Среда, 24.04.2024, 15:45
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 26 » Бердиёр ЖУМАЕВ: ЙИГИРМАНЧИ АСР ДАРВЕШИ (Бадиа)
14:14
Бердиёр ЖУМАЕВ: ЙИГИРМАНЧИ АСР ДАРВЕШИ (Бадиа)

Бердиёр ЖУМАЕВ: ЙИГИРМАНЧИ АСР ДАРВЕШИ (Бадиа)


Мақолани босиб чиқариш ва юклаб олиш

 

Бердиёр ЖУМАЕВ

 

                                                                  Ўзбекнинг ўздеклиги

 

      ЙИГИРМАНЧИ АСРНИНГ ДАРВЕШИ, ЁИНКИ

 

          Қаландар Қарноқий қачон, қандай қиёфада

 

          Қарноқ қишлоғига қўққисдан қайтган(ди?!)

 

                                            (Бадиа).

 

Сайрамий - Қарноқий

Умуман олганда, Анвар Сайрамийни кўпчиликка яқиндан таништириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Зеро, у кишининг тиниб – тинчимас жаҳонгашта – сайёҳ, эҳтиросли ижодкор – бунёдкор, тажрибали ва янгиликка ишқибоз устоз эканлигини биладиганлар бекамдир. Аммо бундайин таърифлар – тавсифлар етарли эмасдек, назаримда…

Оллоҳ яхши кўрган бандасига қўша – қўша қилиб беради, деганлари ростлигини айнан Анвар ака тимсолида кўриш мумкин. Бу — у кишининг қиррадор салоҳиятларида – қамровдор қобилиятларида ўз намоёнини топган. Негаки, ушбу қаҳрамонимиз юқоридаги иқтидорлари-ю имкониятларидан ташқари, янаям ўзига хос бошқа ажиб ҳунарларнинг-да соҳиби.

Анвар аканинг, ҳатто профессионаллар ҳам-ки, ҳавас қиларли даражадаги маҳоратли дорбоз бўлганлиги, ҳарбий хизматдалик пайтидаёқ Байкалортидаги армия қисмларида кўнгилли равишда текин томошалар кўрсатиб, қўмондонлар-у аскарларни қойил қолдиргани эвазига махсус таътил (отпуска) билан тақдирланганлиги; тағин, ўз вақтида ҳовлисига росмана телескоп ўрнатиб, Ерда турганича Ой сатҳида кузатувлар ҳамда тадқиқотлар олиб борганлиги; космосга қизиқиш ўта авж олган даврларда бир нечталаб космик кемаларнинг кичик, мукаммал ҳамда мутаносиб нусхаларини яратиб, юзлаб кишиларнинг кўзлари ўнгида уларни қаторасига самога учириб, парашютлар ёрдамида муваффақиятли қўндириб, “Сайрамнинг Королёви” номини орттирганлиги; умр йўлдоши, ажойиб янгамиз Тошхон опа билан ҳамкорликда ғаройиб кимёвий, физикавий ва бошқа кашфиётлар яратганликлари…

Э-ҳ-ҳ-эй, санайверсангиз — адоғига етиш қийин. Ҳар биттаси алоҳида мавзу бўлгулик хислатлар-у фазилатлар… Худо хоҳласа, фурсати билан буларнинг барчасига тўхталиш ниятидамиз.

Дарвоқе, Анвар Сайрамийнинг сермазмун ва пурмаъно ҳаётидаги жаҳонгашталигидан кейинги иккинчи ўриндаги жуда лол қолдирувчи жиҳат, бу — у кишининг йигирма биринчи аср арафасида Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи қаҳрамонларидан бири — Қаландар Қарноқийнинг сиймосини қайта тиклаганлиги ҳамда “жонлантирганлиги”дир (зеро, Анвар аканинг бутун умриниям-ки, қандайдир маънода, дарвешоналикка менгзаш мумкин). “Қандай қилиб?!” дейсизми…

Жиндай сабр қилиб турсангиз, қуйидаги бадиани ўқигач, ушбу хусусда батафсилроқ билиб олгайсиз, иншооллоҳ! Битигимизнинг табиийликка яқин бўлиши, ҳақиқий аҳволни ҳаққоний акс эттириши учун эса, атайлаб, қаҳрамонимизнинг замонавий қаландарлик саргузаштларини Анвар аканинг “мен”и тилидан баён айлашга қарор қилдик. Марҳамат, ХХ аср интиҳосидаги Қаландар Қарноқийни тингланг…

 

– I –

 

— Бутун дунё ўзбекларининг ардоқли ва суюкли адиби, буюк ижодкор ва улуғ инсон — Одил Ёқубов асарларини билмаган ўзбек жаҳонда кам бўлса керак. Шахсан ўзим ҳам у кишининг садоқатли ихлосмандлариданман. Айниқса, “Улуғбек хазинаси” романини ўқиганимда ҳаммасидан ҳам кўра, Қаландар Қарноқий ҳамда унинг севиклиси Хуршидабону фожиаси, уларнинг даҳшатли қисмати мени жуда ҳаяжонлантирди.

Ана шу ҳалокатли ҳодисаларнинг фалокатли таъсири остида фаромушхотир юрган кунларимнинг бирида калламга ғалати фикр келиб қолди: “Қаландар Қарноқийнинг дарвешлик қиёфасига кириб, унинг она юртига махсус саёҳат уюштирсам-чи!” Шу – шу бўлди-ю ҳаловатимни йўқотдим: эрта-ю кеч бутун ўй-у фикрим келгуси сафар режалари билан банд бўлди. Ўзи, аслидаям, кўнглимга келган хуш ниятларни ҳар қандай вазиятдаям амалга оширишга одатланганим яна ўз кучини кўрсатди…

Қаландар Қарноқийнинг шакл-у шамойилини “Улуғбек хазинаси” асаридан олган таассуротларим асосида — тасаввуримда жонлантириб кўрганимдан сўнг, тайёргарликка жадал киришиб кетдим: дастлаб, XIV – XV асрларда дарвешларнинг қандай тарзда кийинганликлари, уларнинг ўзларига хос – мос табиатлари билан қизиқдим. Тегишли маълумотларга эга бўлгач, қаландарларнинг жанда хирқаси, кўҳна кулоҳи, эски чориғи, йиртиқ тўрвасини ўзимга мослаб бичиб – тикиб шайладим. Бу орада атайлаб қўйган соқолим ҳам анча – мунча ўсиб қолди.

Барчаси тахт бўлгач, янги “либос”ларимни кийиб, тегишли нарсаларимни олиб, кўчага чиққанимча теварак – атрофдагиларга кўриниш бергандим, водариғ-ки, баъзи одамларнинг эслари оғиб қолаёзди-ёв. Яхшиям, қишлоқдошларим менинг ғайритабиий “эксперимент”ларимга, ғалати хатти – ҳаракатларимга кўникиб қолишгани. Билъакс, нақ телбага чиқариб, жиннихонага тиқдириб қўйишлари турган гап эди.

Энди, бўлғуси сафарга ўзимни кўниктиришим, ҳақиқий дарвеш тимсолига киришим, янаям аниқроғи — 550 – 600 йил ортга чекиниб, ўша давр қаландари сифатида йигирманчи асрнинг охири одамлари орасига киришим, улар ўртасида юришим даркор эди. Бу, албатта осон иш эмас! Майли, ҳечқиси йўқ, ушмундоқ мураккаб ҳолатга биринчи марта дуч келаётган эмасман-ку… Оллоҳимнинг мадади билан, бундан-да баттар, мушкул вазиятлардан чиқиб кета билганман, ахир…

Дастлабки юмушим: саёҳатнинг қатъий йўналишини белгилаб олишим керак… У мана бундай кўриниш олди: Сайрам – Бодом – Султонработ – Ёрғонлиқ (Ҳозирги Алишер Навоий қишлоғи) – Тоғойна – Қазиғурт тоғи – Чимкент – Шавулдер – Арслонбоб – Туркистон – Қарноқ – Сайрам.

 

     – II –

 

…1997 йилнинг июль ойи, мактабларда айни таътил вақти. Ёз тонгларининг бирида эрталаб йўлга отландим. Кўчага чиқишим билан, қўшнимиз — адашим Анвар Қурбонхўжаев ўзининг юк машинасида ўтиб кетаётган экан. Менга кўзи тушгач, беихтиёр машинасини тўхтатди ва ҳайронликда саволга тутди. Унга нечун бундай туришим ҳамда мақсадимни тушунтирганимдан сўнг: “Ҳеч тиниб – тинчимас экансизда-а, Анвар ака, тағин нималарни бошладингиз?” дея ҳазиллашиб, Бодомгача бирга олиб кетди ҳамда сафаримга муваффақият тилаганича хайрлашди.

Кейин, Султонработ қишлоғигача автобусга миниб кетдим, сўнг, Ёрғонлиққача йўловчи енгил машинага илашиб бордим. Шу орада кимларга-ки дуч келган эсам, ҳаммаси менга ҳайрат билан тикилишар, баъзан, менинг тўғримдан келаётганлар қадамларини секинлаштиришар ёки йўлнинг нариги четига ўтиб олишарди-да, ёнларидан ўтгунимча кузатишар ҳамда орқамдан ажабланиб қараб қолишарди, ҳатто айримларнинг ортларига қайтиб кетганлариниям кўрдим.

Ёрғонлиқ (ҳозир уни кўпинча Алишер Навоий номи билан аташади) қишлоғида масжид, мақбара ва қабристонга кириб, ўша жойлардаги азизлар – авлиёларнинг руҳларига бағишлаб, тиловат қилдим, дуолар ўқидим. Сўнгра сўраб – суриштириб, маҳаллий мактабни топиб бордим. Ёзги таътил эмасми, у ерда таъмирлаш юмушларида қатнашаётган саноқли муаллимлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Директорнинг кимлиги билан қизиққандим, шусиз ҳам менинг нохуш ташрифимдан ғижиниб турган ўқитувчилар янада ғалатироқ муносабат кўрсатишди. Ниятим холис эканлигини тушунгунларича, ниҳоят, директор ҳам келиб қолди. У билан танишиб, қай мақсадда юрганлигимни айтдим ва Ёрғонлиқ қишлоғи номининг маъноси нимани англатишини сўрадим. Директор ўзининг тахминларини илгари сурди-да, аниқ билмаслигини тан олди. У бир кекса муаллим бундан воқиф бўлиши мумкинлигини айтиб, ўша ўқитувчининг уйига одам юборди-ю, аммо анча вақт ўтса-да ундан дарак бўлмади. Шунда, мактаб директорига Ёрғонлиқ қишлоғининг номи билан боғлиқ ўзим эшитган тарихий ривоятни ҳикоя қилиб бердим-да, у билан хўшлашганча сафаримда давом этдим.

 

                                             – III –

 

Энди Қазиғурт тоғининг устидан ошиб, унинг нариги тарафига ўтишим зарур эди. Қазиғурт этагидаги Тоғойна қишлоғидан ҳамда қозоқ овулидан ўтиб, юқорига кўтарилар эканман, олдимдан эшакларидаги хуржунларига флягалар ортганча сув олиб келаётган болалар чиқишди. Менинг кун ботаётганда тоққа чиқиб кетаётганимдан ажабланишди, шекилли, улардан бири:

— Ағай, қайда барасиз? Ўл тамандарда эл жўқғўй, — дея сўроққа тутди.

— Нариги тарафдаги Фогелёвка қишлоғига ўтмоқчиман.

— Тунде журсенгиз тавда қасқир қақиб кетеди-ғўй, — гапга қўшилди бошқаси

— Қақпайди, — дедим-да тағин йўлимда кетавердим. Улар эшакларини тўхтатганларича, анча вақт ортимдан анграйиб, лол-у ҳайрон тикилиб қолишганини ҳис этдим.

Анча масофа босиб, бирмунча қоронғу тушганида белга (яъни, тоғнинг ўрта қисмига) яқинлашарканман, кутилмаганда, дастлаб, олдимда иккита кўз ёниб турганини пайқаб қолдим. Не кўз билан кўрайин-ки, қозоқ йигитчалари огоҳлантирган ўша “қасқир”, яъни, баҳайбат бўри қаршимда турарди. Ғира – шира қоронғуликда у оғзини ярим очганича ўткир тишларини кўрсатарди. Таққа тўхтадим, нима қилишни билмайман, одинга юрсам бўри менга ташланиб, йиқитиб олгач, бўғзимни ғажишга уриниши аниқ. Орқага эса, сира қайтгим йўқ.

Аслида, бундай “учрашув” мен учун янгилик эмасди, Овро – Осиё бўйлаб уюштирган саёҳатим чоғидаям шундай хатарга дучлашганман. Аммо у пайтда бир неча чиябўрилар ҳужумига йўлиққандим. Ҳозир эса, рўпарамда уларга нисбатан бир неча ҳисса кучлироқ ва даҳшатлироқ улкан қашқир билан юзма – юз ва қарама – қарши келиб қолгандим…

Ана шу аснода иккаламиз бир – биримизга тикилишганча қанча турдик — эслолмайман. Ниҳоят, ўзимни босиб олиб, бўрига: “Кел, энди, ўтказиб юбор!” дея ўзимча мурожаат қилган бўлдим. Ўша атрофда қашқирнинг ини ёки болалари бор эканми, ишқилиб, у менга йўл бермасдан оғзини таҳдидли очганича тураверди. Шунда, тўсатдан, ёнбош тарафимдаги анча пастликда машиналарнинг чироқларидан тушган ёруғликка кўзим тушди. Бўридан нигоҳимни узмаган ҳолда, ортимга тисарила – тисарила, тоғнинг этагига эна бошладим. Қашқирнинг тун қаърида, бамисоли икки оловли нуқтадек чақнаб – ёниб турган кўзлари анча муддатгача менинг изимдан таъқиб этиб турди…

 

  – IV –

 

Ўша даврда Қазиғуртнинг жанубий ён – бағрида биз яшайдиган Аҳмад Яссавий номли жамоа хўжалигининг “тоғ участкаси” деган ҳудуди бўларди. У ердан, асосан чорва яйлови ҳамда табиий ўт – ўланлари ўриб – йиғиб олинадиган майдон сифатида фойдаланиларди. Машина чироқларини мўлжаллаб қуйилашганим жой юқорида айтганим — ем – хашак, мол озуқаси тайёрловчиларнинг мавсумий манзилгоҳи экан.

Деярли ярим кечага яқинлашаётган алламаҳалда бу ерда тўсатдан пайдо бўлишим пичан тўпловчиларни эсанкиратиб қўйди. Негаки, улар кундузги чарчоқларини базми жамшид ёрдамида тарқатаётган эканлар: қўйлар сўйилган, турлича таомлар, турфача ичимликлар дастурхонга тортилган. Айниқса, гуруҳ раҳбари, колхоз раисининг чорвачилик масалалари бўйича ўринбосари Деҳқонбой Салиметов мени кўргач, ваҳимага тушиб қолди ва мана шундай гадойтопмас ошёнда ўрим – йиғимда қатнашаётган кишиларни, фақат шундай йўл билан тутиб туриш ҳамда ишлатиш мумкинлигини ўзича изоҳлаб, гапира бошлади.

Унинг бундайин ташвишга – таҳликага тушишига сабаб, мен газеталарда ҳар хил мавзудаги танқидий мақолалар билан чиқиб турардим ва улар тегишли доираларда муҳокама этилиб, зарур чоралар кўриларди. Деҳқонбой ака ўзим бу ерда кўрган озуқа тўпловчиларнинг ўзига хос ҳордиқ усулини матбуотда эълон этиб юборишимдан ҳадиксираётганди.

“Тоғ участкаси”даги айни воқеаларни ҳеч жойга ёзмаслигимга – ҳеч кимга айтмаслигимга Деҳқонбой акани ишонтиришим осон кечмади. Ниҳоят, у кишининг мазкур сирнинг ошкораланмаслигига имони комил бўлгач, иккаламиз анча ҳангомалашиб ўтирдик. Суҳбатимизга кейинроқ шофёр Йўлдош Норбоев ҳамда тракторчи Алиқул Каримов ҳам қўшилдилар. Ўшанда кечаси ем – хашакчиларнинг мавсумий  манзилгоҳида тунадим-да, тонг саҳарда ўрнимдан туриб, Чимкент сари йўл олдим.

 

– V –

 

Эрталаб соат саккизлар чамасида шаҳарнинг асосий автобекатига етиб келдим. “Ақ жол!” кафесига кириб, ярим коса чучвара олганча, уни еб тугатаёзгандим ҳам-ки, кимдир мен томонга беёқим қараш қилгандай туйилди. Кўнглимга шубҳа оралади: “Боя кирганимда совуқ нигоҳ ташлаган ошхонанинг хотин хўжайини полицияга сим қоққан кўринади-ёв…” Ўша кимса ошпаз аёл билан ниманидир сўзлашгандай бўлди-да, ташқарилади. Мен сиртга чиққанимда эса, у бошқа бир йигит билан гаплашиб турган экан: “Ноўрин гумон қилибман-да” дея ўйлаб, Арслонбобга бориш учун автобусга ўтирдим.

Ҳайдовчи моторни ўт олдирганича сал силжиб, тағин тўхтаб қолганига ҳайрон бўлиб тургандим, шу пайт ёнбошимдаги автобус деразаси чертилди, қарасам, боя ўзимни кузатаётганини тахмин қилганим одам мени пастга имлаяпти. “Ўйлаганим тўғри экан…” — шундай хаёл билан қайтиб тушишга мажбур бўлдим. Бояги шахс мени чеккароққа бошлади-да, “Капитан Фалончиевман, қани ҳужжатларингизни кўрсатинг-чи!” дея гувоҳномасини чиқариб, тумшуғимга тиқиштирди.

“Улай дакументден менде-да бар!” дедим-у йиртиқ – ямоқ тўрвамни атайлаб кавлаштирганча унинг ичидаги латта халтачадан журналистлик ҳужжатимни чиқардим-да, формасиз миршабга кўрсатдим. Капитан бир эгнимдаги жанда – жунда “либосларим”га, бир гувоҳномамдаги галстук тақиб тушган салобатли суратимга боқар, ҳайратдан нақ жағи осилиб қолаёзганди. “Махсус топшириқ билан юрибман…” жиддий шивирладим миршабнинг қулоғига секин. Капитан бирданига “честь” берди-да, кечирим сўраганича, “оқ йўл” тилаб, жадал узоқлашди. Ўша онда бизларни четдан кузатиб турган автобус ҳайдовчисига назарим тушди: унинг ҳозиргина кўрган нарсалардан ажабланиб, оғзи очилганича, лол ҳолатда мен томонга тикилиб турарди…

Тегишли гўша яқинида автобусдан тушиб, Арслонбоб мақбараси сари кетарканман, ушбу қутлуғ қадамжога келган зиёратчиларнинг айримлари мени тиланчи ёхуд гадо сифатида қабул қилишди, шекилли, садақа бермоқчи бўлишди, ўзлари билан келтирган ул – бул нарсаларидан тортиқ айлашди. Мақбара ичкарисига кириб, табаррук Арслонбоб бобокалонимизнинг муқаддас қабрлари пойида у кишининг руҳи покларига бағишлаб, Қуръон тиловат қилдим. Ташқарига чиқиб, айни қадамжонинг теграсини айланганча атрофни томоша қилдим, хаёлан, Арслонбоб бобокалонимизнинг замонларига “сайр” айлаб, ўша даврларни тасаввуримда тикладим.

Кечаси тунаш учун бошпана излаб юрганимда зиёратгоҳга қараб турувчи одамлардан бири билан танишдим. У менинг сафар – саёҳатларим тўғрисида ўқиган, айни боис, ўзимниям сиртдан биларкан. Ўзаро ажойиб суҳбат қуриб турганимизда ташқарига иккита “КамАЗ” кетма – кет келиб тўхтади: улар Фарғона водийсидан Россияга қовун – тарвуз ташиётган ҳайдовчиларнинг машиналари экан. Мақбара назоратчиси бўлган қозоқ қардошим мени уларга: “Бу ўзбекдан чиққан машҳур жаҳонгашта” дея, бутун таъриф – тавсифимни келиштирган ҳолда таништирди.

Кутилмаганда ҳалиги икки фарғоналик: “Ака, сизни бизларга Худонинг ўзи етказди, юринг, ўзингизни бирга олиб кетайлик, албатта рози қиламиз. Ҳар доим Туркистонга кираверишда ГАИчилар тўхтатиб, роса овора-ю абгор қилишади. Бизларни ўша жойдан ўтказишиб юборинг” дея, ялиниб – ёлвориб туриб олишди. Охири, илтимосга кўнишга мажбур бўлдим, тайёр тунаш ўрниниям ташлаб, уларга қўшилиб жўнадим.

Дарҳақиқат, Туркистонга яқинлашиб қолганимизда, дарахтлар панасидан тўсатдан чиққан ГАИ ходими ола таёғини кўндаланг қилди. Ҳайдовчига машинани анча нарироқда тўхтатишини айтдим ва унга жойидан қимирламаслигини тайинлаб, тўрвамни елкалаганча, миршаблар ёнига келдим.

Уларнинг биттаси: “Бизге сенинг керегинг жўқ, водителларни шақир!” деди қўполлик билан. Мен ҳайдовчилар келмаслигини машиналарнинг ва уларга ортилган юкларнинг эгаси ўзим эканлигимни айтдим. Улар оғзаки гапларимга, ҳадеганда ишонаверишмагач, яна тўрва – халтамни кавлаштиришга мажбур бўлдим. ГАИчилар ҳужжатларимни кўришгач, ҳанг – мангликдан саросимага тушиб қолишди ва “Не, Кентавға баражатирсиз-ба?” дея сўрашганди, тасдиқ ишорасида бошимни ирғадим ва сездирмасдан кулиб қўйдим.

Илло, миршабларнинг ўзлари менинг мазкур вазиятдан чиқишим учун дастак топиб бергандилар-да. Негаки, ўша пайтда кентовлик шахтёрлар тўполон кўтариб, шаҳар алғов – далғов бўлиб турганди-да! ГАИчилар “честь” берганларича кузатиб қўйишди.

“КамАЗ” бошқарувчилари эса, “ғалвали ғов”дан муаммосиз ўтиб олганларидан ҳамда менинг миршабларни боплаганлигимдан жуда хурсанд эдилар ва каминага каттакон раҳматлар айтишди. Улар билан биргаликда овқатлангач, ўзаро қадрдонлардек самимий хайрлашдик.

 

                                              – VI –

 

Туркистонга қадам қўйишим биланоқ, дастлабки борганим ошён — Хожа Аҳмад Яссавий жанобларининг мақбараси бўлди. Ҳазрати Султоннинг муқаддас марқади ёнига тиз чўкиб, Оллоҳимга муножот-у илтижолар айладим. Сўнгра Соҳибқирон Амир Темур бобомиз топшириғига мувофиқ, Қарноқ қишлоғида қуйилган улкан дошқозонни томоша қилдим. Зеро, илгариги йирик саёҳатларимга чиқиш олдидан ҳам, бу ерга келиб, табаррук қадамжоларни зиёрат этгач, йўлга тушардим.

Энди кечаси тунаш учун бошпана топишим даркор эди. Мақбара ёнидаги меҳмонхонага жойлашмоқчи бўлсам, зиёратгоҳга келувчилар нисбатан арзон бўлганлиги боис, хусусий қўноқхоналар хизматидан фойдаланганликлари учун, унинг маъмури деярли келмас экан. Мақбарани қўриқловчи соқчи миршаблар бошлиғидан ёрдам сўрагандим, у меҳмонхона маъмурини топтиришга ваъда берди.

Вақт ўтказиш учун маҳобатли ёдгорлик теграсини айланиб юргандим, балоғат ёшига етаётган йигитча салом берди. У билан аҳволлашдим ва менинг мундоқ юриш – туришимга қизиқаётганини сезиб, гапга тутдим. У сўраб – суриштиравериб, аслида кимлигимни билиб олгач, сафарларим ҳақида газеталарда ўқиганлигини, шеърларим билан-да танишлигини айтиб қолди. Алал – оқибат, у яқин орадаги ўз уйига таклиф эта бошлади. Мен йигитга: сен аввал ота – онанг билан сўзлаш, кимлигимни тушунтир, қачон-ки, улар рози бўлишсагина кираман, дедим.

У эшитишниям хоҳламай, бирга юрасиз, дея туриб олди, қарасам, астойдил хафа бўладиган. Ноилож, шундоққина зиёратгоҳ яқинидаги ҳовлилардан бирига узун – қисқа бўлиб олдин – кетин кириб бордик. Ўша пайт уйдан чиқиб қолган аёлга ҳалиги йигит: “Ойи, мана, меҳмон олиб келаяпман” дея гап бошлаганди ҳам-ки, онасининг: “Тўхта!” деган ҳайқириғидан турган еримизда қотиб қолдик. “Буни қаердан топдинг, тезда чиқариб юбор!” гапида давом этди аёл. “Ойи, бу киши…” Йигитнинг сўзи чўрт бўлинди: “Сенга нима дедим, қани йўқот-чи, бу девонани!” бақирди онаси. Ўғли яна нимадир айтмоқчи бўлганди, онаси эшитишниям истамасдан, тағин қичқирди: “Унақада, ўзинг ҳам кет, йўқол шу дайди билан!”

Энди ҳар қандай ҳаракат ортиқча эди, тасодифан айвонда айни можарони жимгина кузатаётган олтмиш ёшлардаги эркакка кўзим тушди: унинг важоҳатидан хонадонида сони-ю салмоғи йўқ эркаклардан эканлигини сезиш қийинмасди. Қандай кирган бўлсак, яна шунақасига қайтиб чиқдик. Йигитчанинг боши хам эди, шу орадаги ўтирғичлардан бирига бориб, ҳорғин чўкдик.

— Бунақа юриш сизга нимага керак, ахир, наҳотки, ўзингиздай таниқли одам атайин худди тиланчилардай кийиниб юрса, — йигитча онасининг қўпол муомаласидан хижолат бўлганлиги учун менга тик қарай олмасди. Янги танишимни юпатган бўлдим, ундан хафа эмаслигимни, барчасига ўзим айбдорлигимни айтдим, кечга қолмасдан уйига киришига кўндирдим. Хомушона ва хижолатли тарзда хайрлашдик…

Соқчилар бошлиғига учрашсам, ҳалиям меҳмонхонанинг тегишли мутасаддисини излаётганини билдирди. Энди қамровни кенгроқ олиб, шаҳарнинг ичкарироғига қараб силжидим. Кўча чироқларининг ёғдусида шланг билан сув сепаётган кишига дуч келиб, салом бердим. У қозоқча алик олгач, бирпас ажабланиб турди-да, савол назари билан боқди. Вазиятни тушунтирдим, шубҳали шахс ёки дайди “БОМЖ” эмаслигимни билдирдим ва ҳар эҳтимолга қарши, ҳақиқатан кимлигимниям қистириб ўтдим. Бу инсон мени телевизорда кўрган экан, ёнимга яқинроқ келиб юзимга тикилди-да, қўлидаги шлангни ташлаб, жўмракни бураб сувни ўчирди. Кейин, мени ичкарига таклиф қилди.

Орқа тарафдаги салобатли бино шаҳар коллежига тегишли бўлиб, бояги одам унинг қоровули экан. Қардошим муқаддам Чимкент – Туркистон оралиғида қатнайдиган паровоз машинисти бўлган, пенсияга чиққач, зерикмаслик учун мана шу юмуш билан машғуллигини билдирди. Қоровулхонага киргач, янада яқинроқ танишдик: “Сендай инсон учун қўй сўйсамам арзирди. Аммо бугунча борига қаноат этиб турасан” деди у ҳазиллашганича олдимга анча – мунча егулик – ичгуликларни қўяр экан. “Ўғлим ҳам сайр-у саёҳатлар билан қизиқади. Бир йиллик сафарингни матбуот ҳамда телевизор орқали изчил кузатиб борганди. Ўзинг билан биргаликда чой ичишганимни-ю гурунглашганимни айтсам, мутлақо ишонмас-ов. Афсуски, ҳозир у бу ерда эмасди-да…” гапида давом этди у.

Иккитарафлама кўнгилли мулоқотимиз чамаси уч соатларга чўзилди-ёв. Қардошим ўзининг илгариги юмуши — темир йўлчилик фаолияти билан боғлиқ ҳодисаларни эслади, ўзим эса, ўша пайтгача уюштирган сафарларим-у саёҳатларимда кўрган ғаройиботларим, бошимдан кечирган саргузаштларимдан ҳикоя қилдим. Ва, ниҳоят, тун яримдан ошганида у менинг кетишимга йўл қўймасдан, коллеж директорининг хизмат хонасини очиб, ўша ердаги диванга ўрин тайёрлаб берди. Эрталаб яна чойхўрлик, тағин дилдан суҳбат бўлди. Ушбу ажойиб инсонга улкан миннатдорчлигимни билдириб, илиқ хўшлашдим.

 

– VII –

 

Навбатдаги мўлжалдаги манзилим: шаҳар газетасининг таҳририяти эди. У ердаги ходимлардан бири хушламайгина саломлашганда, унинг қўлига матбуотда чиқариш учун тавсия қилган ҳолда бир неча шеърларимни тутқаздим. Яққол кўриниб турарди-ки, у мазкур битикларнинг ўзимники эканлигига умуман ишонмади. Айни сабабдан, уларни қайтармоқчи бўлиб: “Йўқ! Биз буларни эълон этолмаймиз!” дея қатъийона ҳукмини чиқарди.

“Муҳаррир қаерда?” деган саволимга ходим истар – истамас: “Ҳозир келади” дея жавоб қайтарди. Мен унга шеърларимни муҳаррирга беришини, ўзим шу атрофда бўлишимни уқтирдим. Теваракни айланиб юргандим, ҳалиги йигит келиб, раҳбари хизмат хонасига таклиф этаётганини билдирди. Унинг муносабати бирданига бошқача бўлиб қолганлигини сездим.

Туркистон шаҳар газетасининг ўшандаги муҳаррири Ўктамхон Анорбоева исм – шарифли ўрта ёшлардаги опахон мени шахсан билмаса-да, матбуот орқали ижодимдан, сайёҳлик фаолиятимдан яхши воқиф экан. Ушбу ғойибона танишим ўзаро ҳол – аҳвол сўрашишгач, шеърларимни газетанинг навбатдаги сонида, албатта чиқаришга ваъда берди.

Сўнгра, менинг ғалати қиёфамдан ажабланганлигини яширмай, бунинг сабаби билан қизиқди. Асл муддаоимни англагач эса, саёҳатимга астойдил муваффақият тилади ҳамда қаландарлик сафаримнинг таассуротларини таҳририятга ёзиб юборишимниям илтимос қилди…

 

– VIII –

 

Мана, ниҳоят, автобусда Қарноқ сари жўнадим. Ушбу кўҳна ва навқирон заминдаги илк ташрифимни қишлоқнинг асосий мактабидан бошлашни режалаштириб борардим. Мен мўлжаллаган билим даргоҳи катта йўлнинг шундоққина ёқасида экан. Аммо ёзги таътил ниҳоясига ҳали анча вақт бўлса-да, мактаб ҳовлисининг гавжумлиги эътиборимни тортди. Эркак ўқитувчилар алоҳида, аёл муаллималар алоҳида гуруҳларга бўлиниб, ҳашар уюштираётган эканлар.

Бошқа манзилларда бўлиб келгани сингари, дастлаб, бу ердагиларнинг ҳам муносабатлари салбий бўлди: каминага девонаи саргашта сифатида муомала қилдилар. Яхшиям, директор шу ерда экан ва у масаланинг моҳиятини тезда англагани ҳолда, мулоқот учун четроққа жой тайёрлатгач, уч – тўрт киши ўша ёққа ўтиб ўтирдик.

— Қишлоғимизда Қарноқнинг азиз-у лазиз фарзанди, унинг донғи-ю довруғини етти иқлимга таратган улкан ижодкоримиз Одил ака Ёқубовнинг юбилейига тайёргарлик кўрилмоқда, — дея сўз бошлади директор. — Ана шу муносабат билан, бизларнинг мактабимиз ҳам бутунлай қайтадан таъмирланаётир. Айни сабабдан ҳам, ҳозир таътил маҳали эканлигига қарамасдан, жамоамизнинг деярли барча аъзолари ҳашар билан бандмиз.

Дарҳақиқат, теварак – атрофдаги қурилиш ишларининг кўлами катталигидан бундай “қайта қуриш”ни сезиш мумкин эди. Директор ҳамда бошқа даврадошларимиз билан мулоқотимиз Одил ака ҳақида, у кишининг бетимсол  ҳамда бетакрор асарлари хусусида, қишлоқнинг кечмиши, ҳозири ҳамда келажаги тўғрисида борди. Қарноқдан тағин кўплаб машҳур инсонлар етишиб чиққанлигиниям улар фахр ва ифтихор билан, тўлиб – тошиб сўзлашди.

Мен Қаландар Қарноқийнинг ҳақиқатдаям ҳаётда мавжуд бўлган инсонми эканлиги билан қизиқдим. Суҳбатдошларим бу ҳақда айрим ривоятлар борлигини, бироқ уларнинг замирида нақадар даражада асос борлигини билмасликларини таъкидладилар. Нима бўлгандаям, Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг топшириғига кўра, ўзининг ажойиб-у ғаройиблиги билан жаҳонда тенгсиз ва танҳо дошқозон ясалган мазкур заминда Қаландар Қарноқий сингари улуғ алломалар-у буюк уламолар бисёр бўлганликларини уқтирдилар.

— Анвар ака, сезаяпсизми, ҳув нарида тушлик қилаётган ҳамкасбларимиз бизга, янаям аниқроғи — сизга ғалати – ғалати термулиб қўйишаяпти. Улар ҳақиқатан-да, бундан 5 – 6 аср нарида яшаган қишлоқдошлари Қаландар Қарноқий ХХ аср интиҳосига келиб, она юртига такроран ташриф буюрганини билганларида эди, билмадим, қандай қувонишарди – таъсирланишарди. Юбилейнинг аниқ санаси белгиланганича йўқ, Худо хоҳласа, ўзингизни бундан, албатта воқиф айлаймиз. Ана ўшанда келганингизда, Қаландар Қарноқий билан унинг қишлоқдошларининг дийдорлашувларини уюштирамиз, — деди салмоқ билан. Ёнимиздагилар ҳам у кишининг мулоҳазасини қўллаб – қувватлашди. Афсуски, менинг эса, қайтадиган вақтим яқинлашган эди. Ҳамсуҳбатларимга раҳматлар айтганча, улар билан самимий хайр – хўш қилишиб, йўлга чиқдим.

 

                                              – IX –

 

Автобус тўхтайдиган жойда навбатдаги ажиб ҳангома рўй берди. Бекатдаги “Жигули”нинг ўрис ҳайдовчиси автобус анча нарида бузилиб ётганлигини айтиб, йўловчиларни машинасига чорлаётган экан. “Жигули”нинг орқа ўриндиғига учта аёл ўтирди, мен олдинга жойлашмоқчи бўлиб эшикни очаётсам, ҳайдовчи уни қайтадан ёпиб олди ва: “Йўқ, сени миндирмайман!” дея қўполлик қилди. Сабабини сўрасам, аввалига индамади-да, охири: “Сендайлардан кўп алданганман, манзилга етгач, пулини тўламай қочасанлар…” деди қатъий.

— Ҳақингни олдиндан бериб қўйсам олиб кетасанми, қанча бўлади? — саволга тутдим уни. Ҳайдовчи гапимга ишонмайроқ турди-да: “Ҳа, 50 танга чўз!” деди. Тағин тўрвамни ечиб, ичидан халтачани олиб, айтган ақчасини узатдим ва машинага ўтирдим. Ўзимни ҳарқанча босишга уринмай, ҳайдовчининг қилиғи асабимни қўзғайверди.

— Сенингча, менга ўхшаганларнинг ҳаммасиям бир хил эканда-а? — сўрадим ундан.

— Албатта-да, агар ҳозир йўлкирани олмаганимда, ўзинг ҳам ишинг битгач, жуфтакни ростлардинг-да…

— Мен, балки атайин шундай кийиниб юргандирман, балки сендай қонунсиз таксичиларни тутиш учун ушбу усулни қўллаётгандирман… Шу томонини ўйламадингми?

— Сен — текширувчи! — ҳайдовчи масхараомуз кулиб юборди. Унинг бундай нописандлиги янада қаттиқроқ жиғимга тегиб, шартта тўрвамдан журналистлик гувоҳномамни олдим-да, унинг кўзига тутдим. У бир йўлга, бир менга, бир ҳужжатдаги суратимга қайта – қайта қаради-да, тўсатдан, машина рулини қўйиб юбораёзди. “Жигули” бирданига илон изи қилиб ҳаракатлана бошлади, яхшиям-ки, қаршимизда ёинки ёнбошимизда ҳеч қандай транспорт воситаси йўқ экан, билъакс, фалокат юз бериши тайин эди.

У машинани амаллаб тўхтатганида қарасам, ранги қув учиб кетган ҳамда нуқул: “Мен киракаш эмасман, шаҳарга келаётганим учун, шунчаки, сизларни миндиргандим, пулларинг керакмас” дея такрорларди. Ҳайдовчи ҳовлиққанидан ўз ақчаларини қайга қўйганиниям унутган, шекилли, у ёқ – бу ёғини титкилаб, охири, пулларини топди-да, менга ва шерикларимга тангаларимизни қайтариб бермоқчи бўлди.

Қани энди, уни махсус назоратчи эмаслигимга, масхара қилганлиги учун шундай фириб қўллаганимга ишонтира олсам. Ниҳоят, бир амаллаб уни тинчлантирдим, пулниям қайтариб бердим ва бундан кейин одамлар билан ўйлаброқ муомала қилиши даркорлигини уқтирдим. Ҳайдовчи эса, фақат: “Хўп – хўп, кечирасиз, бошқа такрорланмайди…” дейишдан нарига ўтмасди. У мени автобекатга тушириб, тағин миннатдорчилик билдирганича, “Жигули”сини секин юргизиб кетди…

Ўзим эса, Чимкентга жўнаётган “Икарус”га ўтирдим…

 

*       *      *

 

Мана, муҳтарам ўқувчи, Анвар Сайрамийнинг Қаландар Қарноқий тимсолида Қарноқ қишлоғига қўққисдан қилган сафари ана шу тариқа хайрли интиҳосига етди.

Юқоридагиларга муаллиф сифатидаги менинг қўшимчам эса, мазкур саёҳат жараёнида рус халқининг “Кийимингга қараб кутиб оладилар-у ақлингга қараб кузатиб қўядилар” (“Встречают по одежке а провожают по уму”) деган мақоли нақадар ҳақ эканлиги такрор – такрор ўз исботини топди ва бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз. 

Сайрамий ва муаллиф

 “Дунё ўзбеклари” учун махсус

Просмотров: 1330 | Добавил: кимсан | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz