАСАМИ БЎЛСИН

САНЪАТКОРНИНГ КЎНГЛИДА ҚАСАМИ БЎЛСИН


Ҳожиакбар Ҳамидов 1949 йил 3 октябрда Тошкент шаҳрининг Дўмбиробод маҳалласида дунёга келган. Амакилари Муҳаммаджон ва Абдуқаюмлар xалқ қўшиқларини ижро этар, 6-7 яшар Ҳожиакбар уларнинг қўшиқларини болаларга xос завқ билан тинглар эди. Ҳофизнинг санъатга бўлган қизиқиши айни шу паллалардан бошланган бўлса, ажаб эмас. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, тарих фанлар доктори, профессор, “Турон” фанлар академияси академиги ва вице-президенти, ўзбек миллий қўшиқчилиги тадқиқотчиси, ҳофиз Ҳожиакбар Ҳамидов билан улар фаолият юритаётган Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетида суҳбатлашдик.
- Ҳаётни икки хил рангда тасаввур қиладиган бўлсак, сиз учун ўша ранглар қандай тусда?
-          Мен ҳаётни фақат икки рангда кўрмайман. Инсон туғилганидан бошлаб, умрининг поёнига қадар ҳаётнинг ҳар хил рангларига дуч келади. Болаликнинг ўзи турфа ёрқин ранглардан иборат, ўсмирлик, ёшлик, ўрта ёш ва кексалик онларининг ўзига хос ранглари бор. Аммо барибир ҳаёт деганда икки хил умумий ранг- оқ ва қора кўз олдимга келади. Ҳаётини ҳар турфа ранглар билан бўяш нсоннинг ўз қўлида.
-          Ҳаёт ҳақиқатини англаб етиш учун инсонга нима кўпроқ зарур- тажрибами ё тафаккур?
-          Менимча, ҳаёт ҳақиқати, мазмун-моҳиятини англаб етиш учун инсонда ҳам тафаккур ва ҳам тажриба бўлиши керак. Тафаккур, яъни фикрлаш қобилияти ҳаммага ҳар хил тарзда берилади. Кимдир биров 60 ёшда англаганларни 30 ёшида англайди, бировлар эса 80 ёшида ҳам ўзлигини тополмай тириклар орасида мавжуд бўлиб қолаверади. Ҳазрат Навоийда маъниси шунга яқин бир сатр бор:
“Элликда этмаса тараққий киши
Олтмишда барчаси таназзул иши”. Ҳаёт ҳақиқатини англашда умр тажрибаси керак, аммо бу ҳақиқатни жуда эрта англаганлар бахтли инсонлардир. Яшаш илмини уқиш учун инсонга унинг атрофидаги кишилар кўмакчи бўлади. Улар ота-она, бобо-буви, боғча-мактабдаги устозлар. Айниқса, оилада инсон ҳаётни ақл-тафаккур нигоҳи билан кузатишни ота-онасидан ўрганади.  Мен ўйлашимча, ҳаётда тажриба ортириш учун тафаккур керак. Буюклардан бирининг шундай гапи бор: “Буюклик хато ва тажрибалардан туғилади”. Хатони тушуниш – тафаккур, уни такрорламаслик, менинг назаримда- тажриба демакдир.  
-          Сиз англаган ҳаёт ҳақиқати нима?
-          Мен англаб етган ҳаёт ҳақиқати....(ўйга ботиб) Инсоннинг феъли-тақдири. Инсон эзгулик ва ёвузлик ижодкори. Агар унинг сийратида эзгулик тажассум топган бўлса, бундай киши ҳам ўзига ва ҳам атрофдагиларга ёруғлик улашади. Акси бўлса ҳам шундай- кишининг ёвузлигидан фақат ўзи эмас, атрофдагилар ҳам озор кўради. Демак, инсон “ фақат ўзим”, “мен” деб эмас, “атрофимдагилар”, “жамият” деган мулоҳаза билан яшамоғи керак.
-          Сизнингча устозликнинг олтин қоидаси нима?
-          Яхши ўрганувчи ва яхши ўргатувчи бўлиш! Кенгроқ тушунтирадиган бўлсам, болалигимдан то ҳозирга қадар кўп устозларни, ўргатувчиларни кўриб келяпман. Улардан фақат яхши фазилатлар, гўзал инсоний хусусиятларни ўзлаштиришни ўргандим. Одамзод айбдан покланмаган, хатодан ҳимояланмаган. Ҳамманинг феъл-атворида ўзига яраша камчилик, нуқсон бўлади. Мен ҳаёт йўлимда ўзимга устоз мақомида билган инсонларимдан фақат инсоний фазилатларни ўргандим. Улар ким бўлишидан қатъий назар- ота-онам, ака-опаларим, мактабдаги, олий ўқув юртидаги устозларим, қолаверса, санъатдаги устозим, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаровдан инсонни Ҳазрати инсон даражасига етишишга асқотадиган чинакам инсоний фазилатларни ўргандим. Насиб этса, умр йўлимнинг олтмиш олтинчи довонини ошиб ўтаётганимга қарамай, илм-фанда, санъатда юзлаб шогирдларим “Устоз” деб эътироф этишига қарамай, ҳануз ўрганиш йўлидаман. Буюк мураббийларим- китоб ва ҳаёт сабоқларини ўрганишдан бир он бўлса ҳам чекинганим йўқ.
-          Устозингиз, марҳум Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров ҳақида хотираларингизни сўзласангиз?
-          Санъат ва тарихга қизиқиш менга болалигимдан уйғонган эди. Китоб ўқирдим, қўшиқ эшитардим. Оилада етти фарзандмиз, мен бешинчисиман. Отам, раҳматли Абдуҳамид ота урушдан қайтгач тўқимачилик комбинатида юкчилик қилиб биз етти болани онам билан бирга боқиб, тарбиялаб қаторга қўшдилар. Болалигимда радиодан эшитган қўшиқларни дарров ўрганиб, ўзимчи хиргойи қилиб юрардим. Ўша кезларда отам раҳматлини кўнгилларига Худо солганми, менга  рубоб олиб бердилар. Санъат йўлига қадам қўйишим шу тариқа отам томонларидан биринчи марта қувватланган. Кейинчалик 1969 йилда илк қўшиғим, шоира Раъно Турдиева қаламига мансуб “Кечир, мени, кечир, қоракўз” таронасини яратдим. Ўша йили кетма-кет 5-6та қўшиқ яратиб, куйладим. Лекин хатоларим, ўрганишим керак жиҳатлар жуда кўп эди. 1970 йили ўзбек миллий қўшиқчилик санъатида янги бўлган “Лирик қўшиқлар” жанрида ижод қилувчи устозим Фахриддин Умаровнинг олдиларига бордим. Ўша кундан то устозим вафот этгунларига қадар уларнинг ёнларида турдим. Фахриддин акани ўзига устоз деб биладиган, қўшиқларини куйлаб юрадиган санъаткорлар орасида “устознинг энг садоқатли шогирдлари, фарзандлари қаторидаги шогирдлари” деган ном олдим. Бу мен учун ниҳоятда улкан шараф, энг катта унвон, энг юксак мартаба! Меҳрибон ва талабчан устозим нафақат санъат соҳасида, балки инсоний фазилатларда ҳам менга мураббийлик қилганлар. Устозимдан фидоийликни, меҳнатсеварликни, инсонни изланиш, ўрганиш, фаолият юксалтиришини ўргандим. Фахриддин ака халқ муҳаббатига сазовор бўлиш учун, халқни севиш кераклигини, санъаткорни осмонга кўтарадиган ҳам, ерга урадиган ҳам халқ эканини қулоғимга қатъий уқтирардилар. Уларнинг ўгитларига амал қилиб кам бўлмадим, деб ўйлайман. Кибру ҳаво ва манманликдан узоқ бўлган санъаткор элга севимли бўлишини устозимнинг сабоқларидан ўргандим.
-          Бугун бир ҳолатдан кўнгилда оғриқ - инсоният моддиятга қарам бўлиб қолмоқда. Нима деб ўйлайсиз, моддият санъат қийматини кўтарадими ё туширадими?
-          Моддият керак, яшаш учун, ҳаётда ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун, моддият кишига қувват, суянч бўлади. Бироқ бу дунёни буткул моддийлаштириб юбориш керак, дегани эмас. Инсон аввал маънавий жиҳатдан бой, тўкис таъминланган бўлсин. Моддият билан белгиланганда нафақат санъат, балки бошқа нарсаларнинг ҳам қиймати қадрсизланади.  Ҳаёт мазмунини моддиятга менгзайдиган киши, охир-оқибат санъатни ҳам, маънавиятни ҳам, инсонийликни ҳам, борингки, ҳамма нарсани пулга сотиб олиш мумкин, деган фикрга боради. Бу фикр- муҳаққақ хато ва атрофга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.  Ахир дунёда пулга сотиб олиш, бойлик билан қўлга киритишнинг имкони йўқ нарсалар кўп. Инсоният моддиятга қарам бўлиб қолмоқда, дедингиз. Мен бу ҳолатга китоб ўқимасликни, кишиларнинг китобдан, мутоаладан узоқлашиб кетаётганини сабаб деб ўйлайман. Китоб ўқимаслик- фожеа. Санъатни  ҳобби (эрмак) қилиш, қўшиқ куйлаб бизнес қилиш каби маънавият кишиларининг ғашига тегадиган ҳолатлар бошида мана шу фожеа- китоб ўқимаслик турибди. Халқимизнинг хурсандчилик кунлари санъаткорларсиз ўтмайди. Бугун кўп хонанда, ҳофизлар хизматлари учун ўзларига маълум “ставка” қўйиб олишганини эшитиб, хафа бўлиб кетаман, тўғриси. Авваломбор, бир инсон астойдил ихлос, яхши ният билан тўйига таклиф қиладими, у ўша санъаткорни қуруқ қўймайди, албатта. Қолаверса, диск айлантириб, фонограммада лабини қимирлатиб пул олишга одамнинг виждони ҳам сал-пал қийналиши керак. Санъат йўлига киришдан олдин ҳар бир санъаткор “Элга ҳалол хизмат қиламан!” деб ўз-ўзига қасамёд қилиши шарт. Фонограммада қилпанглаб ҳалол пул топаяпман, деб ўйлармикан шу ишни қилаётганлар...
-          Нафақат тўйлар, ҳатто айрим қўшиқчилар концертларида ҳам бемалол фонограммада қўшиқ куйлашяпти. Бу ҳол тингловчини менсимаслик эмасми?
-          Албатта, гапингиз тўғри. Мухлис пул сарфлаб, дам оламан, қўшиқ тинглайман деб концертга киради. Унинг ҳурматини, вақтини, маблағини суиистеъмол қилишга санъаткорнинг ҳақи йўқ! Ўтган йили  октябр ойида “Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан икки кун “Истиқлол” санъат саройида жонли концерт бердим. Мухлислар жонли ижрони, ўзбек миллий қўшиқларини шунчалик соғинган эканки, концерт кунларни чўзишимизни  сўраб илтимос қилишди. Ҳозир баъзи қўшиқчиларга санъати, ижроси хусусида эътироз билдирсангиз, дарров тингловчини айбдор қилишади: “Одамларни қизиқишини эътиборга олиш керак. Одамлар мақом эшитмай қўйган”... Бўлмаган гап бу! Маромига етказиб ижро этилса, ёшлар ҳам, ўсмирларимиз ҳам миллий мақом қўшиқларимизни мириқиб эшитади. Савияси паст қўшиқчилар ўзининг савиясиз ашулаларини ёшларга, мухлисларга мажбурлаб эшиттиришяпти, деб ўйлайман.
-          Бугунги кунда санъат соҳасида кўп ишлатилаётган “шоу бизнес” атамасига муносабатингиз?
-          Бу саволингиз билан ўзбек миллий санъатини, қўшиқчилигини ҳурмат қиладиган, шу йўналиш ривожи учун қўлдан келганча меҳнат қилаётган инсон сифатида кўнгил ярамни тирнаб қўйдингиз. Мен “шоу”, “хит”, “реп”, “рокн ролл” ва ҳоказо талаффузига тил келишмайдиган сўзларни жуда ёмон кўраман ва бундай сўзларни санъат соҳасида ишлатишларидан хафа бўлиб кетаман! Ўзини ўзбек деб ҳисоблаган, миллатини, элини, тилини, Ватанини севган инсон миллий қадриятларига мутлқао терс “реп”у “рокн ролл”ларни эшитмайди! Тарихини, санъатини тушунган, маънавиятли инсон дуч келган алжирашни қўшиқ деб қабул қилмайди!..
-          Қўшиқчилик санъатида кўчирмакашлик, яъни бошқа миллат мусиқасини олиб, унга ўзбекча сўзларни қўйиб куйлаш айб бўлмай қолди...
-          Мен бу қилғиликни ўғирлик, текинхўрлик дейман! Шу йўл билан ўзини санъаткорман деб юрганларнинг бирортаси устоз кўрмаган. Устоз кўрганида, ўзидан бир неча йил олдин шу соҳага келиб, сочини санъат йўлидаги фидоийликда оқартирган инсоннинг этагини тутганида бели оғримай нон емасди. Яъни ўша сиз айтган кўчирмакашликни қилмасди...
-          Узр, сўзингизни бўламан. Афсуски, кўчирмакашлар фақат ёшлар орасида эмас, ёши катталар орасида ҳам анчани ташкил қилади...
-          Ундайларнинг ёши катта бўлган, холос. Уларда на ҳаёт тажрибаси ва на касб тажрибаси бор. Улғайиш- дунёни англаш демакдир. Сиз айтаётган ёши катта кўчирмакашлар улғайиш, борлиқни, ўзини англаш саодатидан маҳрум бўлган манқуртлардир.  
-          Домла, эшитишимизча, санъат борасида илмий иш ҳар қилган экансиз. Илмий ишингиз хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
-          Илмий ишимни санъат билан уйғунликда олиб бордим ва 1985 йилда “Ўзбекистонда бадиий ҳаваскорлик санъатининг тарихи” мавзусида илмий тадқиқот олиб бориб, номзодлик диссертациясини ёқладим. 1997 йилда эса  “Ўзбек анъанавий қўшиқчилик  маданияти тарихи” мавзусида докторлик илмий ишимни ҳимоя қилдим. Бунда энг қадимги, бир неча минг йил олдинги ўзбек анъанавий қўшиқчилик тарихидан то ҳозиргача бўлган даврни ўргандим.
-          Оилангиз хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
-          Инсонни, айниқса эркак кишини жамиятда ўз ўрнини топишида турмуш ўртоғи, оиласининг ўрни  муҳим. Мен ҳам санъат ва илмда қандай ютуқларга эришган бўлсам, барчасига турмуш ўртоғим Саломатхон Ҳамидованинг хизматлари беқиёс. Турмуш ўртоғим оиламизнинг саранжом-саришталигини таъминлаш, фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланиш баробарида узоқ йиллар мактабгача тарбия муасссасида тарбиячи бўлиб ишлаганлар. Фахриддин, Санжар, Ферузахон фарзандларимиз олий маълумотли, оилали, ўн нафар набираларимиз бағримизни тўлдириб, кўзимизни қувонтириб юришибди. Фарзандларим санъат йўлини танламади, касб танлашда уларни ўз хоҳишларига қўйиб бердик. Набираларимиздан бирортаси санъат йўлидан бориб, ўзбек миллий қўшиқчилигига муносиб ҳисса қўшади деган ниятдамиз.
-          Орзуларингиз ижобатини берсин. Мазмунли суҳбат учун ташаккур.
Умида АДИЗОВА суҳбатлашди.

Просмотров: 916 | Добавил: кимсан | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Февраль 2016  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
29
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz