Пятница, 19.04.2024, 14:39
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Май » 23 » АХБОР ИМОМХЎЖАЕВ: «ЎЗБЕКИСТОННИНГ ФИДОЙИ СПОРТЧИЛАРИ, МАНГУ БАРҲАЁТ»
17:25
АХБОР ИМОМХЎЖАЕВ: «ЎЗБЕКИСТОННИНГ ФИДОЙИ СПОРТЧИЛАРИ, МАНГУ БАРҲАЁТ»

АХБОР ИМОМХЎЖАЕВ: «ЎЗБЕКИСТОННИНГ ФИДОЙИ СПОРТЧИЛАРИ, МАНГУ БАРҲАЁТ»...

12.uz - Ўзбекистон футболи тарихини ва айниқса ўзбек футболининг флагмани Тошкентнинг «Пахтакор» футбол жамоаси тарихини ва унинг ички ҳаётини мукаммал билган, халқимиз суйган инсон, ўзининг ширали овози билан кўпчиликни мафтун этган, шу соҳа йирик мутахассиси, футбол билимдони, кўпчилик футбол шархловчиларининг устози Ахбор ака Имомхўжаев билан суҳбатимиз аввалида ҳурматли устозни яқинда нашрдан чиққан «Мафтунингман футбол» китобчаси билан чин кўнгилдан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат саломатлик ва жўшқин ижодларига катта муваффақиятлар тиладим. Устознинг дастхати битилган янги китобчаси эса мен учун бир дунё қувонч бағишлади, китобни шу куниёк мазза қилиб ўқиб чиқдим... Ахбор ака Имомхўжаев билан бўлиб ўтган бугунги суҳбатимиз асосан, кўпчилик ўзбек ва нафақат ўзбек мухлислари балким, собиқ иттифок миқёсида кўпчиликнинг хотирасида абадий мухрланиб қолган «Пахтакор-79» тўғрисида кечди. Мазкур суҳбат давомида Ахбор ака бу борадаги ҳали «теша тегмаган» бир неча хотираларини ҳам эслар эканлар, суҳбатлаша туриб, бир неча бор кўзимизга ёш қалқиганини сезмадик ҳам... 
- Ҳурматли Ахбор ака, «Пахтакор-79»ни самога юлдузлар каби сочилиб кетганига ҳам мана чорак аср бўлибди... Келинг шу дамларни яна бир бор эсласак...
- Тип-тиниқ осмонда гулдураган момақалдироқни тасаввур қиласизми? «Пахтакор»нинг халокати ҳақидаги хабар ҳам барчани бирданига дахшатга солиб юборди, десам янглишмайман. Халқимизнинг фаҳри ва ғурури бўлган «Пахтакор»нинг номи ҳам «Торино» Италия (1949 йил), «Манчестр Юнайтед» Англия (1958), «Грин-Крое» Чили (1961), «Стронгест» Боливия (1969), «Альянс» Перу (1987), Замбия ИИ терма жамоаси (1993) жамоалари қаторидан жой олди. Шонли «Пахтакор»имиз эндигина халқаро спорт майдонида танилаётган, унинг куч-қувватга ва махоратга тўла ўйинчилари ўзларининг чиройли голлари билан барчанинг диққатига сазовор бўла бошлаган, «Спартак» (Москва), «Динамо» (Киев), «Шахтер» (Донецк), «Динамо» (Тбилиси) каби машхур жамоалардан чўчимасдан ўйнай олиши билан кўплаб ишқибозларнинг суюкли командаларига айланган бир даврда, аниқроғи, 1979 йилнинг 11 август куни осмону фалакда икки ҳаво лайнерининг тўқнашиб кетиши оқибатида халокатга учради. Айнан ўша, ўзбек футболи учун қайғули ва аламли кун —11 август, соат 13 дан 38 дақиқа ўтганида Тошкент — Гурьев — Донецк — Минск йуналишида 65816 рейси билан учиб бораётган ҳаво лайнери 8400 метр баландликда Челябинск — Кишинев маршрутидаги 65735 рақамли рейсдаги бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетади. Даҳшатли ҳалокат ҳар иккала самолетдаги 178 йуловчи ҳамда экипаж аъзоларини ҳаётига зомин бўлди, улар орасида шонли «Пахтакор»нинг шавкатли 17 ўғлони ҳам бор эди.
- Ақлга бовар қилмайдиган даҳшатли ҳалокатнинг сабаблари нимада бўлган экан? Бу воқеа шундай кенг осмону фалакда қандай содир бўлганини шу вақтгача тассавур қила олмайман...
- Самолётлардан бирининг экипаж командири булутлар орасидан юқорига чиқиш максадида диспетчердан руҳсат сўрайди, диспетчер-стажёр эса унга руҳсат беради. Икки самолёт 8400 метр баланддикда бир-бирига катта тезликда яқинлашиб кела бошлайди. Шу вақт хонага кириб қолган диспетчерлар бошлиғи вазиятни тезда англайди ва халокатнинг олддини олиш мақсадида самолётлардан бирини янада баландроқ кўтарилиши учун буйруқ беради. Буйруқни эса икки самолёт учувчилари ўрнига эфирга тасодифан кириб қолган учинчи самолёт, яъни ИЛ-62 хаво лайнери қабул қилади, диспетчер эса жавобни кимдан олганлигини текшириб ҳам кўрмайди... Шундай қилиб, Украинанинг Харьков шаҳри аэропорти диспетчерлари Николай Жуковский ва Владимир Сумскойларнинг қўпол ва тузатиб бўлмас даҳшатли хатолари оқибатида Днепродзержинск шаҳарчаси яқинидаги Куриловка қишлоғи устида икки «ТУ-134» самолётлари тўқнашиб кетди. Натижада бошқа йуловчилар билан бир қаторда 17 нафар пахтакорчилар ҳам ҳалок бўлишди...
- Ўша авиация ҳалокати оқибатида барчамизнинг юракларимизда битмас жароҳатга айланган пахтакорчи дўстларимизни яна бир бор эсласак...
- Яхши инсонлар ўлмайдилар, улар ҳамиша қалбимизда, хаёлимиздадир! Сергей Покатиловнинг пахтакорчилар дарвозасини мохирлик билан қўриқлаши, Олим Аширов ва Юрий Загуменнихнинг ҳимояда метингдек мустахкам туришлари, Михаил Аннинг майдони аъло даражада кўра билиши, Шухрат Эшбўтаев ва Виктор Чуркиннинг бир-биридан чиройли қанот ҳужумлари, Владимир Фёдоровнинг ман-ман деган ҳимоячиларини доғда қолдириб кетиши, Идгай Тазитдиновнинг моҳирлик билан ўйин бошқариши, ҳар ерда хозиру нозирлиги, Мансур Толибжоновнинг елиб-югуришлари... буларни унитиб бўладими, ахир! Илохим, уларнинг жойлари жаннатда бўлиб, охирати обод бўлсин! 
- Ахбор ака, кейин нима бўлди? Пахтакорчиларнинг ёрқин ҳотрасини абадийлаштиришда сизнинг ҳам катта ҳиссангиз борлиги барчага маълум, шу тадбирлар хусусида ҳам тўхталсангиз
- Республика ҳукумати ва спорт жамоатчилигининг ташаббуси билан шонли пахтакорчилар хотирасини абадийлашириш, уларнинг оилаларига моддий ва маънавий ёрдам бериш мақсадида талайгина тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Тошкентдаги Боткин қабристонида улкан хотира мемориали қад кўтарди. «Пахтакор» Марказий стадионида «Хотира» ёдгорлиги бунёд этилди. Наманган шахридаги Марказий стадион ёнида «Сени унутмаймиз, «Пахтакор!» деб аталувчи музей боғи очилди. Тошкентнинг “Ишчилар шаҳарчаси” деб аталадиган мавзесидаги 17та кўча ҳалок бўлган пахтакорчилар номи билан атала бошланди. Тошкент шахрининг Бектемир туманидаги катта махалалардан бирига «Олим Аширов» ва катта кучалардан бирига эса «17 Пахтакорчи» номи берилди. 
Умуман, ютимизда футбол деб аталмиш оҳанграбо ва халқимиз ниҳоятда ардоқлайдиган спорт ўйинини тарғибот ва ташвиқот қилишда бир гуруҳ фидоий инсонларнинг ҳиссалари ниҳоятда каттадир. Улардан бири Тўйтепада ўсиб вояга етган футбол мутахассиси, республика тоифасидаги хакам Зохиджон Омиловдир. Айнан шу фидойи инсоннинг елиб югуриши ва саъй-ҳаракатлари туфайли Тўйтепа шаҳарчасидаги «Юбилей» стадионига Олим Ашировнинг табаррук номи берилди. Сирожиддин Бозоров ҳамда Шухрат Эшбутаевлар таълим олган мактаблар ҳам улар номи билан атала бошланди. 
- Маълумки, 1980 йилдан бери мамлакатмизда «Пахтакор-79» хотира турнири ўтказиб келинмоқда. Мархум пахтакорчилар рухларини шод этишда фаол иштирок этаётган фидойи инсонлар тўғрисида ҳам бир оғиз тўхталсангиз
- Шу ўринда яқинда бўлиб ўтган ибратли тадбир тўғрисида гапириб берсам. Наманган вилоятининг Уйчи тумани меҳнаткашлари «Пахтакор—79» турнирларидан бирини уларнинг ўйингоҳларида ташкил этишни сўраб, республика футбол федерациясига мактуб йўллашди. Уйчиликларнинг илтимослари қондирилиб, пахтакорчилар оила аъзолари ва спорт журналистлари билан тўлган автобус Уйчи томон йўл олди. Туман марказидаги «Пахтакор» стадиони худудида янги дарахт кўчатлари ўтказилди, улар остига пахтакорчиларнинг номлари ёзилган тахтачалар ўрнатилди. Наманганлик футбол мухлисларидан тижоратчи Одилжон Мамадалиев Марказий стадион ёнида «Пахтакор—79» усти очик музейини барпо этди. Шонли ўйинчиларимизнинг портретлари, халокатга учраган самолет модели, иҳчамгина футбол майдони, махаллий рассомлар чизган расмлар, футболчилар унвонлари, буларнинг барчаси қўли гул ҳунармандлар томонидан катта маҳорат билан ишланган. Хотира турнирининг финал учрашуви Намангандаги марказий стадионда ўтказилиб, унда уйчилик ёш футболчилар ғолиб чиқишди.
Манна 25 йилдирки, «Пахтакор-79» аъзолари, Тошкент вилоятидан етишиб чиққан Михаил Ан, Владимир Фёдоров ва Олим Ашировлар билан биргаликда тўп суриш баҳтига муяссар бўлган, хозирги кунда пойтахт вилояти футбол федерациясининг масъул котиби вазифасида фаолият курсатаётган Шомил Яфаровнинг ташаббуси ҳар йили вилоят худудидаги стадионларда юқорида номлари кўрсатиб ўтилган ўзбек футболи юлдузлари номларини ёд этиш мақсадида «Ҳамқишлоқлар хотираси» турнири ташкил этиб келинмоқда. 
«Пахтакор-79» хотирасини абадийлаштириш борасида қилинаётган савобли ва ҳайрли тадбирларни амалга оширишда хормай-толмай хизмат қилаётган 3 фидойи инсоннинг хизматлари олдида мен бош эгаман: Тошкентнинг «Пахтакор» футбол мактабида ёш болаларга футбол алифбосини ўргатиб келган истеъдодли мураббий Гатаул Межетов, Наманган вилояти Уйчи тумани «Ун хаёт» қишлоғи болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг мураббийси Мамадали Мўминов, Самарканд вилояти Нарпай тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг директори Сирожиддин Бозоровнинг ҳамқишлоғи Эшқуват Улуғов... 
Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри (Николай Куликов), Самарканд вилоятининг Нарпай тумани (Сирожиддин Бозоров), Бухоро шахри (Равиль Агишев ва Владимир Собиров), Навоий шаҳри (Шухрат Эшбутаев), Тошкент вилояти (Михаил Ан, Олим Аширов, Владимир Федоров), ана шундай хотира турнирларининг ўзига хос марказларига айланди. Бундай тадбирлар хаттоки бошқа республикаларда ҳам ўтказилаётганлиги диқатга сазовор. Мана бир неча йилдирки Москва остоналарида жойлашган ДСК-№3 йирик ташкилотида ҳар йили мазкур коллективда бир вақтлар спорт инструктори лавозимида ишлаган Николай Куликов хотирасига бағишлаб футбол турнири ташкил қилинар экан. Йиллар ўтади, даврлар ўтади. Лекин ўша «Пахтакор» ўйинларини кўриб завқ-шавқ олган кишилар қалбида улар бир умр яшайдилар.
- Ахбор ака, сиз барча пахтакорчилар билан ака-укадай эдингиз, шу билан бирга, билишимча сиз айниқса Олимжон Аширов билан яқин дўст бўлган экансиз. Унинг қандай футболчи бўлганлиги барчага аён. Илтимос, унинг инсоний фазилатлари тқғрисида гапириб берсангиз…
- Сизга бир воқеани гапириб берай. Ҳали-ҳали ёдимда «Пахтакор» марказий стадионидан чиқиб келаётган эдим. Шу вақт кутилмаганда ёнимга яп-янги оқ рангли «Волга» енгил машинаси келиб тўхтади. Ҳайрон бўлиб у томон ўгирилдим, қарасам хайдовчи ўрнида кулимсираган ҳолда менинг азалий дўстим Олим Аширов ўтирар эди. У машинадан тушиб югурганича ёнимга келиб «Ассалому алайкум Ахбор ака! Йул бўлсин» деди. Мен унга хозирги Мустакиллик майдонида жойлашган Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт комитетига кетаётганлигимни айтдим. Акажон ўтиринг, элтиб қyяман... Олимжон укагинам, ўзи манзил яқингина-ку! Аввал ўтиринг, кейин бир гап бор, деб мени қўярда қўймай машинага ўтказди.
Машина елдек учиб бораркан, Олимжон гап бошлади: «Ахбор ака, дуо қилинг машинани хозиргина олдим. Сиз акажон машинага ўтирган биринчи йўловчи бўлдингиз». Билганимча дуо қиламан, шу дақикаларда пахтакорчи истеъдодли футболчимизнинг суюнчи ичига сиғмасди. Ўз-ўзимдан ҳурсанд бўлиб кетаман, чунки бу воқеадан салкам бир йил аввал «Пахтакор» мураббийларидан бири, менинг азиз курсдошим Ҳамид Рахматуллаев билан бирга (у вақтлари камина «Пахтакор» Марказий советида касаба уюшмаси раиси лавозимида хизмат қиларди). «Политотдел» колхозига Ашировлар хонадонига ташриф буюриб, уларнинг янги квартира ҳақидаги барча ҳужжатларини расмийлаштириб Олимжон ва Луизахонларнинг Тошкент шаҳри марказидан янги уй олишларига озми-кўпми ўз ҳиссамизни қўшган эдик. Бу уйда хозир Олимжоннинг оиласи истиқомат қилмокда...
- 1979 йилнинг 11-августи... Олимжоннинг мотам маросимларини... Унинг онаси Рохатой-аяни юпатиш осон бўлмагандир?
- «Пахтакор-79»нинг авиаҳалокатга учраши бутун Ўзбекистонни мотам жабхасига айлантириб юборди. Кўзига ёш олмаган, дод деб йиғламаган йўқ эди десам янглишмаган бўламан. Бу ҳунук хабардан ўзидан кетиб қолган кишилар ҳам бўлганди ўша кунларда. Ҳамма ёкда қайғу, мотам, аламли нигоҳлар…
Республикада жисмоний тарбия ва спорт сохаси рахбарлари Фозил Шокиров, Ахмад Тўрахўжаев, Наримон Жалоловлар билан бирга эрта тонгда Олимжоннинг йигирма маросимига отландик. «Политотдел» колхози, “Бардон кўл” қишлоғида Ашуровлар оиласи истиқомат қиладиган хонадон одамлар билан гавжум. Ўша кунлари Олимжонинг укаси Бахтиёр Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг футбол бўлимига ўқишга қабул қилинган эди. Институт ректори Ахмад ака Бахтиёрни чақириб, унинг ўқиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилишини айтдилар.
Дастурхонларга ош торилди... Шу вақт ҳизмат қилаётган кишилар ўртасида пичир-пичир гап бошланди… Ҳамма бир-бирига соқов кишилардек имо-ишора қиларди. Биз ҳам ҳайрон бўлганча у томонга қарадик: эшик томондан ховлига азбаройи кўп йиғлаганидан қовоқлари шишиб кетган Михаил Аннинг акаси Дмитрий кириб келар эди... Унга Олимжоннинг онаси Рохатой ая пешвоз чиқди... Уларнинг иккаласи лом-мим демасдан, ҳўнграб йиғлаганларича бир-бирларининг қучоқларига отилишди… Бири суюкли ўғлидан, иккинчиси истеъдодли укасидан ажралиб қолган кишиларнинг фарёдларини кўриш ва тинглаш йиғилганлар учун нақадар оғирлигини тасаввур ҳам қила олмайсиз... 
Палов ҳам томокдан ўтмасди. Мен ҳали ҳаётимда бунақасини учратмаганман (ишқилиб бу биринчиси ва охиргиси бўлсин), ош еяётганлару, хизмат қилаётганлар, хассакашлару ошпазлар барча-барча хўнграб йиғларди... 
- Мен ҳам бу хонадонда кўп бўлганман. Меҳрибон ва меҳмондўст Рохатой-аянинг кўп суҳбатларини эшитиш баҳтига муяссар бўлганман. Лекин, сиз кўпроқ у кишининг дуоларини олгансиз. Айтингчи, она ва боланинг муносабатлари қандай бўлган? 
- Ўзбекистон телевидениесининг «Футбол чоррахаларида» кўрсатувига интервью олиш учун техник хизматчилар билан бирга Ашировлар хонадонига йўл олдик. Бизни ниҳоятда хоргин ва ғамгин, юзларидаги ажинлари анчагина кўпайган Рохатой ая кўзларида ёш билан кутиб олдилар. Сухбат давомида Олимжоннинг ёшликдаги расмларини бизга кўрсатдилар. 
Онаизор ҳикояларидан: ...Ҳамон кўз олдимда, 1979 йилнинг 10-августи эди... Олимжон ўғилгинам ҳар галгидек эшикдан шошиб кириб келди. Одатдагидек, қучоқлашиб кўришдик. Хотини Луизахон, ўғиллари Олег ва Улуғбек ҳақида сўраб суриштирдим. Эртага «Пахтакор» навбатдаги сафарга отланаётган экан, шунинг учун ўглим биз билан хайирлашгани келган экан... У кетишга ҳозирланаётган дақиқаларда ховлимизга бир мошина қуруқ ўтин келтиришди. Бир махал қарасам ўғлим, ечина бошлади. Мен, овора бўлма хозир уканг Бахтиёр ўзи ташиб олади, - десам ҳам кўнмади. Бир паста бир машина ўтинни ошхонамизга ташиб тахлаб қўйди. Тезда ювиниб артиниб машинасига ўтирди... Кейин қайтиб келди мени ўз бағрига олиб, ўпиб қўйди... Мен бечора қайдан билай, ўша куни Олимжонимни сўнгги марта кўраётганимни... Ишқилиб жойи жаннатда бўлсин, ўғилгинамнинг...
- Мархум пахтакорчиларнинг тарихини эслатувчи хотира китобларини чиқариш ишлари қандай кетяпти? Бу ишга ким бошчилик қилмокда?
- Ўзбек футболининг ашаддий мухлислари бўлмиш журналист ҳамкасбларимиздан Эдуард Аванесов, Равиль Биктагиров ва Владимир Сафаров, Алла Тазетдиноваларнинг саъй-ҳаракатлари билан мархум пахтакорчиларга бағишланган «Қанотлар хотираси» рангли китоби чоп этилди. Мана куни кеча бу китобнинг қайта ишланган янги варианти дунё юзини кўрди. «Пахтакор» мураббийси Идгай Тазетдиновнинг рафиикаси, иқтидорли журналист Алла Тазетдинованинг ташаббуси билан Днепродзержинск яқинидаги Куриловка қишлоғи атрофидаги ахоли билан суҳбатлашиб, халокат сабабларини ўрганиш мақсадида Украинада, Белоруссияда, Москвада бўлинди, тўпланган материаллар асосида хужжатли фильм яратилди.
- Сизнинг барча чиқарган китобларингизда ҳам манашу мавзуга алохида ўрин ажратилганлигини биламиз. «Пахтакор-79»ни тез-тез эсласангиз керак. Айтингчи, уларнинг фарзандлари тўғисида нима дея оласиз?
- «Пахтакор»чи дўстларим, биродарларим ва укаларимни ўйлаб, уларни қумсайман... ҳаммалари бирма-бир кўз ўнгимдан ўта бошлайди. Европа чемпиони, халқаро классдаги спорт устаси Михаил Аннинг ўғли Дмитрий ҳамда жамоамизнинг энг толмас уйинчиси Александр Корченовнинг ўғли Александр республика чемпионатида «Пахтакор—79» таркибида тўп суришди. Олим Ашировнинг ката ўғли Олег, Юрий Загуменнихнинг ўғли Сергей, Виктор Чуркиннинг ўғли Андрей бир неча жамоаларда майдонга тушишди. Афсуски, улардан биронтаси ҳам оталари каби машхур футболчилар бўлиб етиша олмадилар. Шундай бўлса ҳам, барибир мамлакатимиз чарм тўп муҳлислари бу борада ўз умидларини узганлари йўк. Владимир Собировнинг фарзанди Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси аъзоси Олег хозирги кунда Чимкентнинг «Ордабоси» жамоасида тўп сурмоқда.
Константин Бакановнинг жигарбанди республика ёшлар терма жамоаси вакили Сергей Тошкентнинг «Трактор» жамоасида майдонга тушмоқда. Олим Ашировнинг кичик ўғли Улуғбек эса НБУ футбол жамоаси дарвозабони сифатидаги ўйинлари билан кўпчилик ўзбекистонлик ва россиялик мутахасиссларнинг эътиборига тушмоқда. Яна бир гап, якинда Олимжон Ашировнинг ката ўғли Олег фарзандли бўлибди, унинг исмини Олим Аширов деб қўйишибди. Энг қизиқарлиси шундаки кичик Олимжоннинг энг яхши кўрган ўйинчоғи - футбол коптоги экан... Ажаб эмас, яқин келажакда биз яна «Пахтакор» футбол жамоасида Олимжон Ашировни курсак...! Илохим уларга шавкатли ота-боболари каби элга танилиш насиб этсин.
- Ахбор ака, айтишларича уйингизда «Пахтакор» ҳақида кичик футбол музейи бор экан, шу гап ростми?
- Биласизми, ёшлигимдан қизиқ одатим бор: «Пахтакор» ҳақидаги значоклар, вимпеллар, расмларни эринмасдан йиғиб бораман. Суюкли командамиз тўғрисида битилган шеърларни эса алохида катта дафтарга тушириб бораман. Улар орасида элимизнинг истеъдодли шоирларидан Ғафур Ғулом, Нормурод Нарзуллаев, Тўлқин, Олим Қўчқорбековлар билан бирга бир гурух бошловчи шоирлар томонидан қоғозга туширилган шеърий мисралар ҳам бор. Уша йиллари ТошДУда тахсил олаётган ҳаваскор шоира Гулбахор Назарованинг юракдан отилиб чиққан шеъри менимча, хеч бир китобхонни бефарк қолдирмаса керак. Насиб қилса мана шу адабий мерослар тўпламини чиқариш ниятим ҳам бор. Ҳар доим ўша дўстларим, биродарларим, укаларим ҳақидаги эсталикларимни қоғозга туширар эканман, уларнинг барчаси кўз ўнгимдан аста-секин кулимсираган холда ўта бошлайдилар. Кўзларим яна жиққа ёшларга тўла бошлайди...
- Авиахалокатдан сўнг, «Пахтакор» жамоасини тиклашда жуда кўп ишлар қилинди, буни инкор этиб бўлмайди. Лекин, яратилган имкониятлардан қанчалик оқилона фойдаланилгани тўғрисида ўз фикрингизни билдирсангиз?
- Собиқ советлар мамлакати Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси юзага келган вазиятни ўрганиб чиқиб, «Пахтакор» жамоаси аъзолари олий лига ўйинларида уч йил мобайнида нечанчи ўринларни (лигадан тушиб кетиши мумкин бўлган ўринлар назарда тутиляпти) эгаллашларидан катъи назар олий лига таркибида қолиши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилди. Менинг назаримда бу қарор нотўғри бўлиб жамоани ривожланишига тўсиқ бўлишини англагандим. Бу ҳақда мен ўша пайтда керакли идоралар раҳбарларига бир неча бор гапирганман. Бундан ташқари бундай холат сақланса, унда бутунлай янги жамоани шакллантириш учун уч мавсум давомида республикамизнинг энг иқтидорли ёшларидан камида 30—40 футболчиларни тўплаб асосий ва ўринбосарлар таркиблари мусобакаларида синаб куриш, улар орасида ўзига хос кўрик танловлари ўтказиш лозим эди. 
Бунинг учун эса ўлкамиздаги барча футбол мутахассисларини бир жойга йиғиб, уларнинг фикрларини эринмасдан ўрганиб чиқиш керак бўларди. Агар иш шундай қилинганида ўша 30—40 ўйинчилардан уч йил мобайнида ҳеч бўлмаганда 16—18 тасини асосий таркибга танлаб олиш имконияти туғиларди. Улар эса ўша фожиали рейсда турли сабаблар билан учмай қолган пахтакорчилар Анатолий Могильний, Тўлаган Исоқов, Аҳмад Убайдуллаев ҳамда ўринбосарлар таркибидаги етакчи ўйинчилар атрофида тўпланганларида айни муддао бўларди...
- Ҳўш, унда тикланиш даври қандай кечди?
- Минг афсуски, республика спортига масъул бўлган раҳбарлар ўша ташвишли даврларда, бизнинг фикримизча, нотўғри йўл тутишди, яъни биз юқорида баён қилган таклифлар ўрнига собиқ мамлакатнинг турли шаҳарларидан турли даражадаги ўйинчиларни «Пахтакор» таркибига таклиф эта бошладилар. Лекин Тошкент томон отланган футболчиларнинг кўпчилиги ўз жамоаларининг асосий таркибидан жой ололмай заҳирага тушиб қолган ёки ёшлари анчагина ўтиб қолган ўйинчилар эди. Шу ўринда ўз-ўзидан савол туғилади: ким ҳам ўзининг асосий таркибидаги ўйинчисини бошқа жамоаларга ўтказиб юбориши мумкин? 
- Ўша даврдаги ўзбекистонлик спорт мутасдадиларини фикри қандай эди?
- Спортимиз рахбарларининг фикрига кўра авиация халокатидан кейин ҳам «Пахтакор» олий лиганинг мана ман деган командалари билан тенг курашиши лозим эди, лекин улар жамоанинг эртанги куни қандай бўлишини хаёлларига ҳам келтиришмасди. Ушбу фикрларнинг тўғри ёки нотўғри эканлиги бир неча йиллардан сўнг ўз жавобини топди... 
- 80- йилларнинг бошида «Пахтакор»нинг тикланиши жадал суратда бошланди, кейинчалик эса бирданига барча нарса қулади... Бунга нима сабаб бўлган деб ўйлайсиз?
- Дарҳақиқат, «Пахтакор» ўша йили маррага 9- бўлиб етиб келди, кейинги йиллари 16 ва 18-ўринлар эгалланди. 1982 йилда эса мавсумни кўтаринки руҳда ўтказган холда фаҳрли 6-ўрин қўлга киритилди. Ўйинчилар спорт устаси унвонларига сазовор бўлдилар. Хужумчи А. Якубик «Труд» газетаси совриндори бўлди ва Григорий Федотов номли тўпурарлар клубига қабул қилинди. Республикамиз ташқарисидан таклиф этилган футболчилардан Н.Амриев, А.Якубик, А.Петрушин, А.Журавлев, С. Юрчишин, М.Белялов ва бошқалар майдонда чиройли ўйинлар кўрсатиб мухлислар эътиборини қозонишди. Эндигина жамоамиз оёққа тураётган, мухлисларимиз «Пахтакор-79» яна майдонларга қайтиб келмокда, деб ишониб ишқибозларимиз аввалги йиллардагидек яна ўйингоҳлар томон ошиқаётган бир даврда четдан келган ўйинчилар орасада нопок кимсалар борлиги аста-секин сезила бошланди (буларни кўпчилик футболсеварлар ҳанузгача билмасалар керак). 
Пул бўлса Ватанини сотишга ҳам тайёр бу «футболчилар» «Пахтакор» ўйинларини ҳам сота бошладилар. Қанчадан-қанча мухлислар бўлса «Туппа-тузук ўйнаб турган жамоамизга нима бўлди?» деб юракларини чангаллаб қолишди. Баъзи жамоалар медалларга илиниш ёки олий лигадан тушиб кетмаслик учун ҳар кандай миқдорда пора беришга тайёрлиги ҳеч кимга сир эмас. Пора олиш ёки бошқача қилиб айтганда ўйин натижасини сотиш бу шундай ярамас нарсаки уни ёнингда ўйнаётган шеригинг ҳам билмаслиги мумкин. У бечора учрашувда енгилиб хуноб бўлса, сотилган «ўйинчи» рақиб командасидан каттагина микдорда «мукофот» пули олади. Ҳарбийларда бундай кимсалар отишга маҳкум қилинади, футболда эса...
- Ахбор ака, суҳбатимиз очиқчасига кетаётганлиги боис, бундай нопокликка қўл урганларни номларини айтса бўладими? Наҳотки ўша даврда буларни «думини тугадиган» бир мард топилмаган бўлса?
- «Пахтакор»да бундай «новаторлар»ларнинг етакчилари В. Нечаев (жамоамиз сардори!) ва А.Соловьевлар бўлишди, уларнинг касофатига қанчадан-қанча ўйинлар бой берилди. «Бирники мингга, мингники туманга» деганларидек, уларнинг ярамас сафларига қўшилувчилар ҳам топилди. Афсус, надоматлар бўлсинким бу футболчилар кетидан уларни «қўллаб-қувватловчилар» ҳам топилиб қолди. Четдан келганларнику тушунса бўлади, улар Тошкентга бойлик ортириш учун келишган (эссиз квартиралар, енгил машиналар, қимматбахо буюмлар ва қанчадан-қанча пуллар). Лекин ўзимизникилар-чи? Уларга нима етишмасди? Дунёдан бевақт кетган пахтакорчи дўстларимизнинг рухлари чирқиллаб қолмадими?
Бугун мен бу мавзуни эслагим ҳам келмаяпти, агарда қизикувчилар бўлса яқинда чоп этилган «Мафтунингман футбол» китобида буларнинг жирканч қиёфаси очиб ташланган. Биласизми, каминанинг сочларини ўша воқеалар бутунлай оқартирди... Агар аввалги йилларда «Пахтакор»нинг олий лигага қайтиши учун бир-икки мавсум етарли бўлган бўлса, бу сафар биз юқорида кўрсатиб ўтган нуқсонлар эвазига командамиз аъзоларининг яна кучлилар таркибига қўшилиши учун оз эмас, кўп эмас олти йил керак бўлди, у ҳам етмаганидек, эсингизда бўлса 1986 йилда биринчи лигадан тушиб кетишига ҳам бир қадам қолди (17-ўрин). Фақатгина 1990 йилга келиб, «Пахтакор» биринчи лигада иккинчи ўринни эгаллаб, яна олий лигага қайтишга эришди.
Ойлар ўтади, йиллар ўтади. Лекин «Пахтакор»ни билган, унинг йигитлари билан суҳбат қуриш баҳтига муяссар бўлган, пахтакорчиларнинг футбол спектаклларидан рохатланган кишилар калбида «Пахтакор—79» бир умр яшайди ва порлайди!
Мавлон ШУКУРЗОДА, “Ўзбекистон футболи: кеча, бугун ва эртага”китобидан лавҳа
Просмотров: 2043 | Добавил: кимсан | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Май 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz