Суббота, 20.04.2024, 14:20
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои файлы [8]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 567
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Файлы » Мои файлы

Ўзбек классикасига асос солган аёллар
07.04.2014, 09:26

Ўзбек классикаси асосчиларидан бўлган аёллар ҳақида маълумот берсангиз.Ёшларимиз уларни билиб олишса яхши бўларди.Фурқат, Жанубий Қозоғистон вилояти.

Ҳабиба Охунова



Таниқли ўзбек санъатининг моҳир актрисаси ҳамда ҳушовоз хонандаси, Ўзбекистон халқ артисти Ҳабиба Охунова 1943 йили Андижон вилоятининг Асака шаҳрида таваллуд топади. Ёшлигидан мусиқа санъатига меҳр қўйган, мактабнинг мусиқали драма тўгаракларида қатнашиб санъат даргоҳига кириб келган. Ҳабиба Охунова табиатан камтар, содда, меҳрибон, мусиқага ўта меҳр қўйган фидоий инсон эди. Ҳабиба Охунованинг бу ҳислатлари уни Андижон мусиқали драма театрига етаклайди. У 1959 йили ушбу театрга ишга киради ва 1963 йилгача Андижон театрининг машҳур санъаткорлари билан бирга фаолият кўрсатади. 

1963 йили Ҳабиба Охунова А.Навоий номидаги Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театрига ишга келади ва умрининг охиргача шу даргоҳда муносиб фаолият олиб боради. У Д.Соатқуловнинг «Зарафшон қизи» спектаклида – Кумуш, Т.Содиқовнинг «Лайли ва Мажнун» мусиқали драмасида – Лайли, Т.Жалиловнинг «Нурхон» спектаклида – Нурхон, «Алпомишда» – Барчин, «Қароқчилар»да – Амалия каби бош қаҳрамонлар ролларини маромига етказиб ижро этиб, эл назарига тушади. Айниқса, Нурхон образини Ҳабиба Охуновачалик эҳтиросли, ҳамда мукаммал яратган санъаткорлар саноқлидир. Театрда рол ўйнаган ёки театр саҳнасига чиқиб қўшиқ айтган санъаткорлар кўп. Лекин, Ҳабиба Охунованинг ўзига хослиги тингловчилар, мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилган. Бу инсон саҳна муқаддаслигини биринчи ўринга қўяр эди. Саҳна Ҳабиба Охунованинг жону-дили ҳисобланган.

Ҳабиба Охунова ўзига хос сирли, садоли, мунгли ва ёқимли овозга эга эди. Унинг ижросидаги беҳисоб дард ҳар қандай тингловчини ўзига ром эта олган, десак муболағасиз бўлар эди. У санъат ихлосмандлари орасида ўзининг жарангдор дардли овози билан машҳур бўлди. Улкан санъаткорнинг ижро репертуаридан «Ўзинг», «Кўрмаган бўлсам», «Одоб билан», «Муҳаббат», «Сабо билан», «Ошноларинг», «Кўркам Ватан», «Барно йигит», «Най навоси», «Кўнгил», «Алла», «Наманган» каби қўшиқлар муносиб ўрин эгаллайди.

Ҳабиба Охунованинг ижро репертуари унчалик кенг қамроли бўлмасада, ўзига хослик бобида ишонарли ҳамда гўзал услуб эгаси бўлганлигига шубҳа уйғотмайди. Ўзининг қисқагина умри давомида Ҳабиба Охунова мусиқа ижрочилиги санъатида сўнмас из қолдирди. Эҳтиросли ижро сирлари билан тўла ёқимли бир услубни намоён этди. Зеро бу ижро услуби ёш авлоднинг тарбиясида муносиб сабоқ бўлиб хизмат қилгай.

Ҳабиба Охунованинг хизматлари Ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. У 1974 йили «Ўзбекистон ССР халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлган.

Ҳабиба Охунова 1994 йили Наманганда вафот этади.


ФОТИМА БОРУХОВА


Таниқли опера ва мумтоз қўшиқ хонандаси Фотима Борухова 1916 йилда Андижон шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Ёшлигидан қўшиқ айтишга бўлган ҳавас унинг хонандалик соҳасига меҳр қўйишига сабаб бўлади. Ота-онаси санъатсевар кишилар бўлган ва улар қизларидаги санъатга бўлган қизиқишга бефарқ бўлмай, унга қўлларидан келганича ёрдам беришган. Фотима Борухова радио орқали тинглаган ҳар бир мусиқий намунани қунт билан ўзлаштирар, машҳур хонандалар услубида ижро этишга ҳаракат қиларди. Фотима Борухованинг бу ҳаракатлари ижроларида намоён бўла бошлайди ва у хонандалик касбини эгаллашга аҳд қилади. У ўша даврдаги раҳбарият тавсияси билан 1940-1942 йилларда Москва консерваторияси қошида ташкил этилган ўзбек опера студиясига ўқишга юборилади. Бу даргоҳда у академик хонандалик сирларини ўзлаштиради. Жаҳон классик мусиқаси намояндаларининг асарларини ўрганиб ўз юртига қайтади.

1942-1944 йилларда Йўлдош Охунбобоев номидаги Андижон мусиқали драма театри артисти бўлиб ишлай бошлайди. Москвада ўрганган хонандалик сабоқларини энди театр саҳнасида намойиш этади. Шу даврда энг оммалашган «Қурбон Умаров», «Гулсара», «Тоҳир ва Зуҳра» мусиқали драмаларида бир қатор ролларни маҳорат билан ижро этади. Лекин, унинг ижрочилик услуби кўпроқ академик ижрога мойиллиги сабабли 1945 йилдан бошлаб пойтахтдаги Алишер Навоий номидаги Катта Давлат академик опера ва балет театрида ижодий фаолиятини давом эттиради. Фотима Борухова академик ва анъанавий ижро услубларини яхши билгани ушбу даргоҳда самарали меҳнат қилишига замин бўлади. У ўзига хос овози, бетакрор ижроси билан жамоа орасида ҳурмат қозонди, устоз даражасида 1957 йилгача фаолият олиб борди.

Фотима Борухова шу йиллар давомида жуда кўплаб мусиқали драмаларда образлар яратди. Бу роллари орқали жуда кўплаб мухлислар қалбидан жой олди. Жумладан, Т.Жалилов, К.Яшиннинг «Ойхон»ида Ойхон, «Фарҳод ва Ширин»да Ширин, Ш.Хуршид, Т.Жалиловларнинг «Зебинисо»сида Зебинисо; М.Ашрафий, С.Н.Василенколарнинг «Бўрон» операсида Зебинисо; Т.Содиқов, Р.М.Глиерларнинг «Лайли ва Мажнун»ида Лайли; Н.Погодин, Ҳ.Олимжонларнинг «Ўзбекистон қиличи»да Сора; П.И.Чайковскийнинг «Пиковая дама»сида Полина (1947 йил); М.Ашрафий, С.Василенколарнинг «Бахт водийси»да Она; У.Ҳожибековнинг «Кўр ўғли»да Она (1950 йил); Т.Жалилов, Б.В.Бровцинларнинг «Тоҳир ва Зуҳра»сида Юлдуз, А.Спандиаровнинг «Олмос»ида Фолбин (1953 йил) каби образлар Ф.Борухованинг кўп йиллик ижодий меҳнати маҳсулларидир. 

Фотима Борухова опера билан биргаликда классик қўшиқларни, мумтоз ашулаларни маромига етказиб ижро этган. Жуда кўплаб мумтоз мусиқий намуналарни устозларидан ўрганиб магнит тасмаларига ёзган. «Меҳнат аҳли» (Ҳалима Носирова билан биргаликда), «Каналим», «Чаман ичра», «Ёлғиз», «Кўрмадим», «Самарқанд Ушшоғи», «Тошкент Ироғи», «Эй чеҳраси тобоним» каби ашулалар шулар жумласидандир. Кучли ва баланд овоз соҳибасининг хизматлари муносиб тақдирланиб, унга 1950 йилда Ўзбекистон ССР халқ артисти унвони берилган. 

 

КОММУНА ИСМОИЛОВА



Коммуна Исмоилова Хоразм вилоятининг кўҳна ва навқирон Хива шаҳрида 1927 йил 15 декабрда хизматчи оиласида дунёга келади. Коммуна жуда ёшлигидан санъатга қизиқди. 1934-1935 йилларда ўз замонасининг таниқли санъаткорлари Тамарахоним, Охунжон қизиқ, Пўлатжон Раҳимовлар Хоразм вилояти театрида фаолият кўрсатар эдилар. Ёш Коммуна тез-тез ушбу театрга борар ва санъаткорларга қўшилиб оммавий саҳналарда чиқар эди. 

Коммунанинг овози табиатан ёқимли эди. Шу боис у ёшлигидан жуда чиройли куйлар эди. Кунларнинг бирида устозлар Коммунанинг овозига беихтиёр эътибор бериб, маҳлиё бўлиб қолдилар. Устозлар Коммунадаги истеъдодни баҳолаб, унинг келажаги порлоқ деган тўхтамга келдилар. Қиз Тошкентга бориши, зарур мусиқа саводини олиши кераклиги ҳақида келишиб олинади. Коммунани ота-онасидан рухсат олиб, Тошкентга олиб келишади. Бу инсон бетакрор созанда, устоз, бастакор, санъат арбоби Фахриддин Содиқов эдилар. Фахриддин Содиқов Коммуна Исмоиловадаги истеъдодни кўриб бу қизнинг чинакам санъаткор бўлиб етишишига кўзи етди ва бу йўлда ўзининг беминнат меҳнатини аямади. Бастакор яратган қўшиқлар, улар ижросида маромига етарди. Бу қўшиқлар Коммуна Исмоиловани Ўзбекистонга ҳуш овозли хонанда сифатида танитди.

1957 йили уни ўзбек радиосига яккахон хонанда сифатида ишга олишади. Бу эса унга қўшиқ-ашулаларини доимий тарзда тингловчиларга етказиш, магнит тасмаларига ёзиш, ижодкорлар билан доимий тарзда ҳамкорликда бўлиш учун катта имконият эди. С.Жалил, Ҳ.Раҳимов, Б.Гиенко, Ф.Назаров, В.Зудов, Х.Изомов, Д.Зокиров каби композиторлар, Т.Жалилов, Ф.Содиқов, К.Жабборов, С.Ҳайитбоев, Н.Ҳасанов, Ғ.Тошматовдек бастакорлар билан ҳамкорлик қилади. Ижро репертуарини эса профессионал мусиқа намуналари билан бойитади. «Табриклайман» (Н.Ҳасанов, Р.Қосимхўжаева), «Гулнора» (К.Отаниёзов, А.Бобожонов), «Ойшахон» (Д.Зокиров, А.Пўлат), «Хаёлим сенда» (Ҳ.Раҳимов. Т.Тўла), «Оқ олтин карвон-карвон» (Ф.Содиқов, З.Обидов), «Ёшлик чоғимда» (С.Жалил, Ҳ.Олимжон), «Ўйлама» (К.Отаниёзов, А.Бобожонов) каби мусиқий намуналар шулар жумласидан.

У 1959 йилдан Ўзбекистон Телерадиосидаги Мақомчилар ансамблига ишга ўтади. Ю.Ражабий, Ф.Содиқов, О.Имомхўжаев, Б.Давидова, М.Дадабоева, К.Мўминов, У.Отаев, И.Тўраев, О.Алимахсумов, С.Аминов, О.Отахонов, Ш.Эргашевлар билан кўп йиллар бирга ишлашади. Шу йиллар мобайнида Коммуна Исмоилова жуда кўплаб мақомлар, халқ бастакорлари яратган қўшиқларни магнит тасмасига ёзишга муваффақ бўлди. «Қиз қўшиғи» (А.Пўлат шеъри, Ф.Содиқов мусиқаси), «Эй чеҳраси тобоним» (Муқимий сўзи, Ф.Содиқов мусиқаси), «Чаман ичра» (халқ сўзи ва мусиқаси), «Диёримсан» (А.Пўлат шеъри, Ғ.Тошматов мусиқаси), «Токай» (Увайсий ғазали, К.Жабборов мусиқаси), «Чапандози Савти Наво» (Нодира ғазали, Ю.Ражабий мусиқаси) шулар жумласидандир.

Ўзбек халқ мусиқа ижрочилигида ўзига хос ижро услубига эга бўлган, Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор хонанда, ажойиб устоз Коммуна Исмоилова замонамизнинг атоқли ва ҳурматли санъаткорларидан биридир. Ўз умрини санъатимиз равнақига бағишлаган устоз, халқимиз маънавияти ва руҳиятига хос энг асл қўшиқ ва ашулаларни тақдим этишга муяссар бўлиб, элга хизмат қилиб келмоқдалар. Бир неча йиллардан бери устоз санъаткор Коммуна Исмоилова М.Уйғур номидаги Тошкент санъат институти ҳамда Тошкент маданият коллежида ёш талаба ва ўқувчиларга хонандалик сирларидан сабоқ бериб келмоқдалар.


БЕРТА ДАВИДОВА


Берта Давидова 1922 йилнинг декабр ойида Марғилон шаҳрида Давид ота хонадонида таваллуд топган. Отаси дуторда жуда яхши куйлар чалар эди. Айниқса дуторда чалган «Тўрғай» халқ куйи ёш Бертага жуда ёқар эди. Бертанинг ёшлиги ана шундай санъатсевар хонадонда ўтди.

1935 йилда 13 ёшида Тошкент тиббиёт техникумига ўқишга киради. 1941 йили II жаҳон уруши бошланганда ҳарбий госпиталда ҳамшира бўлиб ишлайди. Кунларнинг бирида бу ерга Мақом ансамбли концерт беришга келади ҳамда мусиқа намуналаридан ижро этиб ярадорларга концерт берди. Ёшлигидан қўшиқлар айтиб юрган Берта мақомчиларга қўшилиб ярадорларга қўшиқ айтиб берди. Шунда ансамблдагилар ҳайратда қолади ва ансамблда ишлашга таклиф қиладилар. Айниқса, Имомжон Икромов жонкуярлик қилади ва Берта Давидова 1943 йилдан 1987 йилгача, 44 йил мобайнида Ўзбекистон давлат телерадиоси қошидаги Мақомчилар ансамблида фаолият кўрсатади. 200 дан ортиқ мақом намуналарини, мақом йўлидаги халқ ашулаларини, бастакорлар яратган қўшиқларни магнит тасмасига ёзишга муваффақ бўлади. 1979-1980 йиллардан бошлаб талабаларга мумтоз мусиқамизнинг ижрочилик сирларини ўргата бошлайди.

Берта Давидова мақом ижрочилиги санъатида ўзига хос ижро талқинини топган бахтли санъаткорлардан бири эди. Берта опанинг мулойим ва бетакрор сайқаллар занжири билан ифодаловчи талқини ҳар қандай хонандани ўзига ром этади. Шу боис бўлса керак, Берта Давидованинг ижрочилик усули аёл хонандалари амалиётида ўрнак сифатида доимо аҳамиятли бўлиб келган. Айниқса мумтоз мусиқа намуналаридан «Муножот» Берта Давидова ижросида меъёрига етказиб ижро этилганини яхши биламиз.

Берта Давидованинг қилган меҳнатларини тақдирлаб ҳукуматимиз унга Ўзбекистон халқ артисти унвонини берди. Бу унвонни Берта опа сидқидилдан қилган меҳнати орқали оқлади. Берта Давидова ижро этган ашулалар намуналари қайта ишланган. «Муножот» (Навоий ғазали, И.Икромов мусиқаси), «Гул очилур» (А.Бобожон шеъри, Ф.Содиқов мусиқаси), «Боғбон қизиман» (халқ сўзи, Н.Ҳасанов мусиқаси), «Араз» (Мунис Хоразмий ғазали, халқ куйи), «Билмадинг» (А.Миркаримов сўзи, М.Бафоев мусиқаси), «Сарахбори Оромижон» (Навоий ғазали), «Таронаи Баёт» (Навоий ғазали), «Уфори ироқ» (Огаҳий ғазали), «Танаввор II» (Муқимий шеъри, халқ мусиқаси), «Уфори ушшоқ» (Навоий ғазали), «Дугоҳ» (С.Абдулло сўзи, халқ мусиқаси) «Қўзғолур» (Ҳабибий ғазали, халқ куйи) кабиларни санаб ўтиш мумкин.

 

 

ЗАЙНАБ ПОЛВОНОВА



Зайнаб Полвонова 1918 йилда Қўқон шаҳрида қассоб оиласида туғилган.

Унинг онаси ҳам, отаси ҳам санъаткор бўлмасаларда, қўшиқ шайдоси, санъатсевар инсонлар бўлган. Зайнаб Полвонова ёшлигиданоқ мумтоз мусиқа намуналарига иштиёқи баланд эди. Айниқса «Самарқанд Ушшоғи» ашуласини ўрганишга болалигидан ҳаракат қиларди. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг тиббиёт техникумига ўқишга киради. Ўқиш давомида у сабоқ олиш билан бирга қўшиқ ва ашулаларни куйлаш билан ҳам машғул бўлади. 1939 йилда унинг ашулачилик фаолияти – Избоскан туманида илк бора «Колхоз-совхоз» номи билан тузилган мусиқали театрида бошланди. Бу даргоҳ унинг ҳаётидаги катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Чунки Зайнаб Полвонова учун театрдаги илк фаолияти катта санъат мактаби бўлади. У бу ерда санъат соҳасидаги илк қарашларини, саҳна сирларини, устоз сабоғини олди.

Зайнаб Полвонова театрда кўп роллар ижро этишга муяссар бўлди. Ижро этган роллари, яратган образлари унинг фаолиятида жуда катта аҳамият касб этади. У «Гулсара»да Ойсара, «Аршин мол-олан»да Жаҳон хола, «Ҳалима»да Руқия опа каби ўнлаб ролларни ижро этади. Шундан сўнг унинг театр соҳасидаги фаолияти анча оммалашади. Уни Андижон ва Қўқон театрларида ҳам хонанда сифатида ишлашга таклиф этишади. Шундан сўнг Зайнаб Полвонова бошқа вилоятлар театрларида ҳам фаолият олиб бора бошлайди. Қўшиқчилик фаолиятини «халқ лапарлари» билан бошлаган Зайнаб Полвонова кейинчалик ўз репертуарини «Гулбарги», «Меҳнат аҳли», «Самарқанд Ушшоғи», «Ҳануз», «Феруз», «Талқини Баёт» каби мумтоз ашулалар билан бойитади.

1950-йилларда Зайнаб Полвонова ўз фаолиятини Ўзбекистон радиосида давом эттиради. Ўзбек халқ чолғулари оркестрида яккахон хонанда бўлиб ишлайди. Халқ мусиқа намуналари билан биргаликда у ўзбек бастакорларининг асарларини меъёрига етказиб ижро этади. Жумладан у Дони Зокировнинг Навоий ғазалига ёзган «Кўрмадим», Ю.Ражабий мусиқаси билан «Гулбарги», Ф.Содиқовнинг «Тўёна», Н.Ҳасановнинг «Офарин», Тўхтасин Жалиловнинг «Азиз Ватаним» қўшиқларини ўрганади ва жуда катта маҳорат билан ижро этади. Шунингдек, ўзбек композиторларидан С.Юдаков ижодига мансуб қўшиқларни ҳам куйлайди. 

Қайд этиш лозимки, Зайнаб Полвонова ўтмишдан халқ анъанасида қўлланиб келинган ижро услуби асосида фаолият олиб борган. У республиканинг шаҳар ва қишлоқларида берилган концертларда ўзи дойра чалиб, қўшиқ айтар эди. Бундай амалий концертлар, учрашувлар унинг номи халқ орасида улуғланишига асос бўлади. 

Зайнаб Полвонова Маъмуржон Узоқов, Габриэл ва Михаил Муллақандов сингари машҳур ҳофизларнинг ижрочилик йўлларини қунт билан ўзлаштириб, ўзининг ижрочилик фаолиятида кенг қўллаган хонанда эди.

У санъат оламига вулқондек отилиб кириб, ўзининг қайтарилмас бахмал овози билан шинавандалар қалбида бетакрор овоз ҳайкалини яратиб кетган. Унинг ижросида ўзига хос жозиба, фақат Зайнаб Полвоновага хос бўлган бетакрор талқин мавжуд эди. Унинг ижрочилик услуби анъанавий мусиқа ижрочилиги анъаналарини ўзлаштиришда ёш хонандалар учун ўзига хос мактабдир.
 

МАВЛУДА АЪЗАМОВА



Мавлуда Аъзамова 1913 йилда Тошкентда зиёли оиласида таваллуд топган. Ўн ёшга кирганда ота-онасидан етим қолган ва болалар уйида тарбияланган. Ўша пайтларда «Кўк кўйлак» гуруҳи ном қозонган пайт эди. Ёш Мавлуда Аъзамова ўша гуруҳга қатнашиб аста-секин санъат даргоҳига кириб келди. У тўгаракларга қатнашиши билан бирга янги ташкил қилинган «Намуна» мактабида Шоҳидахон Маъзумова билан бирга ўқишни давом эттирган. Кейинчалик бу мактаб Нодира номи билан юритилган. Мактабда ўқиб юришган вақтларида кўплаб тадбирларда, байрам концертларида мунтазам қатнашиб келишган. 

Ёш Мавлудадаги иқтидорни сезган Имомжон Икромов унга хонандаликдан устозлик қила бошлайди. У халқ театрида Зийнат Фатхулиннинг «Ғунчалар» пьесасида Гулнор образини яратади ва уни муваффақият билан ижро этади. Қайд этиш лозимки Мавлуда Аъзамова биринчилар қаторида аёл образини саҳнада яратиб ўйнаган санъаткор бўлиб тарихда қолди. У пайтларда халқ орасида санъатга қарашлар бошқача бўлган. Шунинг учун айниқса қизлар, аёллар театрда жуда кам бўлган. Аёл образлари эса эркаклар томонидан ўйналган. 

Мавлуда Аъзамова 1943 йили радио қошидаги ўзбек халқ ансамблига ишга келади ва бу ерда устозларининг саъйи ҳаракатлари билан ашулани дутор жўрлигида, ўзи чалиб айтишини ўргана бошлайди. Бу ҳаракатлари унга жуда катта муваффақият олиб келди. Айниқса уруш йиллари Мавлуда Аъзамова айтган «Офарин», «Йигитлар», «Муножот», «Истадим», «Дилоромимни соғиндим», «Чўли Ироқ» ашулалари унинг ижоди гуллаб яшнашида биринчи босқич бўлди.

1951 йили Мавлуда Аъзамованинг хизматлари муносиб тақдирланиб, унга ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист унвони берилди.

Мавлуда Аъзамова ўз халқига сидқидилдан хизмат қилган фидоий санъаткор эди.

Мавлуда Аъзамова юрагида ўти бор, шиддатли, услуби қайтарилмас, ўз йўлига эга қўшиқчи бўлган. Мавлуда Аъзамова қўшиқчилик санъатида барҳаёт сиймо бўлиб, абадий қолади.

 

МУКАРРАММА АЗИЗОВА



Мукаррамма Азизова 1913 йили Наманганлик кулол Азиз Фозилов оиласида дунёга келди. Унинг ёқимли овоз соҳибаси эканлиги ўрта мактабда ўқиб юрган кезларида маълум эди. Бўлажак хонанданинг ёқимли, ширали овози айниқса мусиқа тўгараги раҳбари Рафиқ Мўминовнинг эътиборини жалб қилди.

Ёш Мукаррамма 7 йиллик мактабни тугатиб, ўқитувчилар тайёрлаш курсида ўқийди ва бошланғич синфларга дарс бера бошлайди. Шу пайтда ҳам у ўз ўқувчилари билан бирга мактаб мусиқа тўгарагига қатнашиб юрарди. 1928 йили Наманганга Москвадан ўзбек студияси учун ўқувчи ёшларни қабул қилувчи махсус комиссия келади ва ёш Мукарраммани студияга ўқишга таклиф қилишади. 

У Москвада консерватория қошидаги ўзбек студиясида Миронов каби тажрибали санъаткорлардан мусиқа билимидан тарбия олади. Унинг театр саҳнасидаги илк қадамлари айнан Москвада бошланади. У курсдошлари билан бирга Москвадаги театрда қўйиладиган спектаклларнинг оммавий саҳналарида қатнашади. 

Озгина бўлсада саҳна ҳаётини кўрган Мукаррамма Азизова Ўзбекистонга қайтгач дастлаб Андижон театрида, сўнгра эса, 1931 йили Наманган театрида иш фаолиятини бошлайди. Унинг ҳаёти ҳам, ижоди ҳам театр билан боғланиб қолади. Тез орада у театрда ўндан ортиқ қаҳрамонлар образларини яратади ва кўплаб турли характердаги образларда бош ролни ижро этади. Мусиқий драмалардан «Нурхон»да Нурхон, «Гулсара» (К.Яшин Т.Содиқов Р.Глиэр)да Гулсара, «Фарход ва Ширин» (Хуршид В.Успенский, Г.Мушел)да Ширин образларини талқин этди. Драматик спектакллардан А.Қаҳҳорнинг «Шоҳи сўзана»сида Хафиза, С.Раҳмоновнинг «Юрак сирлари»да Санобар, Н.Гогольнинг «Уйланиш» спектаклидаги Анна Андреевна шулар жумласидандир. Мукаррамма аста-секин хонандалик сирларини ўзлаштириб, амалиётда қўллай бошлайди.

Мукаррама Азизова ўзининг бетакрор овози, жозибали ва пурмаъно ижроси, санъат даргоҳидаги обрў-эътибори билан бора-бора «Наманган булбули» номига сазовор бўлди. Унинг ижросидаги «Дуторим», «Алла», «Бўстон этиб кет», «Кўзим» каби қўшиқлар, «Ироқ», «Чоргоҳ», «Сегоҳ», «Ушшоқ» каби ўнлаб мумтоз ашулалар тингловчилар қалбида катта таассурот қолдирди.

Мусиқий санъатимиз ҳаётида Мукаррамма Азизованинг маҳоратли ашулачи ва драматик актриса сифатида ҳурмат билан ёдга оладилар. Унинг ўзбек санъати ривожи учун меҳнатлари қадрланиб, 1955 йилда унга Ўзбекистон ССР халқ артисти унвони берилади.
Категория: Мои файлы | Добавил: кимсан
Просмотров: 2296 | Загрузок: 0 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz