Четверг, 28.03.2024, 18:20
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Февраль » 9 » ЮРАГИНИ МЕРОС ҚОЛДИРГАН ИНСОН
19:00
ЮРАГИНИ МЕРОС ҚОЛДИРГАН ИНСОН

ЮРАГИНИ МЕРОС ҚОЛДИРГАН ИНСОН 
Ботир Зокиров!... Қиёси йўқ ва ҳеч қачон бўлинмайдиган, яхлит олам... Қанийди санъаткорнинг ҳақиқат рўпарасида қанчалик хоксор бўлса, жаҳолат қаршисида ўшанчалик мағрур қалбини тушунолсанг... Хаёлпараст "Кичкина шаҳзода"сининг орзуларини, дардларини ҳис қилган кўнгли ҳақида ўйлаб, унга ҳеч қачон хиёнат қилмаган, ҳар қандай оғир дақиқаларда ҳам уни тарк этмаган, ҳеч кимникига ўхшамаган юрагига қулоқ солгим келади.

Негаки, унинг бу Юраги менга ҳамиша баланд дор устида муаллақ турган дорбоз қисматини эслатади. Жамиятнинг минг бир пайконлари аввало шу юракда акс-садо бериб, ўз оғриқлари билан тирнаб ўтади.

Унинг қўшиқларини тинглаганда руҳиятимда ажиб бир ўзгаришларни ҳис қиламан. Гўёки, руҳ қанот қоқиб тор вужудни тарк этганча юксакларга парвоз этаётгандек бўлади. Беихтиёр ўзингни бошқа дунёда ҳис қиласан. Шундай лаҳзалардагина мен учун ҳаёт ўзининг бетидаги қалин чимматини кўтариб бор гўзаллигини намойиш этадигандек. Менимча, қиймаланиб кетган юраккина ҳақиқий санъаткорнинг қисматини англашга қодир. Назаримда, санъаткор ҳаёти заминга фақат гўзаллик излаб яшаш учун ҳайдалган буюк қул тақдирига ўхшайди. У бир умр гўзаллик рўпарасида тиз чўкиб "мана шу бахтни менга беринг" деб ялинаётган Инсон. Бу дамдан сархуш бўлган, бебаҳо лаҳзаларнинг гувоҳига айланган одам беихтиёр ўзини ўраб турган борлиқдан-да баланд бўлган бошқа бир олам - Улуғ Ҳақиқат борлигини эслайди. Ва чексиз азоб билан қўмсайди. Гўзаллик сари интилишдан туғилган туйғулар қалбни сўзсиз ибодатга келтириб, ўзлигингни англатгандагина Санъат аталмиш буюк эзгулик Инсон қавмига тушунарли бўлади
. Чунки "Чўли ироқ" куйи, Бетховен мусиқалари, Жо Дассен ёки Ботир Зокиров қўшиқларини ўзбек, франтсуз ёки немис бўлиб эшитмайсан. Санъаткор юрагидаги дардларидан томчи-томчи сиқиб асарларига қўшаркан, уларни умуминсоният дардига айлантиради. Унинг ноласи дунёнинг етти бурчагига акс-садо берганлиги учун ҳам, асрлар давомида одамзот Санъаткор қиёфасида ўзининг биродарини, қисаматдошини кўриб келади. Табиийки бу жараёнда, миллат деган азалий тушунча ҳам Санъат - Гўзалликнинг қудрати олдида ўз-ўзидан чекинади. Бунда тил халқлар ўртасида кўприк вазифасини ўтамаганидек, қалблар учун ҳам тўсиқ бўла олмайди. Бу оҳанглар таъсирида олам билан мутлақо алоқаси бўлмаган оламдан-да баландроқ бўлган ажиб ҳис - ҳайратнинг асирига айланасан.

Ҳайрат - самимиятнинг, ҳис-ҳаяжоннинг энг олий нуқтага кўтарилиши. Таъбир жоиз бўлса, гўзаллик билан гўзалликнинг висоли, туйғулар, изтироблар уйғунлиги. Ҳайрат туфайлигина "инсон ўзининг бир вақтлар нақадар юксакликдан қулаганини", ўша илк "машъум гуноҳ" ҳамиша таъқиб этиб келаётганини, аслида ўзининг само фарзанди эканлигини идрок этади.

Гоҳида бирор-бир шеър ёки қўшиқ тинглаганимизда ҳаммаси жойидадек, сўзлар, мусиқа, овоз, тажриба бор, лекин нимадир етишмайди. У сизнинг юрагингизга етиб келмайди. Руҳ жойидан "қилт" этмайди. Нари борса, ўша лаҳзада шунчаки, завқланарсан. Ҳайратдан, эҳтиросдан асар ҳам йўқ. Юрак сезилмайди. У тарк этиб кетган. Нега бундай? Ҳайрат йиллар давомида ўрганиладиган ёки ўзлаштириладиган нарса эмас, аксинча у, лоқайд лаҳзалар эвазига бой берилиши мумкин. Ахир бола қалбининг ўзи олам-олам ҳис-ҳаяжон-ку! У қачон одамни тарк этади? Қачонки юрагингга қарши борганингда. Бир неча бор юрагимизга қарши бориш натижасида у биздан воз кечади. Фаровон турмуш илинжида, даврнинг табиатимизга, аслимизга ёт бўлган талаблари билан муроса қилмоқчи бўламиз, шунда юрак биздан қандай юз ўгирганини билмай қоламиз. Бундан кўпроқ оламнинг таянчига айланаёзган қадриятлар озор чекади. Хиёнатлар аввалида, яъни илдизида инсоннинг ўз-ўзига, юрагига хиёнати ётади.

Кимлардир баланд туйғулар, орзулар билан санъат оламига кириб келади... Лекин ўз ўрнини топиш мақсадида худо берган истеъдодни суиистеъмол қила бошлайди. Мана шу ердан уларнинг бахтсизлиги бошланади. Чунки барча саъй-ҳаракатлар кимларнингдир назарига тушишга қаратилади. "Шундан ўтиб олсам бўлди, яна ҳаммаси илгаригидек ўз ўрнига тушиб кетади. Бундан осмон узилиб ерга тушмайди. Ҳар ким ўзи учун курашиши керак-ку, ахир". Фожиа шундаки, улар руҳни бир муддатга ўлдириб бўлса-да, шамолларга дош беролмайдиган жамиятдаги ялтироқ мавқеини тикламоқчи бўлишади, афсуски, руҳ фақат бир муддатгагина тарк этишга ожиз... Ҳар қандай маҳорат ҳам ҳувиллаб ётган бу бўшлиқнинг ўрнини тўлдира олмайди.

Бошқаларни эса тантиқ хоҳишлар бошқараркан. Бундайлар асосан саҳнани намойиш майдони деб билишади. Бора-бора намойиш майдонидан кураш майдонига айлантиришади. Бу жараёнда одамлар табиати мажруҳланади. Улар одамзот туйғуларини тутдай тўкканларидек, йиллар шамоли ҳам уларнинг ҳаммасини ер юзидан супуриб ташлайди. Бундайлар учун санъат лаҳзалик кайфият, кўнгилхушлик холос. Мавлоно Румийнинг "Мусиқий хотин кишига ўхшайди. Уни чўри деб истифода этаркансан, ўзингда инсонни ухлатиб, ҳайвонни уйғотасан" деган ҳикмати айнан шуларга тегишлидек.

Мана шу улуғ ҳақиқатни унутмаган бизнинг санъаткоримиз Ботир Зокиров учун эса санъат қисмат эди. Бундай зотлар асрлар давомида бир келади. ўша бир келганида инсониятнинг маданий тараққиётида ўз муҳрини босиб кетишга улгуради. Афсуски, бу борлиқ кўпроқ уларнинг изтиробларидан, кўз ёшларидан озиқланаркан, ютаркан. Ботир Зокировни бедаво дард болалик дунёси ҳали тарк этиб улгурмаган палладан умрининг охиригача, яъни ўттиз беш йил таъқиб этди. Бутун умр оғриқларни енгиб куйлагани унинг муҳиблари учун сир эмас. Нафақат танадаги санчиқлар, балки жамият жароҳатлари ва одамларнинг дидсизлиги ҳам уни қийнар, булардан ўзини ёлғиз ҳис этар, лекин бу ҳолатларнинг бари, кўзлар қоронғуликдагина ўткирлашганидек, унинг шуурини янада ёритарди. Шулар ҳақида ўйларканман беихтиёр дунёни қутаришни гўзалликка юклаган Достоевскийнинг "Кенг фикрли, қалби теран одамлар учун азоб ва дард чекиш шарт доимо. Менимча, чинакам буюк одамлар ёруғ дунёга келиб улуғ бир азоб туйсалар ажабмас", деб ёзган ҳақиқати ёдимга тушади. Балки ўзи ҳамиша азоб билан айтган, қатлга олиб кетилаётган ошиқнинг сўнгги видоси - "Маробебус" ("Видо бўсаси") ёки ҳижрон қўшиғи "Эй, сарбон"ни тинглаётганлар орасидан маъносиз, ҳиссиз нигоҳларни кўриб қолишдан чўчиб, саҳнадан пастга қарашга юраги дов бермай яшаганининг сабаби шундандир. Наинки санъат балки умри давомида жоҳиллик билан тўқнашиб яшаш ҳам унинг заминдаги ёзуғига айланган экан. Миллат маданиятини жаҳонга танитиш мақсадида не-не машаққатлар, йўқотишлар эвазига ташкил қилган, ўзга юртларда қадрланиб, ўз юртида етарлича қадр топмаган, санъаткор орзуларининг инъикоси "Мюзик холл"нинг тарқалиб кетиши унинг учун тақдирнинг яна бир шафқатсиз синови эди. Мамлакат жиловини қўлида тутган нуфузлардан бирининг бебош нафси санъаткор орзуларининг саробга айланишига сабаб бўлади.

...Ботир Зокиров шунинг учун ҳам ҳеч қачон бўлинмайдиган, қиёси йўқ бус-бутун оламки, санъаткор сифатидаги мавқеини деб, инсонлик аъмолидан, ўзлигидан, эътиқодидан воз кечолмасди. Бадиий раҳбар сифатида у учун гуруҳидаги аёллар шунчаки ижрочи эмас, ўз тақдирига эга шахс бўлганлиги учун ҳам ишдаги умумий манфаатларни деб уларнинг туйғуларини эрмак қилишларига бефарқ қарай олмас эди. Айнан мана шу жараёнда яёв юрганидан товонлари шилиниб кетган ШАХСнинг тоғдек ғурури билан от устида турган, кўзларини шира босган ўткинчи кимсанинг очкўз майли тўқнашади. Бунақа бемаъни тўқнашувлар уни шахс сифатида ҳарқанча тобламасин, у оддий инсон сифатида кўп азоб чекар, толиқиб кетган шикаста вужуднинг дош бериши эса ҳамиша қийин кечарди... ўзининг аҳмоқона "мен"идан бир бармоқ бўлса-да кўтарила олмайдиган нуфузлар Санъаткор туйғуларини ҳазм қила олмаса-да уларнинг хоҳиши учун у ўзининг бебаҳо Юрагига оёқ босолмасди.

Башарият тарихининг гувоҳлик беришича, бундай Инсонлар бу дунёга нима учун келганларини турфа тиканлару, дўнгликлардан иборат қисқа умридаёқ исботлаб, инсониятга ўз қўшиғини қолдириб кетишаркан. ... Моцарт, Бетховен, Жо Дассен, Висотский, Ботир Зокиров... Бу номлар ортида миллатлар кечмиши, халқларнинг муваффақиятлари билан биргаликда, афсуски, мағлубиятлари ҳам ётади. Шунинг учун ҳам улар адоғи йўқ бу телба оламнинг шўрлик арзандасига айланиб бўлишган. Қўшиқчининг бу оламга бўлган чексиз эҳтироми-ю, унга айтадиган дардларини юрагидан фақат сўзларгина олиб чиқа оларди. Шу боис ҳам ҳар бир сўз унга қўшиқ қалбини янада чуқурроқ очишга ёрдам берган. Мен ҳам хонанда қалбига етишишим учун унинг кундалигидаги қайдларни ўқиб ўзимдан ўтказа бошлайман. "Театр директори менинг ишимдаги энг муҳим нарса молиявий ишлаб чиқариш эканлигига ишонтирди. "Нимани ва қандай куйлашингдан қатъи назар, нима қилиб бўлса-да режани бажар. Бошқа йўл йўқ". Бир нарсани туш
унолмайман қандай қилиб режали хўжалик ва санъатни қовуштириш мумкин. Бу иккови мутлақо фарқли тушунча, ҳеч қачон бир-бирига яқинлаша олмайди". Ёки "Ҳукумат дала ҳовлисида: идиш- товоқларнинг тарақлаши ва чапиллашлар орасида Навоий, Пушкин шеърларига бағишланган мусиқа оқади. Мен шу пайтгача ҳеч қачон ўзимни хўрланган ҳис қилмаган эдим. Эй, худойим, нақадар ёввойилик ва маданиятсизлик... Кимдир пишиллаганча товуқнинг оёғини чайнаб ўтирган бўлса, қандай қилиб қўшиқ айтиш мумкин. Мен лоқайдликнинг ўтиб бўлмас деворига ўзимни ураяпман".

Санъаткорни, ўзимча, бугуннинг нафаси билан уқий бошлайман. Тўю базму жамшидлар омма йиғиладиган жой. Истайсанми-йўқми сархуш оломоннинг кайфияти билан ҳисоблашасан, муроса қиласан. Хонанданинг чаккасига турли қўллар тегиб, чўнтагига кирганидан санъатнинг сири очилиб, жозибасига шикаст етиб, бор ҳайратни сездирмасдан емира бошлайди. Омма ҳофизнинг эмас, ҳофиз уларнинг чилдирмасига "бирров"га бўлса-да ўйнашга маҳкум. Аччиқ ҳақиқат шуки, ашулачи у даврада санъаткор ҳам эмас. Ахир бунақа томошалар қанчадан-қанча истеъдодларни маҳв этиб келмаяптими?! Ботир Зокировдаги маданий аслзодалик ҳатто овқатланаётган маҳалда ҳам куйлашга йўл қўймайди. Мулоҳазаларимни айни пайтда жиддий хонанда сифатида ниҳоятда машҳур, ҳатто Машраб ижодига мурожаат қилиб турадиган эстрада йўналишидаги қўшиқчига айтганимда у "Ҳозир жаҳон юлдузлари ҳам тўйга чиқяпти. Ботир Зокиров бошқа даврнинг фарзанди, шунинг учун ҳам унинг қарашлари ўзгача. Даврлар ўзгариб кетди. Қарашлар ҳам. Бугу
н хонанда тўйга чиқмаса, катта саҳнага ҳам чиқа олмайди. Ҳолбуки, ҳаммаси санъаткорнинг ўзига боғлиқ. Шундай қилингки, одамлар беихтиёр қўлидаги қошиқни стол устига қўйишсин. Аксинча тўйлар артистни чархлайди", деб жавоб берди. ўзини санъаткорман дея "ижод машаққатлари"дан гапираётган бугунги ашулачиларнинг репертуари асосан тўй қўшиқларидан иборат эканлигининг сабаби ҳам шунда бўлса керак. Унинг гапларини сўзма-сўз таҳлил қилмоқчи эмасман, лекин бир ҳақиқатни биламанки, Ботир Зокиров қўшиқлари омманинг шовқини етадиган жойлардан анча баландда... На "Араб тангоси"ни, на "Раъно"ни ва на "Мажнун монологи" ёки деярли умр шомида куйлаган "Хаёлимда бўлдинг узун кун"ни бирортасини шовқин сурондан иборат, маст давраларда тинглаб бўлади. Наинки, базмларда ҳаттоки йўл-йўлакай, шунчаки эшитиш ҳам бу қўшиқларни, ундаги туйғуларни увол қилишдир. Ахир уларда шаффоф юракнинг нидоси, чинқириғи бор.

Балки даврлар туфайли қарашлар ҳам ўзгарар, лекин асрлар давомида оламнинг меҳварини ўз ҳақиқати билан ушлаб келаётган шундай қадриятлар борки, ҳатто замонлар тўфони улар олдида ожиз. Мана шулар туфайлигина абадият денгизи ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Шуларгина азим ва асов дарёларнинг асл ўзани қаердалигини эслатиб туради. Ботир Зокиров феномени катталашгандан катталашиб фақат орзу бўлиб қолишининг, қўшиқлари соғинчли армонга айланишининг сирини шунда деб ўйлайман.

Бертолд Брехт драматургиясини доимо кузатиб, унга тегишли асарларни мутолаа қилиб юрадиган хонанда режиссёрларнинг саҳналаштириш учун жиддий асарлар йўқ деган баҳонасини тушунмас эди. Ваҳоланки драматург ўз асарларида катта мақсадлар бўлмаган даврда катта санъат ҳам яратиб бўлмайди деган катта ҳақиқатни айтиб кетган. Яъни мақсадлар майдалашган сари, санъатнинг ҳам бачканалашиб боришини табиий ҳол деб қараган экан. Назаримда, бугун санъаткорлик даъвосида юрган, дунёни фақат манфаатлар-у билакдаги кучлар бошқаришига астойдил ишонаётган "шоу бизнес" аталмиш шафқатсиз ўйиннинг ижрочиларидан, аниқроғи қуролларидан ҳайрат кутишнинг ўзида мантиқсизлик ётадигандек. Ахир, уларнинг ўзи бу оламнинг асосида муҳаббат ётишига шубҳа билан қарашади-ку. Табиийки, бу ҳолатларда омманинг қичқириғидан, беҳаё ҳуштакларидан бир зум бўлса-да озод бўла олмайсан. Шундай пайтларда Санъаткоримизнинг бу ғала-ғовур телба дунёнинг томошабинига ёки иштирокчисига айланмасдан эрта тарк этганининг ўзида ҳам қандайдир сирли ҳикмат бордек туюлади. Бу ҳам бир Уни аяш мақсадида Оллоҳнинг севган ва ночор бандасига берган сўнгги имконидир. Афсуски, кўҳна шарқ ҳикматларида айтилганидек, найнинг дилўртар овози кўпинча дўмбиранинг шовқуни остида қолиб кетаркан.
Юрагидаги қайноқ ҳароратини оҳангларга кўчирган қўшиқчимнинг сурати... Паришон сочлар... Кенг пешона остидан чақнаб турган ҳайрат тўла нигоҳига сингиб кетаман. Бу тим қора катта кўзлар оламга шу қадар катта муҳаббат билан тикиладики, "ҳай-ҳай" демасанг дунёни кўзлари билан қучоқлаб олса. ўзи ҳайратланган бу ҳаётга наинки қўшиқлари, балки кўзлари билан ҳам ҳайрат улашмоқчи бўлади. У Ватанини ҳам мана шу тийрак нигоҳи билан, кўзларини катта-катта очганча дард билан севди. Чунки У юмилган кўз билан Ватанни севиб бўлмаслигини яхши биларди. Владимир Висотский ва Иосиф Кобзон унинг қадрдонлари эди. Улар бир-бирини тушунишарди. Лекин у дўстларидан фарқли ўлароқ на сарой қўшиқчиси бўла олди, на бўғзини йиртганча қўшиқлари орқали исён қила олди. У фақат "Қайдасан бахт, қайда сенинг ёруғ қиёфанг?" дея бахт ҳақида, Инсон ҳақида ёниб куйлади. Вужуди чўғга айлангача, юрагини аямасдан куйлади. ўзининг миллатдошларини улуғ миллат вакили сифатида кўргиси келарди.
Шунинг учун ҳам "Менинг мамлакатим ўзининг бир тусдаги мусиқаси билан нақадар камбағал. Ёки уни тушунмаган бизлар қашшоқмизми? Миллатидан қатъий назар ҳар қандай одамга тушунарли бўлган қўшиқлар хазинасининг калитини қаердан топсам бўлади" деб изланди. Ва мана шу калитни топиш йўлида, катта-кичик қулфларга дуч келаверганидан "... Мен уларга тоқат қилолмайман, ҳатто салом-алик қилишни ҳам хоҳламайман. Ахир бу амалдорларнинг калтабинлиги, ўтмас диди, маълум бир даражага кўтарилади, мезонга айланади. О, бу қандай нотавонлик... Лекин шундай бўлса-да Икромдан (компазитор Акбаров- И.Қ.) фарқли равишда, республикадан кетиш ниятим йўқ, кучим сабр-тоқатим, асабларим қанчага дош бергунча, ўзимнинг ишимни қилавераман", деб изтироб чекканча Юраги етаклаган йўлдан кетди.

Санъаткорнинг гўзал шахсияти билан боғлиқ хаёлларим ҳамроҳлигида йўлга отланарканман кўзим каттакон афишадаги яна бир кўзга тушади. Бироқ бу мен учун мутлақо бегона, ўгай кўз. У оламга шу қадар алам, қаҳр билан ҳаёсизларча санчилиб қарайдики, беихтиёр юрагинг орқага тортиб кетади. Қўйиб берсанг дунёни эртаклардаги ялмоғиз кампирдек икки ямлаб бир ютса... Йўқ, бу аянчли кўзлар, вайрона қалб билан қўшиқ айтиб бўлмайди. Бу кўзлар билан Инсон ҳақида, унинг орзулари ҳақида куйлаш гуноҳ... Фақат бу кўзлар билан одамларни алдаш, чалғитиш ва туйғуларни таҳқирлаш мумкин. Албатта бу менинг шахсий фикрим. Лекин менга мана шу ҳақиқатни мен таниган бебаҳо Ботир Зокировнинг бой дунёси англатди.

"Сеҳрли мусиқани тинглаб ўзингни нечанчи осмонда ҳис этасан. Алам ва оғриқлардан нишон ҳам йўқ, фақат ва фақат оҳанглар, оҳанглар, оҳанглар... Улар қанотингга айланади ва сени замин бўйлаб шафақнинг зарҳал ипи чўзилиб кетган уфққа қараб олиб кетади. Оҳанглар учар қушлар мисоли сени юксак-юксакларга, офтоб сари элтади. Мана сен унинг иссиғини, ёруғини ҳис этяпсан. Кўнглингдаги барча кирлар, ғуборлар кўтарилиб кетган... Аламлар ва оғриқлар ушбу бепоёнликка сингиб кетган. Мана бирдан скрипка йиғлаб юборди ва сен кўзларингдан сизаётган ёшни сезасан. У кўнглингнинг шундай теранликларида туғиладики, сен буларни шу кунгача хаёлингга ҳам келтирмагансан. Шоир "Ғамим менинг ёруғ", деб аниқ айтганидек ифодалай олмайсан".

Унинг дардларидан яна бири шундаки, ўзи кўзлаган манзилга ета олмаслигини ҳамиша ҳис қилиб турарди. "Бугун "Алишер Навоий" спектаклини томоша қилдим ва яна ҳаётдан менинг мақсадим нима деган савол устида ўйлаб қолдим. Ҳаммасининг мақсадсиз ва маънисизлиги тўғрисида ўйлай бошласам қўрқиб кетаман. Куйлаш - қўшиқлар. Ахир улар эртаси куниёқ унутилади-ку. Хўш, мендан кейин одамларга нима қолади? ўзингдан одамлар учун жуда керакли нарса қолдириш учун нима қилиш зарур. Мана мен учун улкан ва ечиб бўлмас саволлар..." У "одамларга нима қолдиришим мумкин" деб изтироб чекади. Бетховен даҳосидан хабардор инсон унинг "Ҳақиқий санъаткор мағрурликдан нари туради, чунки у санъатнинг чексизлигини кўриб туради... мақсади жуда узоқлигини ҳис қилади" деган иқрорини эсласа санъаткор оғриқларини, ўзидан кўнгли тўлмаслигининг сабабини тушунади. Шунинг учун ҳам санъаткор фақат шу оламнинггина фарзанди бўлиб қололмайди.

 

 

Ботир Зокиров қисқа умри билан Инсон руҳиятининг чек-чегараси йўқлигини, хаста вужуд озод ва исёнкор Руҳ учун қафас бўла олмаслигини, талант маълум бир қариччалар билангина баҳоланмаслигини, ўлчанмаслигини, ҳақиқий истеъдод замонанинг турли қолипларига сиғиб, мослашиб кета олмаслигини исботлади. Ва келажакка бутун дунё қурбон бўлишга арзийдиган улкан Юракни мерос қолдирди. Бу Юрак унинг қўшиқларида, чизган суратларида, шеър-ҳикояларида ва кундалигида, таржималари-ю кинотасмаларда муҳрланиб қолган қиёфасида акс этган.

 

 

                                                        ИҚБОЛ ҚЎШШАЕВА

Просмотров: 1748 | Добавил: кимсан | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Февраль 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
2425262728
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz