Среда, 22.11.2017, 10:04
Приветствую Вас Гость | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Мои файлы [8]
Наш опрос
Қайси нашрни танлайсиз?
Всего ответов: 537
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » Файлы » Мои файлы

Владимир Висоцкий ҳақида бирон маълумот борми?
07.04.2014, 09:30

Владимир Висоцкий ҳақида бирон маълумот борми?

          Алишер, Қизилўрда.

ТАН ОЛИНМАГАН ЮЛДУЗ

88ce7d7da5e5ba33-mainБугун Владимир Висоцкий ҳа­қида суҳбатлашамиз. У ҳаёт бўл­ганида шу кунларда 75 ёшга кирган бў­ларди. Висоцкийлар насаби Белоруссиянинг Брест  вилоятидаги Висоцкий шаҳарчасига бориб тақала­ди. Висоцкийнинг отаси ҳарбий алоқачи Семён Владимирович (1915-1996) Киевда туғилган. Онаси Нина Максимовна (1912-2003) немис тили таржимони бўлган.

Болалиги

Владимир Висоцкий 1938 йил 25 январь куни Москвада туғилди. Болалиги коммунал уйда ўтган Висоцкий хотирлайди: «38 хонадон ва битта ҳожатхона».

1947 йилда ота-оналари ажрашгач, хизматга юборилган отаси ва ўгай онаси Евгения билан Германиянинг Эберсвальд шаҳрида икки йил яшади ва ўша ерда пианино чалишни ўрганди.

1955 йилда мактабни тугатган Висоцкий Москва инженерлик қурилиш институтининг механика факультетига ўқишга кирди ва у ерда бир семестргина ўқиди.

Ёшлиги

1956-1960 йилларда Висоцкий МХАТнинг актёрлик мактаби талабаси бўлди. 1959 йил «Жиноят ва жазо» номли талабалар спектаклида биринчи ролини ижро этди. Ўша йили кинода ҳам тушди («Тенгдошлар»да эпизодик роль).

Қўшиқлари

Висоцкийнинг дастлабки қў­шиқлари 1960 йилда пайдо бўлган («Татуировка»). Айнан Висоцкий қўшиқлари билан санъатда «Блатной қўшиқлар», яъни «Ўғриларнинг қўшиқлари» жанри пайдо бўл­ган. Шундан кейин театр ва кинода роллар ижро этса-да, шеър ёзиб, қўшиқ қилиб куйлаш, асосан, битта гитара воситасида куйлаш, «Монолог-концерт»лар бериш Висоцкийнинг ҳаётдаги асосий ишига айланди.

1964 йилда Владимир Висоцкий Юрий Любимовнинг комедия театрига ишга олинди ва умрининг охиригача шу театрда ишлади.

Ўша йили биринчи марта Висоцкий кинофильмлар учун қўшиқлар ёзди.

1967 йил Висоцкий келиб чиқиши руслардан бўлган француз актрисаси Марина Влади билан танишди ва 1970 йилда Марина Висоцкийнинг учинчи хотинига айланди, у билан умрининг охиригача яшади.

1968 йилда Висоцкийнинг 1- пластинкаси сотувга чиқади.

1969 йилда биринчи марта ўлим хавфи Висоцкийнинг ҳаётига чанг солади. Врачлар 18 соат давомида  Ви­соц­кийнинг ҳаётини сақлаб қо­лиш учун курашадилар.

1971 йилда Таганкада «Гамлет» спектакли намойиши бўлади ва Висоцкий ўзига машҳурлик келтирган Гамлет ролини ижро этади. 1972 йилда Эстония телевидениесида, «Таганкадан келган йигитча» кўрсатувида Висоцкий биринчи марта совет телеэкранида пайдо бўлади.

1978 йилда собиқ Иттифоқ Маданият вазирлигининг буйруғи билан Висоцкийга «Олий тоифали эстрада қўшиқчиси» мақоми берилади.

Висоцкий собиқ Иттифоқ республикалари ва чет элларда мингдан ортиқ концертлар берди. Ҳатто АҚШда ҳам.

Сўнгги кунлари

Владимир Висоцкий ноҳақликлар ичра яшаб, ижод қилди. Уни ишга олишмас, роль беришмас, энг ёмони, қўшиқларини чиқаришмас, чет элга чиққани рухсат беришмас, кўп танқид қилишар, хуллас, эркин ижод қилгани қўйишмас эди. Бир қанча фильмларда у ролга тасдиқланар, аммо «тепа»дан уни олиб ташлашарди. Булар санъат­корга салбий таъсир этмай қолмасди. Тушкунлик чоғларда Ви­соцкий ичкиликка берилди. Бунинг оқибатида эса баъзан буйраги, баъзан юраги «ушлаб қоладиган» Висоцкийни ҳаётга қайтариш учун шифокорлар наркотикларни қўллашарди. Шундай қилиб, Висоцкийнинг ҳаётида етмишинчи йилларнинг охирига келиб, ароқнинг ўр­нини морфий эгаллади ва унинг дозалари ҳам ортиб борди. Врачлар ана шундан ўлим топиши мумкинлигини айтишди.

Марина Влади Висоцкийни даволатиш учун кўп уринди, афсуски, самараси бўлмади. Висоцкий 1979 йилнинг 25 июлида Бухорода, саҳнада «ўлиб қолди». Тўғридан-тўғри юрагига қилинган укол шарофати билан «тирилди».

1980 йил 16 апрелда Висоцкий концертларини сўнгги марта тасвирга олишган. Бу концерт Ленинградда бўлган ва унда Висоцкий ўзининг машҳур «Асов отлар», «Гумбазлар», «Бўрилар ови» каби қўшиқларини ижро этган ва ўз ижоди ҳақида ҳикоя қилган.

1980 йил 2 июнда Калининграддаги сўнгги концертларидан бирида саҳнада аҳволи ёмонлашган. 3 июлда Москва вилоятидаги концертда аҳволи яхши бўлмаган, аммо бир ярим соат ўрнига икки соат концерт берган.

14 июлда сўнгги қўшиқларидан бири «Менинг қайғум, менинг соғинчим»ни куйлаган.

18 июлда ўзининг севимли роли Гамлетни сўнгги бор ўйнаган.

25 июль куни ўзининг Москвадаги уйида, уйқусида бу дунёни тарк этган.

Ёнида, ўша, Бухорода юрагига укол қилган дўсти, шахсий врачи Анатолий Федотов бўлган. Ўша куни Висоцкий дарддан қат­тиқ азоб чеккан ва охирги сўзини онасига телефонда айтган: «Онажон, бугун мен ўламан!»

Уйқу дори билан зўрға ухлаган ва … тонгга яқин юраги тўхтаган.

Москвада

Бу кунларда Ёзги Олимпиада ўйинлари бўлаётган эди. Владимир Висоцкийдек машҳур санъаткорнинг вафоти тўғрисида тузук-қуруқ хабар ҳам берилмади. «Вечерняя Москва» унинг ўлганини ва қачон дафн қилинишини ёзди, «Со­ветская культура» кичик некролог берди. Бўлди. На матбуот, на радио, на телевидение Висоцкий ҳақида «миқ» этмади.

Висоцкий ишлаган театр кассаси устига битта эълон ёзиб қўйилди:«Актёр Владимир Висоцкий вафот этди».

Аммо Таганкадаги театр майдони бир неча кун давомида одамлар билан лиқ тўлди. Дафн маросими куни яқин-атрофдаги бинолар томларигача одамга тўлиб кетди. Бир маълумот: Ўша кунлари учун сотилган бирорта билет қайтариб топширилмаган, одамлар уни табаррук нарса сифатида ўзларида олиб қолишган.

28 июль куни Владимир Семёнович Висоцкий Ваганковский қабристонига дафн этилди. Висоцкийни бутун Москва кўмди. Олимпиада бўлаётган стадионлар ҳувиллаб қолди. «Қиролларнинг, шаҳзодаларнинг дафн маросимини кўрганман, аммо бунақасини кўрмаганман», деб айтган эди Марина Влади қабристонга бораётиб.

Ҳукумат эса Висоцкий вафотидан телбаларча қутурди. Уни  «ими-жими»да кўмиб юбориш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Москва ўша кунлари ёпиқ шаҳар эди, Олимпиада бўлаётганди. Висоцкий билан видолашиш истагидаги одамлар оқими эса, … Кремл­дан бошланган эди. Кремль олдидан тобутни олиб ўтишни ўзларига шармандалик деб билган ҳукумат аъзолари усталик билан тобутни туннел орқали жўнатиб юборишади. Театрга илинган Висоцкий порт­ретларини уриб синдиришади. Минглаб одамлар ушлаб турган гулларни кўриб, нафратланган ҳукумат вакиллари кўчаларга сув сепадиган машиналарни олиб келишиб, одамларни сув билан ҳайдамоқчи бўлишади.

- Фашистлар! Фашистлар!

Бу ҳайқириқлар тасвирга олинган кадрларни бутун дунё кўрди.

Шеърлари, қўшиқлари

Висоцкий 100 дан ортиқ шеърлар, 600 га яқин қўшиқлар, болалар учун поэма ҳам ёзди.

Кўпгина қўшиқлари фильмлар учун ёзилди. Аммо кўплари «тепадагилар»нинг антипатияси туфайли фильмларга кирмай қолди.

Висоцкий куйга солмаган мавзуни қидириб топиш мушкул. «Ўғрилар»нинг қўшиқларидан тортиб, лирик қўшиқларгача, сиёсий қў­шиқлардан тортиб, ҳажвий қў­шиқларгача куйлаган санъаткор ҳатто эртак-қўшиқлар ҳам куйлаган. Унинг асосий қўшиқлари «Қў­шиқ-монолог»лар эди. Аммо у бир актёр ижросига мўлжалланган «Телевизор олдидаги диалог» каби «Қўшиқ-спектакллар» ҳам ёзган.

Висоцкий кундалик ташвишлар ҳақида, уруш мавзусида, ишчилар, халқлар тақдири ҳақида ёниб куйлади. Бу унга мисли кўрилмаган машҳурлик олиб келди. Ундаги са­мимий ва оташин «Мен» одамларда буюк бир ишончни уйғотди. Одамлар Висоцкий айтаётган ҳар бир қўшиқни унинг ўз ҳаётида содир бўлган воқеа деб ишонишди.

Висоцкийга машҳурлик олиб келган қўшиқлар асосан, унинг «Асов отлар», «Жаннат олмалари» каби кучаниб, хириллаб айтган қўшиқларидир. Саксонинчи йилларда хириллаб айтишни орзу қил­­ган тақлидчилар шунчалар кўпайиб кетган эдики, уларнинг кўпини ҳақиқий Владимир Ви­соцкийдан ажратиш қийин бўлиб қолган эди. Висоцкийдек хириллаш учун атайлаб шамоллаган қў­шиқчилар ҳам топилар эди.

Висоцкий ижросидаги яна бир ўзига хослик. Висоцкий унлиларнигина эмас, ундош ҳарфларни ҳам чўза оларди. Чўзганда ҳам этларни жунжиктириб чўзарди.

Яна бир ўзига хослиги. Висоцкий атайлаб жўрланмаган гитара билан қўшиқ айтарди. «Гитара гувиллаб туриши керак», дерди у.

Насрий асарлари

Висоцкий 1968 йилда «Уйқусиз ҳаёт» ҳикоясини, 1969 йилда «Шунақа бўлиб қолди» деган асарини ёзганди. 1975 йилда «Марказ қаерда?» сценарийсини, 1977 йилда «Қизлар ҳақида роман»ни ёзган эди. Роман тугатилмаган. 1979 йилда Э. Володарский билан «Ве­на таътиллари» киноқиссасини ёз­ган. «Қора шам» асарининг иккинчи қисми муаллифдош Л.Мочинский томонидан ёзилган.

Кино

Висоцкий 30 дан ортиқ фильмда суратга тушди. Кўпроқ фильмларда унинг қўшиқлари янгради. У жуда кўп фильмларда қолган бў­ларди, афсуски тасдиқланган ролларини ҳам ўйнай олмади, «тепа» йўл бермади.

Висоцкий биргина мульт­фильм­да овоз берган – «Зумрад шаҳар сеҳргари». Машҳур «Сеними, шошмай тур!» мультфильмидаги Бўри ҳам Висоцкийнинг «бў­риёна» овози билан тарихда қолган бўларди, афсус, яна «тепа»…

- Висоцкийдан бошқа актёр йўқ­ми, шундай катта СССРда?! — деб ўшқирарди «тепа» режиссёрларга.

Висоцкийнинг биринчи режиссёрлик иши бўлиши керак бўлган «Яшил фургон»нинг сценарийси ҳам унинг ҳаммуаллифлигида ёзилган.

1975 йилда ишланган «Бурж белгилари» реклама фильми муаллифи ҳам Висоцкий эди. Барча буржлар ҳақидаги қўшиқларни Висоцкий ёзган ва ижро қилган эди. Айнан шунинг учун ҳам ғаши келган «тепа» бу фильмни бошида қабул қилмаган.

Кинодаги машҳур роллари капитан Жеглов («Учрашув жойини ўзгартириш мумкин эмас»), Максим («Қисқа учрашувлар»), Володя («Вертикал»), Брусенцов («Икки ўртоқ хизматда») ва бошқалар.

(Пластинкалари

Висоцкий ҳаётлигида 7 тагина кичик пластинка чиққан ва уларга санъаткорнинг 4 тадан ортиқ қўшиғи сиғмаган. Вафотидан кейин «Висоцкий концертларида» туркумига кирувчи 21 та катта пластинкадан ташкил топган улкан хазина ёзиб чиқарилди ва миллионлаб нусхада сотилиб кетди.

2000 йилда «New Sound» компанияси 22 та компакт дискда Ви­соцкийнинг «таъмирланган» қўшиқларини сотувга чиқарди. Ундаги қў­шиқларда муаллифнинг овози билан мусиқага жўр бўлган жойлари олиб ташланиб, замонавий оранжировкалар сингдирилди. Бу тажриба ёзувларнинг софлиги билан кўпларни хурсанд қилган бўлса-да, Ви­соцкийнинг ашаддий мухлисларини ранжитди. Уларга «бегона» унсурлар ёқмади.

Францияда Висоцкийнинг 14 та, АҚШ да 19 та, Финляндида 1 та, Германияда 4 та, Болгарияда 6 та, Японияда  4 та,  Кореяда 2 та пластинкаси сотувга чиққан.

Машиналари

Висоцкий машинани тез ҳайдашни севар, кўпинча соатига 200 км. тезликда ҳайдар эди. Шунинг учун кўп авария қилар эди ҳам. Висоцкийнинг биринчи машинаси 1967 йилда сотиб олган кулранг «Волга ГАЗ-21» эди, узоққа бормади, Висоцкий унинг пачоғини чиқарди.

Висоцкий 1971 йилда СССРда биринчилардан бўлиб, «ВАЗ-2101» сотиб олди ва бир неча мартагина ҳайдалган машина «адо» бўлди.

Марина Влади Висоцкийга Париждан «Рено» олиб келди. Висоцкий эса уни ўша куниёқ олиб бориб, автобусга солди. Тузатишиб, шу машинада Москвадан Парижгача сайр қилишган Висоцкий ва Влади уни Парижда сотиб юборишди.

1974 йил Висоцкий концерт билан Германияга борди ва у ердан 2 та BMW машиналарини олиб келди, кулранг ва жигарранг. Жигарранги ўғирлаб сотилган экан. Интерпол ушлаб, Германияга қайтарди.

1976 йилда Висоцкийда биринчи «Мерседес» пайдо бўлди. Бу собиқ Иттифоқда биринчи бўлиб қайд қилинган «Мерседес» эди. Иккинчиси… Брежневда эди.

Марина Влади эри учун Франциядан ўн йилда ўнта машина олиб келди. Аммо ўша вақтнинг қоидасига кўра, йил охирида у машиналар мамлакатдан чиқариб кетилиши шарт эди. Шунинг учун ҳам Висоцкий бу машиналарнинг ҳеч бирини бир йилдан ортиқ ҳайдамаган.

1979 йил охирида эса Висоцкий Германиядан икки кишилик «Мерседес» спорт машинасини олиб келди. Аммо Москвагача етиб келмади. Москва-Брест магистралида 200 км/соат тезликда келаётган машина йўлдан чиқиб кетиб, ариққа бориб тушди. Бу машинани Висоцкийнинг вафотидан кейин тузатишди. Аммо шу кўйи машинани устахонадан ҳеч ким олиб кетгани йўқ.

Китоблар

Висоцкийнинг юздан ортиқ китоблари миллиондан ортиқ нусхада чоп этилди. Висоцкийнинг энг машҳур қўшиқлари китобларга ном бўл­ди. Висоцкийнинг сайланмалари, тўла асарлар тўпламлари чоп этилди. Насрий асарлари алоҳида, наз­мий асарлари алоҳида, эртаклари, киноқиссалари алоҳида китоб бўлиб чиқди. Висоцкий уларнинг бирортасини кўрмади…

Ёд этиб…

Висоцкий яшаган ва ижод этган йил­лар­да тақиқлар анча кўп эди. Висоцкий ана шу тақиқланган мавзуларга «тегиниб» қўяр эди. Ҳа­қиқат­парвар ва қалбан ҳур бўлган Висоцкийни шунинг учун ҳам халқ севар эди. Чунки Висоцкий халқ дардини саҳнадан баралла айта олар эди. У халқ артисти эди. Аммо айнан шунинг учун ҳам ўша тақиқларни ўр­натган «зот»ларга ёқмасди.

2010 йилда ўтказилган «ХХ асрнинг энг машҳур рус кишиси» деган сўровномада Гагариндан кейин Висоцкий номи зикр қилинган. (Толстой, Солженицинлардан олдин.)

Висоцкийни том маънода ўлимидан кейин тан олишди. 1981 йилда илк асарлар тўплами чоп этилди. Катта пластинкалари чиқарилди. 1987 йилда эса унга Давлат мукофоти беришди. Жаҳондаги шаҳарларнинг 30 дан ортиқ кўчаси Владимир Висоцкий номи билан аталади.

Йигирмадан ортиқ чўққи ва қоя­лар, довонлар, дарёларнинг бошланиш жойлари, дара ва музликлар Висоцкий номи билан аталади. Ҳатто «Оловли Ер» архипелагидаги ясси тоғ Висоцкий номи билан номланган. Бир астероид «ВладВи­соцкий» деб номланган.

Бугунги кунда Висоцкий номида театрлар, кемалар, самолётлар, кафелар, ҳатто гладиолус тури ҳам мавжуд. Висоцкий номли бир неча турнирлар ўтказилади.

Екатеринбург шаҳридаги 200 метрли 54 қаватли осмонўпар бино ҳам Висоцкий номи билан аталади.

Висоцкийнинг бугун олтита музейи ишлаб турибди. Энг машҳури «Таганкадаги Висоцкий уйи».

Висоцкийга 20 дан ортиқ ҳайкаллар қўйилган. Шунча эсдалик лавҳалари ҳам бор. Чет элларда 4 та ҳайкал қўйилган.

Висоцкий шарафига 2 та ёдгорлик медали, 2 та жетон, 4  танга ишлаб чиқарилган. 2 таси чет элда.

2010 йилда «Кук ҳақида қўшиқ» айтган Висоцкий ҳурматига Кук очган Ниуэ  давлатида 2 $ лик танга ишлаб чиқарилди. Унда Владимир Висоцкий сурати ва мана бундай матн бор: «Ҳамонки, яшашга улгурмади, куйлашга улгурсин!»

Бугун Россия адабиётшунослиги, санъатшунослигида «Висоцкийшунослик» тушунчаси мавжуд. Унинг ижоди, фаолияти фан сифатида ўрганилади.

Висоцкий ҳақида ёзилаётган китобларни санаш қийин. Бугун у ҳақ­да, хотинлари, болалари, илмий изланиш олиб бораётган олимлар, дўстлари, душманлари ёзишмоқда.

1987 йилда Эльдар Рязанов «Владимир Висоцкий билан тўрт учрашув» фильмини суратга олди. Шундан кейин ўндан ортиқ фильмлар олинди, Висоцкий ҳақида.

2006 йилда Висоцкийнинг «Қора шам» романи асосида «Омадли» фильми суратга олинди.

Энг шов-шувли фильм эса ўғлининг сценарийси бўйича олинган «Тириклигинг учун раҳмат» бўлди.

Каримберди Тўрамурод

Категория: Мои файлы | Добавил: кимсан
Просмотров: 559 | Загрузок: 0 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2017Конструктор сайтов - uCoz